25. Абдуллахон мадрасаси
Абдуллахон мадрасаси Ичон-Қалъанинг шарқий қисмида, Полвон дарвоза ёнидаги Қутлуғмурод иноқ мадрасаси ва Оқ масжид бинолари яқинида жойлашган. Мадраса хоннинг онаси томонидан 1855 йилда туркман-ёвмутлар томонидан шаҳид қилинган ўғлининг номига қурилган. Чунки, Абдуллахон атиги беш ойгина ҳукмдорлик қилиб, бу даврда ҳали мадраса ёки, бошқа бир иморат қурдиришга улгурмаган эди. Унинг ишини давом қилдирувчи ўғли ҳам бўлмагани учун, онаси унинг номини тарихда шундай қолдирган. У қўнғирот сулоласидан чиққан биринчи “саййид” хон бўлиб, ўз номидан “Саййид Абдулла баҳодирхон” деб ёздириб, тилладан танга зарб қилдирган.
Асли режаси тўртбурчакли, бир қаватли бўлган бу мадраса бурчакларида гулдаста-миноралари бўлиб, у битта масжид ва ўн саккиз ҳужрадан иборат. Барча ҳужраларда китоб токчалари, ҳужрани қиздириш ва овқат пишириш учун мўриси девор ичидан ўтадиган ўчоқ, шунингдек, сув оқиб кетиши учун адан, ҳовли ўртасида эса қудуқ мавжуд.
Ҳозирги пайтда мадрасага кириш учун шарқий томонда битта эшик бўлиб, у икки тавақали ва ўйма нақшлидир. Аслида, мадрасанинг иккита кириш эшиги бўлиб, иккинчиси, ғарбий томондаги иккита ҳужранинг оралиғидаги тор йўлакчадан иборат бўлган. Мадраса режасининг анъанавий услубдан бироз фарқланиши унда гумбазли ўқув залининг йўқлиги ва масжидга тор коридор орқали борилишидан ҳам кўринади.
Мадраса 1973 йилда таъмирланиб, унда Хоразм воҳасининг ўсимликлари ва ҳайвонот дунёсини кўрсатиш мақсадида Табиат музейи ташкил қилинган.
26. Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси
Ҳоким Қутлуғ Мурод иноқ томонидан пишиқ ғиштдан қурилган бу икки қаватли мадраса замонасининг энг катта ва бадавлати эди. Мадраса Тошҳовли саройининг жануб томонида бўлиб, баланд жойда қурилгани учун олдидаги майдон пастида савдо расталари-дўконлар жойлашган.
Иноқ мадрасасининг қурилиш услуби XVI-XIX аср Бухоро меъморчилиги анъаналарига ўхшайди. Чунки, мадрасанинг гулдасталаридаги (бурчакдаги миноралар) сирланмаган қавариқ-бўртма нақшли терракоталар, кириш эшиги устидаги балкондаги ганчдан ишланган муқарнас нақшлар, ганч ўймакорлиги санъатидаги нақшларнинг Бухоро меъморчилигига ўхшашлиги, бу қурилишда Бухоро усталари ҳам қатнашган бўлиши мумкин деган хулосани беради. Мадрасанинг ғиштлари Амударё шимолидаги Улли боғда пиширилиб, кема билан келтирилган. Унда 81 ҳужра, дарсхона, масжид бўлиб, масжиднинг кириш эшигидаги ёзувдан, унинг ҳижрий 1221, мелодий 1806 йилда қурилгани маълум бўлади.
Мадрасанинг кириш эшиги ва дарсхона эшикларининг кесагиси ва тавақалари икки қатламли ниҳоятда чиройли геометрик ва ўсимликсимон ўйма нақшлар билан безатилган бўлиб, уларга ёзувлар битилган.
Мадраса ички ҳовлисида ер ости ҳовузи-сардоба мавжуд. Қарияларнинг сўзига қараганда, ушбу сардоба шаҳардаги энг қадимги сув манбаи бўлиб, ушбу чашма ёнида шаҳар пайдо бўлган. Яъни, ушбу сардоба қадимги машҳур Хивақ қудуғидир. Бу сардоба мадраса қурилгач, ичкарида қолган ва у шаҳарликларни қамал вақтида ичимлик суви билан таъминлаган.
Ушбу мадрасани бино қилдирганида Қутлуғ Мурод иноқ васият қилган бўлиб, унга кўра вафотидан кейин уни шу ерга келтириб дафн қилишлари керак эди. Оллоқулихон даврида унинг васияти бажарилиб, ўзи қурдирган қабрга дафн қилганлар.
Мадрасада Тасвирий санъат музейи ва Ҳунармандлар уюшмасининг бўлими жойлашган.
27. Муҳаммад Амин иноқ мадрасаси
Муҳаммад Амин иноқ мадрасаси Араб Муҳаммадхон мадрасасининг шарқий, Тошҳовли саройининг ғарбий томонида жойлашган бўлиб, ХVIII аср иккинчи ярмида қурилган. Мадраса тарҳи тўртбурчак шаклида бўлиб, бош пештоқ жануб томонга қаратилган. Ўз вақтида мадраса олдида Фозилбий мадрасаси жойлашган бўлиб, бу икки мадраса бир – бирига “қўш” қилиб қурилган эди.
Иноқ – қадимдан кўчманчи ўзбекларда қабила, уруғ сардори вазифасидаги шахсга берилган унвон бўлиб, Иноқ сўзининг луғавий маъноси «яқин, ишончли навкар», «яқин дўст» маъносини билдиради. Хива хонлигида тўртта иноқ мансаби бўлиб, улар давлат бошқарувида асосий ўринни эгаллаган эдилар.
Муҳаммад Амин иноқ Нодиршоҳ босқинидан деярлик 50 йил ўтгач вайронага айланиб қолган шаҳар, қалъа деворларини, бузилиб қолган иморатларни қайта тиклаб, ўзидан кейинги ҳукмдор ворисларга бу ишни давом қилдириш ва фуқаролар ҳаётини яхшилашни бошлаб беради.
Мадрасада 2012 йилгача шаҳар ЗАГС идораси жойлашган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |