3. Кўҳна Арк саройи
Арк сўзи - “Ичон-қалъа”, “подшоҳнинг шаҳар ичидаги қўрғони”, “ҳукмдорнинг қароргоҳи”, “қаср” маъноларини билдиради. Хивадаги хонлар қароргоҳининг янги бинолари Тошҳовли саройи ва Нуруллабойда кўринишхоналар қурилиши қадимги хонлар қасрини Кўҳна арк номи билан аталишига сабаб бўлган. Хоннинг қароргоҳи – Аркда давлат ҳаётига тегишли сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа барча масалалар ҳал этилган. Аркда хон ва унинг оиласидан ташқари хонликнинг бутун бош маҳкамаси жойлашган.
Арк олдидаги майдонда хонликнинг ҳар хил байрам тантаналари ўтказилган. Хон чиқиши маросими ўтказилган, ҳукмдорнинг фармони олийлари халққа ўқиб эшиттирилган. Хон саройи ҳақида 1863 йилда Хивага келган венгер олими Арминий Вамбери шундай ёзади:-“Ўрта Осиёдаги барча ҳукмдорларнинг саройи каби Хива Арки ҳам жуда мустаҳкам ва иккита қалъа девори билан ўраб олинган. Аркка кираверишда иккита тўп туради. Ўймакор нақшлар билан безатилган бу тўплар, афтидан Деҳлида ишланган бўлса керак”. Хива хонларининг қароргоҳи-Аркнинг ички майдони бир гектардан зиёдроқ бўлиб, унга асосий шарқий дарвозасидан кирилади.
Арк дарвозаси миршаб бошлиқ ўндан зиёд навкарлар томонидан қўриқланган. Аркнинг дарвозаси ҳам худди шаҳарнинг бош дарвозаси Полвон дарвоза каби мавқеи баланд бўлгани учун бу ердаги миршабларга ҳам икки ҳисса зиёдроқ ҳақ берилган.
Хонлик даврида Арк ичига кирилгач, тўғри даҳлиз орқали хон қабулхонасига борилган. Қабулхона олдида махсус текширувдан ўтказилиб, қабулга қўйилган.
Хива хонлигида Арзхона, саломхона, кўринишхона номлари билан аталган Аркнинг қабулхонаси битта катта айвон, унинг тўрида ҳукмдор тахти ўрнашган қишги қабулхонадан иборат бўлиб, унинг атрофи девонхона, хазина ва бошқа хизмат хоналари билан ўраб олинган. Айвон олдидаги думалоқ супа устига оқ кигиз билан бостирилган ўтов ўрнатилган. Бу оқ уй – ўтовда кўчманчи қозоқ, қорақалпоқ бийлари ва туркман сардорлари қабул қилиниб, асосий маросим тугагач, зиёфат берилган.
Янги хонга тож кийгизиб, тахтга кўтариш маросими ҳам шу ерда бўлиб ўтган.
Кўҳна Аркнинг ғарбий қисмидаги Оқ Шайх бобо кўшки, ривоятларга кўра, XIV асрда яшаб ўтган Шайх Мухтор Валининг қадамжоси бўлган. Айтишларича, бу кўшкда оқ яктак кийган мўйсафид чол яшаган экан. Шунинг учун бу тепалик Оқ Шайх бобо номи билан аталган экан. Аслида, бу тепалик хон саройининг кузатув жойи бўлиб, ундан шаҳар атрофи яққол кўриниб туради. Тепаликнинг пастида ердан иккинчи қаватда ҳарбий қурол-аслаҳалар сақланадиган катта хона ва унинг пастида порох, ўқ-дори сақланадиган омбор мавжуд. Мана шу тепалик сарой ғарбий деворининг қоқ ўртасидан иккига ажратиб туради. Жануб томонида хон қабулхонаси ва давлат идоралари, шимол томонда ҳарам жойлашган. Ҳарамда хон оиласи яшаган ва унда туғуруқхона ҳам мавжуд бўлган. Ҳарам билан қабулхона орасидаги қум тўшалган майдонда хон учун ҳар хил спорт мусобақалари, отлар кўргазмаси, от спорти, қўчқор, туя уриштириш томошалари кўрсатилган. Зарурият туғилганда шу ердан қурол-яроғ ҳам тарқатилган.
Аркнинг ичидаги алоҳида бир ҳовли ичида ёзги ва қишги масжид бинолари, зарбхона жойлашган. Ёзги масжид деворлари Оллоқулихон даврида чиройли кошинлар билан безатилган ва шеърий таърихлар битилган.
Кўҳна Арк саройида Қадимги Хоразм музейи, Хива – 2500 доимий кўргазмаси, Зарбхона ва девонхона интерьерлари жойлашган.
Do'stlaringiz bilan baham: |