Мил. авв. VI-IV асрлар маданияти ёзма ва археологик манбалар асосида ўрганилган. Улар Ўрта Осиё халқларининг ҳунармандчилик, заргарлик, тикувчилик, кулолчилик ва бинокорлик соҳаларида юксак даражага эришганларидан далолат беради. Қизилтепа, Узунқир, Ерқўрғон, Афрасиёб каби йирик қадимий шаҳар-қалъалар ривожланган. Ёзма манбаларда олтин, кумуш, лаъл, фируза маъданлари қазиб олингани, ҳунармандчилик ривожлангани, Ўрта Осиёнинг Шарқ мамлакатлари билан олиб борган савдо ишлари ҳақида хабар берилади.
Мил. авв. V-IV асрларда Ўрта Осиёда дастлабки танга пуллар тарқалган. Заргарлик санъати юксак ривожланганига ҳозирда Британия музейида сақланаётган 1877 йил Амударё хазинасидан топилган олтин ва кумуш буюмлар ёрқин мисол бўла олади. Ҳар бир шаҳарда ички қалъа (арк) бўлган. Шаҳар атофидаги деҳқон хўжаликларида ота уруғига мансуб катта оилалар кун кечиришган. Деҳқонлар қўрғонлари уй-жой ва хўжалик хоналаридан иборат бўлган. Археологлар шаҳар ва уй-қўрғонлар атрофида далаларга сув олиб келган анҳор ва ариқлар изларини топган.
Юнон-македон истилочиларига қарши кураш. Ўрта Осиё жангчилари мил. авв. VII-IV асрларда совут ва дубулға кийиб, ханжар, жанговар ойболта ва найза билан қуролланган. Камон ўқи ва ханжар темир ва бронзадан ясалган. Жангчилар отда ҳам пиёда ҳам жанг қила олган. Ханжар - ақинак, жанговар ойболта – сагарис дейилган. Узоқ масофага камондан фойдаланган, отлар устига темирдан ясалган баргуствон ёпилган.
Ҳужумни суворийлар бошлаб берган, улар от чоптириб ўқ-ёй, найза ёки ханжар билан душманга ҳамла қилган. Қалъа ва шаҳарлар ҳимоясида ўқ-ёй, палахмон фойдаланган. Мудофаада тош ва пиширилган лой тўп ўқлари қўлланилган. Шаҳарлар бурж ва шинакли девор билан ўраб олинган, деворлар тепасида камончилар учун йўлаклар қурилган. Ташқи деворлар бўйлаб жойлашган думалоқ буржлар ичида ҳам камончилар жойлашган. Сув тўлатилган хандақ қалъага кирадиган йўлни тўсиб турган.
Александр мил. авв. 336 йил 20 ёшида Македония подшоси бўлади. У ғайриоддий куч-ғайрат ва жасорат соҳиби бўлиб, сафдошлари ва қўшинлари садоқатли эди. Александр мил. ав. 334 йил Шарққа юриш бошлади, бу юриш 10 йил давом этди, бу юришида у Кичик Осиё, Сурия, Миср, Эрон, Ҳиндистонни босиб олди. Македониялик Александр улкан ҳудудда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш мақсадида босиб олинган шаҳарларга юнонларни жойлаштирди.
Македониялик Александр мил. авв. 330 йил Форс давлатининг Аҳамонийлар сулоласидан бўлган охирги шоҳ Доро III қўшинини тор-мор келтирди. Александр Ҳиндистонга юриш қилишдан олдин қўшинининг орқа томонини хавфсизлантириш мақсадида Амударёнинг нарги томонидаги элатларни бўйсундиришга қарор қилди. Александрнинг йўлини биринчи бўлиб тўсган шаҳар Бақтрия пойтахти Бақтра (Зариасп) бўлди. Аҳамонийлар сулоласи вакили Бесс Бақтрия сатрапи бўлган, у Амударёнинг нарги томонига қочиб кетади. Александр ўз устози, юнон файласуфи Аристотелнинг Амударё (Окс)дан икки подшо - Кир II ва Доро I ўтиб, иккиси ҳам мағлубиятга учрагани, шу боис Сўғдиёна юришига яхши тайёргарлик кўриш лозимлиги тўғрисидаги маслаҳатини ёдда тутар эди.
Александар қўшини мил. авв. 329 йил Амударё (Окс)дан ўтди, қўшин йўналишида Наутака (Қашқадарёнинг шарқий қисми) ва Мароқанда (Самарқанд) шаҳри турар эди. Мил. авв. 329 йил юнон-македонлар Мароқандани эгаллайди. Александар қўшиннинг бир қисмини қолдириб, ўзи Курушкат (Кирополис) шаҳрини босиб олиш учун асосий кучлар билан Сирдарё қирғоқлари сари юрди. Ривоятга кўра бу шаҳарга Кир II асос солган экан.
Сўғдиёна халқи босқинчиларга қарши курашга чиқади. Сўғдийларга бақтрияликлар ва саклар қўшилди, қўзғолонга Спитамен бошчилик қилади. Спитамен Мароқандани қамал қилгач, Александар қамалда қолганларга ёрдамга 3000 га яқин жангчи жўнатади. Спитамен Зарафшон (Политимет) дарёси бўйида душман гуруҳини қириб ташлайди. Александарнинг ўзи қўзғолонни бостиришга отланади, Спитамен қамални тўхтатиб қўшини билан саҳрога кетади. Александар сакларга қарши курашда Сирдарё бўйида, Хўжанд яқинида қалъа қурдиради, бу қалъа Александрия Эсхата (Чекка Александрия) деб аталди.
Александар Мароқандада махсус қўшин қолдириб, асосий қўшини билан қишлаш учун Зариасп (Бақтра)га жўнади. У ўша йилнинг баҳорида қўзғолонни бостириш учун лашкарини 3 қисмга бўлиб Сўғдиёнани кезиб чиқади ва тинч аҳолини қириб ташлайди. Спитаменнинг Александар билан ҳал қилувчи жанги мил. авв. 328 йил кузида бўлади. Спитамен енгилиб, яна чўлга чекинади, у ўша ерда хоинларча ўлдирилади.
Александар Сўғд зодагонлари - Хориен ва Оксиартнинг Ҳисор тоғидаги қалъаларини қўлга киритиб, Оксиартнинг қизи Равшанакка уйланади. Александар Ўрта Осиёни босиб олиш учун деярли уч йил уринди, бироқ унча катта бўлмаган ҳудудни: Марғиёна, Бақтрия, Сўғдиёна, Бекобод ва Хўжанд орасида Сирдарё бўйларини бўйсундирди. Хоразм, Тошкент воҳаси ва Фарғона мустақиллигича қолди.
Юнон-македонлар босқини Ўрта Осиёни харобозорга айлантирди, аҳолининг катта қисми қирилиб кетди, кўплаб шаҳарлар вайрон этилди. Юнон тарихчилари ёзишича, Александар Ўрта Осиёда бир нечта шаҳар қурдирган, шаҳарлар унинг номи билан Оксдаги Александрия, Александрия Эсхата, Марғиёна Александрияси деб аталган. Уларнинг баъзилари вайрон этилган Сўғдиёна ва Бақтрия шаҳарлари ўрнида, бошқалари таянч қалъалар сифатида янгидан қурилган. Бу шаҳарларда юнон-македон пиёда ва отлиқ аскарлари жойлашган. Бу аскарларнинг сийраклашган сафи Македония тартибида қуроллантирилган Бақтрия ва Сўғдиёна ёшлари ҳисобига тўлдирилади. Бора-бора ҳунармандчилик ва савдо қайта тикланди. Маҳаллий ва юнон маданиятлари анъаналари қўшилиши юз берди. Шу асосда Салавкийлар, Юнон-Бақтрия ва Парфия сингари антик давлатлар вужудга келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |