3-§.Ўзбекистон тарихини ўрганишнинг асосий манбалари
ва уни даврлаштириш
Ўтмишни ўрганишда тарихий манбалар ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Улар шартли равишда моддий ва ёзма манбаларга бўлинади. Моддий манбаларга меҳнат қуроллари, ҳарбий аслаҳалар, танга пул, уй-жой, қабр, идиш-товоқ, деворий тасвир, қалъа, шаҳар кабилар киради. Ўзбекистон тарихига тегишли моддий манба намуналари республикамиз музей ва кўргазмаларида ўз аксини топган. Қадимий Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Термиз, Тошкент, Марғилон каби шаҳарларнинг ўзи ҳақиқий тарихий маълумотлар манбаларидир. Улар ёзма маълумотлар бўлмаган ёки йўқотилган қадимий даврларни ўрганишда айниқса катта ёрдам беради.
Ёзма манбаларга тош, дарахт пўстлоғи, тери, суякларга ёзилган битиклар; китоб ва қўлёзмалар, давлат бошлиқлари, бошқарув органлари, сиёсий ва жамоат ташкилотларининг ҳужжатлари; турли мулкий муносабатлар акс эттирилган қоғозлар ва шу кабилар киради.
Республикамиз Конституцияси, умумий ва олий таълимга оид қонунлари, ҳукумат қарорлари ҳамда Ўзбекистон Президентининг фармонлари тингловчи ва талабалар учун асосий тарихий манба бўлиб хизмат қилади. Бу борада Биринчи Президент Ислом Каримовнинг асарларини алоҳида қайд этиш зарур. Уларда ўтмишни ўрганишнинг моҳияти ва методологияси, юксак маънавиятни шакллантириш, ўзликни англашнинг маънавий тараққиёт учун аҳамияти, тарихий, миллий қадриятлар, диний эътиқодларни тиклаш каби муаммолар баён этилган бўлиб, уларни билиш ва амалда қўллаш ўсиб келаётган ёш авлод учун ниҳоятда муҳим вазифадир. Бундан ташқари, улар ўтмишга ва бугунги кунимизга тааллуқли бой тарихий маълумотлар келтирилган манба ҳисобланади. Мисол тариқасида Ислом Каримовнинг тарихни ўрганишга оид баъзи ғояларини эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “Тарих бу бизларники, аччиқ бўлса ҳам, чучук бўлса ҳам, у биз учун ҳаётдан сабоқ ва хулосалар чиқариш учун хизмат қилади”9. “...Халқ босиб ўтган йўл ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йўқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади”10.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон кутубхоналарида тарихга ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларига бағишланган 25 мингдан ортиқ қўлёзма, 28 минг тошбосма нодир асарлар сақланади. Республикамиз кутубхоналарида тарихнинг турли жабҳалари ёритилган минглаб илмий, публицистик, бадий адабиётлар, даврий матбуот материаллари мавжуд бўлиб, ҳар ким уларни ўрганиш орқали Ўзбекистон тарихи ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши мумкин.
Тарихий тадқиқот учун ҳужжат, қўлёзма, адабиёт, санъат, бадиий ёки маданий ёдгорликлар манба бўлиши мумкин. Тарихчи ўтмишни ўрганишни ва тарихий воқеликка баҳо бера олиши учун бир неча соҳаларни билиши лозим. Жумладан: полеография, сфрагистика ва геральдика, дипломатика, эпиграфика, нумизматика, хронология ва метрологи, археография ва бошқ.
Ўзбекистон тарихини ўрганишда уни тўғри даврлаштириш катта аҳамиятга эга. Бугун тарихни даврлаштиришга турлича ёндашувлар юзага келган. Масалан, собиқ советлар даврида кишилик жамиятининг ривожланиши формацияларга, яъни ибтидоий жамоа тузуми, қулдорлик тузуми, феодализм, капитализм, социализм ва унинг юқори босқичи коммунизмга бўлиб ўрганилган.
ХХ аср охири ва ХХI аср бошларидаги воқеалар бу усул ўзини оқламаганини, зеро бир формациянинг, яъни даврлар алмашинувининг ишлаб чиқариш муносабатлари ва ишлаб чиқарувчи кучлар ривожланишидаги номутаносибликлар билан изоҳлаш ўзининг номукаммаллигини кўрсатди. Материя бирламчи, онг иккиламчи эканлиги тўғрисидаги материалистик фалсафий ғоялар жамият ривожланишида маънавиятнинг аҳамияти камситилиши ва ижтимоий ҳаётнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлди.
Тарих фанида даврлаштиришга бошқача ёндашувлар ҳам мавжуд. Масалан, археолог олимлар тарихни меҳнат қуроллари ясалган хомашёга, саноат ривожланишининг даражаси, маданиятнинг паст ёки юксаклиги каби омилларга қараб даврлаштирадилар. Бу ҳар гал тадқиқотчиларнинг қандай мавзуни танлагани, қандай мақсадни ўз олдига қуйганига қараб амалга оширилган.
Бугун олимлар Ўзбекистон тарихий тараққиётини қуйидаги йирик даврларга бўлиб ўрганишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:
- ибтидоий жамоа тузуми;
- қадимги давр: давлатчиликнинг шаклланиши ва ривожланиши;
- Ўрта асрлар даври;
- Чор Россияси мустамлакачилиги даври;
- мустабид совет ҳокимияти ҳукмронлиги даври;
- миллий истиқлол даври.
Мазкур даврлаштириш ҳам камчиликдан холи эмас, шу боис олимларимиз бу масала устида ишлаб, уни такомиллаштириши мақсадга мувофиқ.
Жамият тарихи воқелик сифатида табиат тарихидан фарқ қилади. Чунки жамият тарихини одамлар яратади, табиат эса ўз қонуниятлари доирасида ривожланади. Объектив тарихий шароитда вужудга келган жамият ўша давр одамларининг таффаккури ва иродасидан келиб чиққан ижтимоий ҳодисадир.
Инсоният тарихи - минг йиллар давомида шаклланган, халқлар, миллатлар, давлатлар тарихини қамраб олади. Жамият тараққиёти қонуниятларини ўрганиш учта асосий, ўзаро алоқада бўлган йўналишдан иборат:
-тарихий билимлар инсоният реал тарихи, унинг ривожланиш боскичлари билан боғлиқ бўлган узлуксиз жараён.
-ижтимоий ҳаётнинг алоҳида соҳалари ёки боқеликларини таҳлил қиладиган, уни тушунтириб берадиган ижтимоий гуманитар фанлар тизими;
-жамиятнинг умумий назарий қонуниятларини, жамият ҳақидаги тасаввурларни, ижтимоий-тарихий босқичларини ўрганадиган тарихий ва аниқ ижтимоий фанлар методологик асосларига хизмат қиладиган сиёсий ва фалсафий-социологик билим.
Анна шу уч йўналиш кишилик жамияти ҳақидаги анъанавий тасаввурларни фан шаклидаги билимларга айлантирди.
Жамият, табиат тараққиётидан фарқли ҳолда чекланган вақт ва фазо мутаносиблиги маҳсули сифатида ҳам юзага келади. Табиат табиий ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳодисаси бўлса, жамият илмий амалий, доимо ўзгариб турадиган, замон ва макон эҳтиёжлари асосида қуриладиган, маълум ижтимоий гуруҳ, халқ, мамлакат манфаатлари устиворлигининг маҳсули сифатида вужудга келади.
Тарихни англаш тушунчаси турли давларда турлича талқин этилган. Натижада тарихий билим ва тарихнинг англашнинг хилма хил шакллари юзага келди. Хусусан, тарихий жараённи тарихий-хронологик тарзда ўрганиш; маълум бир даврда юз берган тарихий жараён ва ҳодисаларни тарихий-назарий ўрганиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |