5-мавзу. ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
1. Жиноятчиликнинг олдини олиш тушунчаси
2. Жиноятларнинг олдини олиш таркиби
3. Жиноятларни профилактика қилиш турлари
7.1. Жиноятчиликнинг олдини олиш тушунчаси
Жиноят учун жазо бергандан кўра, унинг олдини олган маъқуллиги умумэътироф этилган. Бу - ҳар қандай ижобий қонунчиликнинг бош вазифасидир. Ҳозирги вақтда ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий, салбий ҳодисаларга нисбатан қўлланилган «жиноятчиликнинг олдини олиш», «профилактика қилиш», «огоҳлантириш», «тўхтатиш», «барҳам бериш» каби атамалар нафақат махсус адабиётларда, балки ҳар хил норматив ҳужжатларда, шунингдек вақтли матбуотда ҳам кўп учрайди.
Бу атамалар ИИВ, МХХ, адлия, прокуратура, суд, хўжалик суди, солиқ, божхона, ўт ўчириш, чегара хизматлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий ходимлари, шунингдек жамоат ташкилотларининг жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича муайян вазифаларни бажарувчи вакиллари томонидан кенг қўлланилади. Баъзи бир идораларнинг (хусусан, ИИВнинг) ўқув юртлари тизимида «Жиноятлар профилактикаси» фани ўқитилади.
Криминологияга оид адабиётларда жиноятчиликнинг олдини олиш тушунчаси ҳақида кўп фикр юритилади, лекин мазкур тушунчанинг умум эътироф этилган таърифи мавжуд эмас.32
Жиноятлар профилактикасига оид йирик тадқиқот муаллифи Г.А.Аванесов ўз китобининг биринчи нашрини «Криминология ва ижтимоий профилактика» деб номлаган.33
Жиноятларнинг олдини олиш муаммосига бағишланган дастлабки илмий тадқиқотлардан бири киевлик И.А.Гельфанд ва П.П. Михайленконинг «Жиноятларнинг олдини олиш – жиноятчиликка барҳам бериш учун кураш негизи» монографиясидир.34 Унда муаллифлар жиноятларнинг олдини олиш соҳасида қўлланиладиган атамалар тўғрисида сўз юритиб, «олдини олиш», «барҳам бериш», «профилактика қилиш», «тўхтатиш» атамаларининг мазмунида фарқ қидириш ўринли эмаслигини, бу атамаларнинг мазмуни бирлигини – шу маънода улар муайян шахслар томонидан жамиятга зарар етказувчи қилмишлар содир этилишининг олдини олиш ва кейинчалик бундай ҳолатларга мутлақо барҳам бериш чора-тадбирларини кўриш зарурлиги ҳақидаги фикрни ифодаловчи синонимлар эканлигини таъкидлайдилар.
Мазкур муаммога оид тадқиқотларни ХХ асрнинг 70-йилларида эълон қилган бошқа муаллифлар эса, аксинча, кўрсатиб ўтилган атамалар маъноси ўртасида фарқ мавжудлигини қайд этадилар. Хусусан, А.Г.Лекарь ва А.Ф.Зелинский «жиноятларнинг олдини олиш» ва «жиноятлар профилактикаси» атамаларини бир-биридан фарқлайдилар. Улар «жиноятларнинг олдини олиш» деганда муайян жиноят содир этилишига қаршилик кўрсатишни, «жиноятлар профилактикаси» деганда эса – жиноят содир этилишига имконият яратувчи шарт-шароит ва сабабларни бартараф этишни тушунадилар. Уларнинг фикрича, «профилактика»га жиноятчилик сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш жараёнини, «жиноятларнинг олдини олиш»га эса – режалаштирилаётган ва тайёрланаётган жиноятларга йўл қўймасликни киритиш лозим.35
Т.А.Аванесов кўрсатиб ўтилган атамалар бир-бирини истисно этмаслигини, улар ўртасида фарқдан кўра ўхшашлик кўпроқ эканлигини, моҳият эътибори билан улар турдош тушунчалар ҳисобланишини таъкидлаган ҳолда, жиноятлар профилактикасига икки хил маънода таъриф беради. Кенг маънода жиноятлар профилактикаси – муайян жиноятларга йўл қўймаслик, жамиятнинг муайян аъзоларини ҳуқуқбузарликлар содир этишдан тийиб туриш демакдир. Бошқача айтганда, бу – ҳуқуқ, шу жумладан жиноят ҳуқуқи (жиноят қонунчилиги) нормалари бузилишига йўл қўймасликдан иборат фаолият. Шу маънода жиноятлар профилактикаси мазмунига ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ҳам киради. Тор маънода эса, жиноятлар профилактикаси деганда, биринчидан, жиноятларнинг сабабларини, уларни содир этишга имконият яратувчи ҳолатлар ва шарт-шароитни аниқлаш бўйича фаолиятни; иккинчидан, жиноят содир этиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан зарур огоҳлантириш тадбирлари ўтказиш бўйича фаолиятни тушуниш лозим. Бу икки тушунча жамулжам ҳолда «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» умумий тушунчасини вужудга келтиради.36
Шунга ўхшаш фикрни бошқа муаллифларнинг асарларида ҳам учратиш мумкин. Бизнинг назаримизда, «жиноятларнинг олдини олиш», «жиноятлар профилактикаси» атамаларига ҳар хил маъно юклаш мумкин эмас, чунки умумсиёсий, юридик ва фиолологик адабиётларда улар бир хил маънода қўлланилади. Қонунчиликда ҳам биз кўрсатиб ўтилган атамалар ўртасида фарққа дуч келмаймиз.
Кўрсатиб ўтилган атамалар ўртасида «жиноятларнинг олдини олиш» айниқса кенг тарқалгандир. Бу фикрни жуда кўп муаллифлар таъкидлайди.37
Жиноятларнинг олдини олиш ёки жиноятлар профилактикаси тушунчаси ҳақида махсус адабиётларда кўп фикрлар билдирилган. Лекин мазкур тушунчага нисбатан «давлат ва жамоатчилик органлари ва ташкилотларининг жиноятларнинг сабаблари ва шарт-шароитини бартараф этиш ёки уларни нейтраллаштиришга қаратилган чора-тадбирлари ёки чора-тадбирлар мажмуи», деган таъриф кенг тарқалган.
Бизнинг фикримизча, «жиноятларнинг олдини олиш» ва «жиноятлар профилактикаси» тушунчалари ўртасида узвий боғланиш мавжудлигини инкор этиш мумкин эмас. «Жиноятларнинг олдини олиш» нисбатан умумий тушунча бўлса, «жиноятлар профилактикаси»да жиноятларнинг олдини олишда муайян чора-тадбирларнинг роли таъкидланади.
Шу билан бирга, бу икки тушунча ўртасида мутлақ тенглик белгисини қўйиш ҳам ўринли бўлмайди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун «жиноятларнинг олдини олиш» тушунчасининг «ички» тузилишини янада муфассалроқ кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |