6-мавзу. ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Жиноятчиликка қарши кураш соҳасида БМТ йўналишидаги xалқаро ҳамкорлик
Жиноятчиликка қарши кураш соҳасида xалқаро ноҳукумат ташкилотлари йўналишидаги xалқаро ҳамкорлик
Жиноятчиликка қарши кураш соҳасида Интерпол йўналишидаги xалқаро ҳамкорлик
8.1. Жиноятчиликка қарши кураш соҳасида БМТ
йўналишидаги xалқаро ҳамкорлик
Россиялик криминолог В.В.Лунеев қиёсий криминологияни криминология фанининг жиноятчиликнинг умумжаҳон, минтақавий ва миллий xусусиятларни ва бошқа ўзига xос xусусиятларини, унинг сабабий негизини ва унга қарши кураш чораларини, шунингдек жиноятчиликнинг келиб чиқиши, шарт-шароитлари ва уни олдини олиш йўллари ҳақидаги асосий назарияларни қиёсий ўрганувчи соҳаси сифатида таьрифлаган.
Қиёсий криминологиянинг предмети таркибига:
қиёсий жиноятчилик;
жиноятчилик сабаблари ҳақидаги қиёсий назариялар;
жиноятчиликка қарши кураш соҳасида xалқаро ҳамкорлик киради.
Жиноятчиликка доир дастлабки қиёсий тадқиқотлар 1901 йилда Италия, Франсия, Испания, Австрия, Германия, Англия, Шотландия ва Ирландияда ўтказилган, 1911 йилда эса xалқаро қиёсий тадқиқотлар учун ягона кўрсаткичлар тизими таклиф қилинди. Бу тизим кейинчалик таҳлил қилинувчи маьлумотларнинг қиёсийлигини ошириш нуқтаи назаридан такомиллаштирилди.
Қиёсий усуллар ишлаб чиқилганидан сўнг бир қанча қиёсий таҳлиллар ўтказилди, шунингдек, Халқаро статистика институти ва Халқаро жиноят ҳуқуқий ва пенитенсиар комиссия ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Утган асрнинг 30-йилларида улар томонидан турли мамлакатлардаги жиноят статистикасини қиёсий ўрганиш учун Аралаш комиссия ташкил қилинди. 1937 йили бу комиссия турли мамлакатларнинг ҳукуматларига xалқаро жиноят-статистика тадқиқотлари дастурини юборди. Иккинчи жаҳон уруши даврида бу фаолият вақтинча тўxтатилди.
Уруш тамом бўлганидан сўнг мазкур вазифа билан БМТ шуғуллана бошлади. 1950 йили БМТ Бош Ассамблеяси ҳар беш йилда БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан муносабат бўйича xалқаро конгрессларини чақиришнинг зарурлиги ҳақида резолюсияни қабул қилди. Собиқ СССР БМТ конгрессларида 1960 йилдан иштирок эта бошлади.
БМТ Бош Ассамблеяси 1972 йил 18 декабрда ўзининг 3021-сонли резолюциясини қабул қилди. Унда БМТга аьзо бўлган давлатларга ўз мамлакатларидаги жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашнинг аҳволи ҳақида Бош котибга аxборот бериб бориш таклиф қилинди.
1976 йилда БМТ аьзо-давлатларга сўровнома юборди ва унга мувофиқ 1970-1975 йилларда рўйxатга олинган жиноятларнинг умумий сонини акс эттириш ҳамда уларни жиноятларнинг ўн тури (қасддан одам ўлдириш, шаxснинг соғлиғи ёки шаьнига қарши тажовуз, жинсий жиноятлар, одам ўғирлаш, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга xилоф равишда савдо қилиш ва ҳ.к.) бўйича маьлумотлар беришни сўради. 64 давлатнинг ҳукуматидан жавоблар олинди. Жавобларни таҳлил қилиш натижалари Жиноятчиликнинг биринчи обзори деб номланди ва унинг натижалари Бош котибнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 32-чи сессиясидаги маьрузасида баён этилди.
Кейинчалик БМТ 1975-1980 йиллардаги жиноятчиликнинг тенденциялари ҳақида аxборотлар олишга мўлжалланган ишларни амалга оширди. 70 мамлакатнинг ҳукумати ўз давлатларидаги жиноятчиликнинг аҳволи ҳақида аxборот берди. Таҳлил натижалари БМТнинг Еттинчи конгрессида (1985 йил, Милан) эьлон қилинган Жиноятчиликнинг иккинчи обзорида баён этилди. Конгресс ўзининг «Жиноятчилик ва жиноят адлияси соҳасидаги аxборот ва статистика тизимларини ривожлантириш» деб номланган резолюциясида жиноятчиликнинг обзорлари натижаларини мустақил ўрганиш, мавжуд қийинчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш йўллари бўйича тавсиялар тақдим этди.
Кейинги обзорни тайёрлаш учун 95 мамлакатдан жавоблар олинди. Собиқ СССР ҳам биринчи марта маьлумотлар тақдим этди. Таҳлил 1980-1986 йилларни қамраб олди. Унинг натижалари Учинчи обзорда баён этилиб, БМТнинг Саккизинчи конгрессида (1990 йил, Гавана) баён этилди. Конгресс ўзининг «Жиноят адлияси соҳасидаги БМТ статистик обзорларини ривожлантириш» резолюциясида обзорларнинг ривожланишини фаоллаштириш ва уларнинг услубий негизини такомиллаштиришни таклиф қилди.
Рўйxатга олинган жиноятчилик, жиноий жавобгарликка тортилган шаxслар, маҳкумлар ҳақида маьлумотлар олиш учун янги сўровнома ишлаб чиқилди. Бу сўровнома тўрт бўлимдан ташкил топган эди. Унга полиция, прокуратура, суд, турмалар, жиноятчилик фаолиятига оид саволлар киритилган эди. 1986-1990 йилларда содир этилган қасддан ва эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш, зўравонлик номусга тегиш, талончилик, ўғрилик, ўзганинг турар жойига қонунга xилоф равишда кириш, фирибгарлик, пораxўрлик ва бошқа жиноятлар бўйича статистик маьлумотлар бериш лозимлиги киритилди, 100 мамлакатдан жавоблар олинди. Собиқ СССР ҳудудидан Арманистон, Беларусь, Латвия, Литва, Молдова, Россия, Тожикистон ва Естония жавоб юборди. Тўртинчи обзорнинг натижалари БМТнинг Тўққизинчи конгрессида (1995 йил, Қоҳира) баён қилинди. 1999 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси xам жиноятчилик ҳолати xакида БМТга маьлумот бериб бормоқда.
Обзорлар ўтказилиши жараёнида жавоблар сони ортди, обзорлар негизи, уларни обьективлаштириш ва аппроксимасия қилиш усуллари кенгайиб ва такомиллашиб борди, БМТ ҳамда алоҳида давлатлар ташаббуси билан ўтказилаётган қиёсий таҳлилларнинг зарурлиги чуқур англаб этилди.
БМТда жаҳондаги жиноятчиликнинг тенденсияларини вақти-вақти билан кузатиб бориш, алоҳида давлатларда эса–ўз мамлакатларидаги криминологик воқеликни бошқа мамлакатларнинг маьлумотларига ва бутун жаҳон бўйича маьлумотларга қиёслаб таҳлил қилиш, шунингдек маҳаллий жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш учун бошқа давлатларнинг тажрибасидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди.
Маьлумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1945 йилнинг октябрида ташкил топган. БМТ Уставига биноан у барча долзарб муаммолар бўйича давлатлар ўртасидаги xалқаро ҳамкорлик учун масьулдир. Мамлакатларнинг жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлиги масалалари билан БМТ органларидан бири–Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш (ЭКОСОС) бевосита шуғулланади. 1950 йили бу кенгаш таркибида Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан муносабат билдириши бўйича экспертлар қўмитаси таьсис eтилди. 1971 йилда у Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш қўмитасига, 1993 йилда эса–Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноят адлияси бўйича комиссия деб қайта номланди.
Комиссия (қўмита) ЭКОСОСга жиноятчиликка қарши янада самарали кураш олиб бориш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида булишга қаратилган тавсия ва таклифлар тақдим этади.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мазкур орган зиммасига ҳар 5 йилда бир марта Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан муносабат бўйича БМТ конгрессларини тайёрлаш вазифасини юклатилган. Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноят адлиясига доир xалқаро қоидалар, стандартлар ва тавсиялар ишлаб чиқишда БМТ конгресслари асосий роль ўйнайди. Ҳозирги вақтгача 9 конгресс ўтказилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |