8.2. Биноларнинг муҳандислик-техник ва коммуникация таъминоти
Муҳандислик-техник таъминот тизими – бу бино ёки иншоотнинг оқава, иссиқлик, шамоллатиш, ҳавони кондиционерлаш, диспетчерлаш, чиқинди чиқариш, вертикал транспорт (лифтлар, эскалаторлар) таъминоти ёки ҳавфсизликни таъминлаш функцияларини бажаришга мўлжалланган.
Муҳандислик тизимлари – бу инсонларнинг қулай шароитда яшаши, биноларнинг узоқ муддат хизмат қилиши ҳамда технологик ускуналарнинг яхши ишлашини таъминлашга мўлжалланган тармоқ ва коммуникацияларнинг йиғиндисидир. Биринчи навбатда, муҳандислик тизимларига сув таъминоти, иссиқлик таъминоти, электр таъминоти, оқава, шамоллатиш ва газ таъминоти киради.
Замонавий бинолар мураккаб техник иншоотлар сифатида намоён бўлади. Ҳар бир қурилиш ўз ичига фақатгина қурилиш конструкцияларини эмас, балки ўзаро боғлиқ муҳандислик тизим ва тармоқларини ҳам олади.
Муҳандислик коммуникациялари исталган бинонинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Муҳандислик тармоқларининг лойиҳалари индивидуал тарзда ишлаб чиқилади, негаки ҳар бир бино ўзига хос хусусит, ўзига хос лойиҳа ва архитектурасига эга бўлади. Шунинг учун муҳандислик тизим ва тармоқларини лойиҳалаш – бу мураккаб вазифа ҳисобланади, у ижрочидан юқори профессионаллик, аниқлик, иш тажрибаси ва махсус малака ҳамда кўникмаларни талаб қилади.
Турар жой биноси қурилишида, унга асосланиб уй қуриладиган, ҳар томонлама мукаммал лойиҳани ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Бўлгуси уйнинг эскизлари тайёрлангандан сўнг, конструктив ва архитектуравий ечимлар қабул қилинади, бунда албатта турар жой биносининг мажмуавий муҳандислик тизимларини ҳам ишлаб чиқиш зарур. Ахир турар жой биноси - бу фақатгина том ва деворлардан иборат жой эмас, балки яшаш учун қулайликларни яратувчи барча коммуникация ва муҳандислик тизимлари билан жиҳозланган яхлит бир қурилмадир.
Лойиҳалаш, муҳандислик тармоқлари монтажи қисман қурилиш муддатини белгилайди.
Объектлар реконструкциясида бинони лойиҳалаш ва муҳандислик-техник таъминот монтажи кўп жиҳатдан унинг фойдалилиги ҳамда қийматини белгилайди. Республикада юқори қулайликларга эга турар жой бинолари қурилиш ҳажмининг ортиши билан қурилаётган биноларни кучсиз ток ва телекоммуникация тизимлари билан таъминлаш зарурати пайдо бўлмоқда.
Қурилаётган биноларнинг кучсиз ток ва телекоммуникация тизимларини лойиҳалаш ҳамда монтаж қилиш бўйича ишлар мажмуи қуйидагиларнинг таъминланишига боғлиқ:
телекоммуникация хизматлари;
ёнғин сигнализациялари;
қўриқлаш сигнализациялари;
видео кузатув тизимлари;
диспетчерлаш ва ҳ.к.
Қурилаётган ва реконструкция қилинаётган биноларни, замон талабларига жавоб берувчи, муҳандислик-технологик ва коммуникация тизимлари билан таъминлаш – кўчмас мулк қийматини оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |