Махсус криминологик профилактика, кўпгина олимларнинг фикрича, жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи шарт-шароит ва сабабларни бартараф этиш ёки нейтраллаштиришга бевосита қаратилган тадбирларни ўз ичига олади.
Профилактиканинг бу икки туридан адабиётларда охиргиси – махсус криминологик профилактикага муфассалроқ тавсиф берилган. Махсус криминологик профилактикани таснифлаш замирида ҳар хил мезонлар ётади. Г.М.Миньковский унинг икки асосий белгисини: жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар хусусиятини (техник, процессуал, ташкилий) ва таъсир кўрсатиш объектларини кўрсатади.46
В.Г.Танасевич профилактика фаолиятини таснифлашда қуйидаги икки белгидан фойдаланишни таклиф қилади: фаолиятнинг жиноят-процессуал қонун билан тартибга солинганлик даражаси (процессуал ва нопроцессуал тадбирлар) ва фаолият хусусияти (муайян шахсга таъсир кўрсатиш чора-тадбирлари, муайян жиноятнинг олдини олиш чора-тадбирлари ва жиноят содир этилишига имконият яратувчи шарт-шароит ва сабабларни бартараф этиш чора-тадбирлари)47.
А.Э.Жалинский махсус криминологик профилактика таркибини кўриб чиқаркан, унинг қуйидаги белгиларини фарқлашни таклиф қилади: профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш мақсади, усуллари, таомили ва кўникмалар; чора-тадбирларнинг ташкилий шакллари; шарт-шароитлари; огоҳлантирувчи самараси.48
М.М.Бабаев профилактика чора-тадбирларини уларнинг таъсир даражасига кўра таснифлашни таклиф қилади:
- криминоген ҳодисалар ва ҳолатлар юзага келишининг олдини олувчи чора-тадбирлар;
- криминоген ҳодисалар ва ҳолатларни бартараф этувчи чора-тадбирлар;
-криминоген ҳодисалар ва ҳолатларни нейтраллаштирувчи чора-тадбирлар;
- криминоген ҳодисалар ва ҳолатлар юзага келишини қийинлаштирувчи чора-тадбирлар.49
Шундай қилиб, жиноятлар профилактикасини таснифлашда турли муаллифлар ҳар хил мезонларга, кимдир – субъектнинг ўзига хос хусусиятларига, кимдир – профилактикани амалга ошириш усулларининг ўзига хос хусусиятларига, кимдир – профилактика чора-тадбирларини ҳуқуқ нормалари билан тартибга солишга, яна кимдир (улар кўпчиликни ташкил этади) – профилактика чора-тадбирларининг хусусиятига асосланади.
Профилактика чора-тадбирларини таснифлаш доим изчил ва муайян мезонга кўра амалга оширилади. Шу боис энг аввало таснифлаш мезонларини таҳлил қилиш лозим.
Танланган мезонга кўра таснифлаш барча ўхшаш ҳолатлар ёки ҳодисаларни қамраб олиши, мезон эса таснифлашни умумийдан хусусийга томон ҳаракат қилиш принципига асосан амалга ошириш имконини бериши керак. Бунинг учун индивидуаллаштирувчи белгиларни аниқлаш ва уларнинг ёрдамида таснифлашни амалга ошириш зарур.
Ҳозирги вақтда адабиётларда ҳам, ижтимоий субъектларнинг амалий фаолиятида ҳам профилактиканинг икки тури: умумий ва индивидуал профилактика кенг тарқалган.
Умумий профилактика фаолияти давлат ва жамоат ташкилотларининг жиноятчилик сабабларини, жиноятларга имконият яратувчи шарт-шароитларни, шунингдек жиноий натижага эришишни енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш фаолиятини ўз ичига олади.
Умумий профилактика чора-тадбирлар тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ҳодиса сифатидаги жиноятчилик сабабларини аниқлаш ва ўрганиш чора-тадбирлари;
- жиноятчилик муайян турларининг (масалан, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик, рецидив жиноятчилик, ичкиликбозлик билан боғлиқ жиноятчилик ва ҳоказоларнинг) олдини олиш чора-тадбирлари;
- жиноятларнинг муайян гуруҳлари ёки турларининг содир этилиши сабабларини ва уларга имконият яратувчи шарт-шароитни аниқлаш ва бартараф этиш чора-тадбирлари;
- жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи ёки жиноий натижага эришишни енгиллаштирувчи объектив ҳолатларга барҳам бериш чора-тадбирлари.
Шундай қилиб, умумий профилактика чора-тадбирларига ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-маданий, мафкуравий, ташкилий, ҳуқуқий, техникавий ва бошқа чора-тадбирлар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |