19. Муҳаммад Паноҳбой мадрасаси
Катта савдогар бойнинг ўғли Муҳаммад Паноҳбой мадрасаси ХХ аср бошида Ичон-қалъанинг адл ўртасига Жоме масжидининг олдида Муҳаммад Раҳимхон сонийнинг рухсати билан қурилган.
Мадраса кириш эшигининг устидаги ёғоч кесагисига мадрасани қурдирган кишининг исми ёзилган: “Муҳаммад Паноҳбой валади Ҳожи Муҳаммад. сана 1327” (1909). Мадраса тузилиши жиҳатидан чорсу шаклида. У ўзига замондош бошқа мадрасалардан деярли фарқ қилмайди. Гумбазлар билан ёпилган ҳужралари ҳовли атрофида жойлашган. Бурчакдаги дарсхона ва масжид ҳам гумбазлар билан ёпилган.
Ёшхиваликлар партиясига аъзо бўлган Муҳаммад Паноҳбой 1920 йилда тузилган янги ҳукумат Хоразм халқ шўролар жумҳурияти даврида молия нозири бўлиб ишлаган.
Бугунги кунда мадрасада «Ичон - Қальа» музей-қўриқхонасининг «Авесто бўлими» жойлашган. Музейда бундан уч минг йил олдин Хоразмда ёзилган ва 12 минг қорамол терисига олтин ҳарфлар билан битилган “Авесто” китоби, китобнинг асосий ғояси ҳақида маълумотлар берувчи экспонатлар намойишга қўйилган.
20. Жоме масжиди
Минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Жоме масжиди ўзига хос қурилиши ва ҳажми билан ажралиб туради. Бу бино Ичон-қалъанинг шарқий ва ғарбий дарвозаларини бирлаштирувчи йўл ўртасида жойлашган бўлиб, бир қаватли текис томли қилиб қурилган. Масжидга тўрт томондан ҳам кириш эшиклари ўрнатилган бўлиб, унинг бош эшиги шимолга қаратилган икки тавақали дарвозадир. Бу дарвоза тавақаларига араб тили, сулс хатида қуйидаги ҳадис ёзилган,
Амалларнинг яхшиси нажот берувчисидир,
Мол-мулкнинг яхшиси кифоят қилувчисидир.
Масжиднинг 213 та (ўра) устунли ички майдони 55х45 метр бўлгани ҳолда, унинг баландлиги 4,5 метр. Беш мингга яқин киши намоз ўқиши мумкин бўлган бу масжидда ёғоч ўймакорлиги санъатининг қадимги ва энг чиройли намуналари ҳозир ҳам ўз вазифасини бажариб турибди. Бу устунларнинг айримлари ХIII-ХV асрларда ишланган бўлса, катта кўпчилиги ХIХ-ХХ асрларга тааллуқли. Бугунги кунгача сақланган бу устунларнинг 12 та энг қадимгилари Х-ХII асрларда ишланган. Устунларнинг кўплиги, уларнинг минг йил ичида тузатилгани хоразмлик ёғоч ўймакор усталарнинг ишларига баҳо бериш имконини беради. Агар эътибор қилинса, устундаги нақшларнинг турли-туман ва бир-биридан чиройлилиги киши диққатини тортади. Энг эътиборли томони шуки, устунлар қадимийлашиб боргани сайин улардаги гўзаллик орта боради. Бу нарса нақшларнинг чуқурлиги, майда-нафислигида кўринади. Х-ХI асрда ишланган устунларга тарихий маълумотлар ёзилган бўлса, ХV-ХVI асрлардан уларга ҳадислар ёзилиб бошлангани маълум бўлади.
Х асрда Хоразмга келган араб сайёҳлари Ал-Истаҳрий ва Ал-Муқаддасийларнинг гувоҳлик беришларича, масжид IХ-Х асрларда бунёд этилган.
Кўпдан бери яшаб келаётган хиваликларнинг айтишларига қараганда, кўҳна масжид эскириб қолган ва унинг ўрнига икки юз йиллар олдин худди ўша режа асосида анча кенгайтириб ҳозирги масжид бино қилинган. Тарихий маълумотларга қараганда масжид 1788 йилда Абдураҳмон меҳтарнинг катта ўғли Абдураҳим бой томонидан қайта қурилган. Масжиднинг кун чиқар томонидаги кичкина мақбарага Абдураҳмон меҳтар дафн қилинган.
Масжид кириш эшигига ёпиштириб қурилган миноранинг баландлиги 42 метр бўлиб, ундан муаззин кунига беш маҳал азон айтиб, халқни намозга чақирган.
Масжид 1983 йилдан сайёҳлар томоша қилиши учун очиб қўйилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |