Қишлоқ жамоалари табақаланиши. Аввалда ўз қарамоғидаги хизматкорлари меҳнатидан фойдаланиб келган деҳқонлар кейинчалик қишлоқ жамоалари устидан ҳукмронлик қиладиган, бора-бора улар кучидан фойдаланадиган бўладилар. Ерга эгалик қилиш муносабатларининг шаклланиши билан қишлоқ жамоалари ичида йирик ер эгалари бўлмиш деҳқонлар билан бир қаторда кадиварлар табақаси пайдо бўлди. Ер-сув мулкчилигининг хусусийлиги ортиб бориши билан кадиварларнинг сони кўпайиб, деҳқончилик хўжалигининг асосий ишлаб чиқарувчи кучларидан бирига айланган.
V аср ўрталарида экин ерларининг маълум бир қисми мулкдор деҳқонлар қўл остидаги мулкдан иборат бўлса ҳам, зироаткор воҳалардаги обикор ерларнинг асосий қисми ҳали ҳам қишлоқ жамоаларининг қарамоғида эди. Қишлоқ жамоалари ижтимоий ерли мулкдор деҳқон ва унга қарам бўлган ерсиз ва эрксиз кадиварларга ажралиб борди. Кошоварзлар - қишлоқ жамоаси ерларида яшаб, ер ва сувдан иборат умумий мулкка эга бўлган эркин зироатчилар табақаси. Кашоварзларнинг маълум бир қисми жамоа ерларидан маҳрум бўлиб кадиварларга айланган. Айрим деҳқончилик воҳаларининг катта ерларга эга бўлган деҳқонлари ўз вилоятларида ҳатто мустақил ҳоким бўлиб оладилар.
Илк ўрта асрлар давлатлари
Биринчи бўлиб Хоразм Қанғ давлатидан ажралиб чиқади, уни маҳаллий Африғийлар сулоласига мансуб Хоразмшоҳлар идора қила бошлайди. III аср ўрталарида дастлаб Хоразм давлатининг пойтахти ҳозирги Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида жойлашган Тупроққалъа шаҳар харобаси ўрнида бўлган. Шаҳарнинг мустаҳкам дарвозахонаси бўлган. Дарвоза қаршисида шаҳар марказини кесиб ўтган кўчанинг ҳар икки томони бўйлаб тутар жойлар жойлашган. Шаҳар марказидан юқорида ибодатхона мажмуаси, унинг ёнида 25 метрли 3 минорали Хоразмшоҳлар қасри қад кўтарган.
Хоразмшоҳ Африғ ўз қароргоҳини 305 йил Хоразмнинг қадимги Кат шаҳрига кўчиради. Кат қайта тикланиб Ал-Фир қасри ичида Шоҳ ўзига янги сарой қурдиради. Африғий шоҳлар олдига шоҳ сурати ва орқасига суворий тасвири туширилган кумуш тангалар зарб этиб, ички ва ташқи савдо муносабатларини мустаҳкам ўрнатиб олган. Беруний дастлаб Хоразмшоҳлар унвони дастлаб сиёвушлар сулоласи томонидан қабул қилингани ҳақида: «Сиёвуш ибн Кайхусравнинг Хоразмга келишидан.. тарих олдилар. Шу вақтдан Кайхусрав.. турк подшолари устидан ҳукмронлигини юргизган эди» деб ёзган. Ўша замонда «Хоразмшоҳ» унвонига Кайхусрав, Саксафар, Фарасман, Хусрав сазавор бўлган.
III асрда Хоразмда бир нечта майда ҳокимликлар таркиб топган. Тупроққалъадан қўлида бургут қўндирилган тождор ҳукмдор ёки Анқақалъа яқинидан қўлида лочин тутган тождор тасвири сўқилган танганинг топилиши ҳукмронлик рамзидан далолат беради. Хоразм III асрда Қанғ давлатидан ажралиб мустақилликка эришади ва Африғийлар сулоласи ҳукмронлигига асос солинади. Хионийлар, кидарийлар, эфталлар, Турк хоқонлиги даврида ҳам Хоразм мустақиллигини сақлаб қолади. Византиялик тарихчи Менандр Хоразм VI асрнинг 60-йилларида Византия ва турклар билан дипломатик алоқалар олиб борганлигини қайд этган.
Хоразмшоҳ – Хоразм ҳукмдорларининг унвони. Беруний ёзишича дастлаб Хоразмшоҳ унвони билан Хоразмни Кайхусрав идора этган. 4 та сулола ҳукмдорлари “Хоразмшоҳ” унвонига эга бўлган: африғийлар, маъмунийлар, олтинтошлар, ануштегинлар. Хоразмнинг ҳукмронлик рамзлари бургут ва лочин бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |