10.2. Ҳажмий лойиҳалаш ва конструктив ечим
Экологик мукаммал ва ҳар жиҳатдан қулай турар жой биноларини яратилиши лойиҳалашни таснифлаш асосларини кейинги ривожланишини талаб этади. Шунинг учун бино ва иншоотларни ҳажмий лойиҳалаш ва уларнинг конструктив тизимлари ҳамда чизмалари ечимларида экологик талаблар сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Шунга асосан буюртмачи ёки фойдаланувчи таклифи асосида бино ва иншоотлар лойиҳасининг экологик хавфсиз даражасини таъминлаши зарур ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонунчилик ва санитар-меъёрий ҳужжатлар билан қарама-қарши бўлмаслиги лозим.
Архитектуравий қурилишни лойиҳалаш жараёнида бино ва иншоотларни (баландлиги, эни, майдони) ҳажмий лойиҳалаш ва уларнинг конструктив ечимларини аниқлашда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилади:
қурилиш, реконструкция ва фойдаланишда табиий ресурслар ва қурилиш материалларининг харажатларини камайтириш;
бино ва иншоотларнинг ички муҳитида экологик ифлосланиш ва бузилишни олдини олиш ҳамда санитар-гигиеник шароитларини қулай бўлишини таъминлаш.
Шу ўринда, ҳажмий лойиҳалаш ва уларнинг конструктив ечимларини танлашда шовқин таъсири билан курашишга катта эътибор қаратилади.
Лойиҳада жойлаштирилган бино ва иншоотларнинг конструктив тизимлари ва чизмалари атроф-муҳит муҳофазаси, яъни экологик мақсадга мувофиқлиги талабларига жавоб бериши лозим.
Ҳажмий лойиҳалаш ва уларнинг конструктив ечимлари ёрдами билан бино ва иншоотларнинг экологик лойиҳавий ечимида қуйидаги ҳар хил чора-тадбирларга эришилади:
биноларнинг хоналари йўналиши, ҳажми ва майдонлари ўлчамларини мақбуллаштириш;
ер ости майдонларидан максимал даражада фойдаланиш;
бинонинг энг қулай шаклини танлаш ва шамол йўналиши бўйича мўлжаллаш;
мухандислик коммуникация тармоқлари (шамоллатиш, иситиш, оқизиш, ахлат ажратадиган ва ш.к.) тизимларини экологик хавфсиз лойиҳалаш;
биноларнинг (том, девор) барча юзаларини кўкаламзорлаштириш ва текис ҳудудларни ободонлаштириш, экологик қопламани танлаш ва ҳ.к.
Мутахассислар донасиз материаллардан, асосан табиий тошдан – ётқизиладиган чорқирра тошлар юқори экологик қоплама бўлишини таъкидлашган. Асфальтбетон қопламалардан фарқли ўлароқ, улар дарз кетмайди, кам таъмирлашни талаб этади ва асосийси тупроқларни “нафас” олишини сақлайди, тупроқли микрофлораларга2 ижобий таъсир кўрсатади.
Бинонинг баландлиги хусусида, шаҳар ҳудудларида турар жой биноларининг қаватлари жуда катта оралиқ кўлами чегараларида, яъни 3 дан 25 қаватгача бўлади. Экологик нуқтаи назаридан кичик қаватли яхлит иморатларни қуриш тўғри келмайди, сабаби ер жамғармасини тартибсиз ишлатилишига олиб келади. Бироқ, меъёрий ҳужжатларда кичик қаватли турар жой бинолари ҳозирги вақтда муҳим кўринишдаги уй-жой ҳисобланиши таъкидланган.
Янги молиялаш манбаларида, кичик ҳажмли ва кам қаватли биноларни яратиш учун кичик механизациялашган воситалар жуда оддий технологияларга мўлжалланган. Шунинг учун биноларнинг конструктив ечимлари ўзгариши зарур. Қаватларнинг камайиши, темир бетон қопламалари ва кўтариб турувчи бетон деворларнинг ўрнига жуда арзон турдагиларни, яъни деворлар ғовакли бетон блоклар ёки ғиштлардан, томлар ёғоч тўсинлардан ва ҳ.к. лардан қабул қилинишига имкон беради.
Бироқ, бозор иқтисодиёти шароитида турар жойларни архитектуравий ва ижтимоий муҳимлиги кўриб чиқилаётган бўлса, шаҳарсозлик қоидаларига асосан йирик шаҳарлар шароитида улар катталашишга интилиб, бино ва унинг қавати чегараланмаган ечим бўлиши мумкин.
Лойиҳаланаётган бинонинг энг мақбул экологик сифатини келажак учун шакллантиришда, бинонинг ҳажми ва майдони ўлчамларини мақбуллаштириш катта аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |