23. Боғбонли масжиди
Ичон-қалъанинг жануби-шарқида жойлашган бу маҳалла масжиди илмий адабиётларда Боғбонли масжиди номи билан машҳур. Масжиднинг мармар лавҳидаги эпиграфик ёзувида Паҳлавон Қули томонидан 1809 йилда қурилгани ёзилган.
Катта бир гумбазли бу масжид кўринишдан ХIV-ХV асрлар ёдгорлигини эслатади, бунга сабаб унинг ички безаклари, айвонидаги иккита устунининг ўйма нақшлари, уларга ёзилган ҳадислар шу даврга хослигидир. Бу устунлар балки, масжиднинг аввалги биносидан қолгандир.
1813 йилда муаллифи номаълум бўлган киши томонидан ёзилган “Ҳалвати сўфиҳо” қўлёзмасида ушбуларни ўқиш мумкин:-“ Ва нурнишон Элтузархоннинг айёми давлатинда бино топган Зубайда хонимнинг масжидларини Паҳлавон Қули боғбонли йиқиб тошдин гумбаз қилиб адоға еткурди”. Демак, аввал хом ғиштли нигирик (чўбкори) усулида қурилган масжиднинг номи Зубайдахоним бўлган экан.
Масжиднинг ғарбий томонига ёпиштириб бир қабр қурилган ва у Зубайдахонимнинг қабри бўлиши керак.
24. Ислом Хўжа мадрасаси ва минораси
Ушбу мадраса ва минора ХХ аср бошида Вазири Акбар Ислом хўжа томонидан қурилган. Мадраса 42 та ҳужрадан иборат бўлиб, унда 100 та талаба ўқиган. Унинг олд томони икки қаватли бўлиб, баланд пештоқи мадрасани ҳашаматли қилиб кўрсатиб турибди. Ислом Хўжа мадраса вақфи учун ўз мулкидан 14451 таноб (5780 гектар) ер ажратган.
Мадраса кириш эшигининг устига мармар намоён маҳкамланиб, унга мадрасанинг қурилиш тарихи битилган.
Мадраса кошинларини тайёрлаган уста ўз номини кириш эшигининг чап томонидаги кошин плиткалардан биттасига ёзиб қолдирган. “Эш Муҳаммад ибн Худой Берди 1328”. (1910 йил).
Мадрасада ҳозирги вақтда Хоразм Амалий Санъати музейи жойлашган. Унда XIII - ХХ асрларга оид бўлган бебаҳо санъат дурдоналаридан ёғоч ўймакорлиги, тўқимачилик, гиламчилик, мис ўймакорлиги, заргарлик буюмлари каби тўпламларнинг намуналари намойишга қўйилган.
Ислом хўжа минораси
Ислом хўжа мадрасаси олдида қурилган минора ўзининг ҳашамати ва чиройи билан томошабинни ҳайратга солади. Миноранинг баландлиги 51 метр бўлиб, унинг қурилишига ярим миллион ғишт ишлатилган. Миноранинг тепаси бежирим карниз ва қуббали фонус билан тугалланган. Фонус юзаси турли шаклдаги сопол-ғиштчалар билан ҳошияланган, уларнинг ораси эса ранг- баранг сиркор кошинлар билан тўлдирилган. Фонус ва карниз яшил-зангори, ложувард (мовий) ва оқ рангдаги сиркор ғиштчалар билан қопланган. Хиваликлар “Хўжани минорасида тўрт фасл ва ўн икки ойнинг безаги бор” –деб таърифлайдилар. Минорага айланма зинапоя орқали (баландлиги 35 – 40 см., 118 та зинапоя) кўтарилади. Ичкарига ёруғлик тушиб туриши учун айлана бўйлаб 10 та туйнук ишланган. Юқорисининг умумий кузатув майдончасида 6 та панжарали дераза ўрнатилган. Минорани 14 та кошинли белбоғи безаб турибди. Унинг тепасига баландлиги икки ярим метрлик мисдан ишланган қубба қўйиб, устига шамол ҳаракатига қараб айланиб турадиган ҳилол ой тасвири ўрнатилган. 1997 йилда бу ўнта бўлакдан иборат бўлган қубба ерга туширилиб, тилла суви билан қопланди ва ўқ тешиб ўтган жойлари таъмирланди.
Миноранинг қурилишига шоир Ниёзий тарих битган ва уни хоннинг буйруғи билан мармарга ёзиб, миноранинг ердан чамаси ўн метр баландлигида ўрнатишган.
Do'stlaringiz bilan baham: |