Абстракт - мантиқий услуб аниқ бир ҳодисалар, жараёнларни уларнинг аҳамиятсиз жиҳатларини ҳисобга олмаган ҳолда ўрганишда қўлланилади. Бу усул маълум бир даражада тадқиқот предметини соддалаштириш, иккинчи даражали жузъий томонларини ҳисобга олмаслик ва мантиқ ёрдамида ўрганишга имкон беради.
Услубнинг элементлари: мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш; воқъеликни, жараёнларни кузатиш; таҳлил, умумлаштириш, индукция ва дедукция усулларидан фойдаланиб, илмий хулосаларга келиш; назарий умумлаштириш; хулосалардан ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш амалиётида фойдаланишдан иборатдир.
Формализация
- Илмий тадқиқотнинг усули булиб, бунда таҳлил қилинаётган воқеа, ҳодиса, объект, унинг хоссаси, белгиси, жараёни математик формулалар ёрдамида ифодаланади ва кейин маълум қоидалар асосида ўрганилади. Формализация математик абстракциянинг асосий мазмунидир. Математиканинг бошқа фанлар ичига кириб келиши ҳисоблаш техникасининг кенг ривожланиши натижасида тезлашди.
Аналогия (Ўхшашлик)
- Бу ҳар хил объектларнинг қайсидир белгиси билан ўхшашлигидир. Бу усулнинг асосий мазмуни шундан иборатки, ўрганилаётган объектларнинг бир-бирига ўхшаш хоссалари орқали шу ва пайтгача ўрганилмаган бошқа хоссалари ҳам бир-бирига ўхшаш, деб хулоса чиқарилади. Ўхшашлик усули моделлаштириш жараёнида ишлатилади.
Моделлаштириш
Бу илмий тадқиқотнинг объект устидаги жараёни бўлмасдан, унинг ўзига ўхшаган модели устида олиб бориладиган тадқиқот жараёнидир. Математик моделлаштириш услублар ишлаб чиқариш учун энг қулай вариантлар ва шароитларни танлаш муаммоларини ҳал этишда қўлланилади. Корхона, туман, вилоят, ресурсларидан энг самарали фойдаланиш вариантини топиш, энг юқори натижаларга эришиш учун истиқболли йўналишларни аниқлаш имкониятини беради.
Услубнинг элементлари: қўйилган мақсадга мувофиқ кўрсаткичлар ва шарт-шароитларни (ўзгарувчан ва чегараланган жараёнларда) аниқлаш; энг юқори натижаларга эришиш мезонларини танлаш; меъёрий материаллар ва бошқа якуний маълумотларни саралаш; иқтисодий-математик масалаларни ҳал қилиш; пировард натижага ва унинг ишончлилигига баҳо бериш; қуйилган вазифаларни бажаришда ишлаб чиқариш учун энг қулай вариантларни тавсия этишдан иборат.
Иқтисодий-статистик услуб
Ўрганилаётган объектларнинг катта мажмуасида, ишлаб чиқариш омилларини ўрганиш ва уларнинг сўнгги натижасини аниқлашда қўлланилади. Нотипик, яъни доимий бўлмаган ҳолатлар, шарт-шароитларни бартараф қилишга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |