3.3. Жиноятчилик сабабларини таснифлаш муаммоси
Ҳар қандай таснифлаш билим ёки инсон фаолияти соҳасидаги турдош тушунчалар тизимини (ўрганилаётган объектларнинг туркумларини) англатади. Ундан мазкур тушунчалар ёки объектларнинг туркумлари ўртасидаги боғланишларни аниқлаш воситаси сифатида фойдаланилади.
Илмий тасниф унда ифодаланган борлиққа хос бўлган қонунлар тизимини акс эттиради. Муҳим белгилар ҳам, бошқа белгилар (мезонлар) ҳам таснифлаш учун асос бўлиши мумкин. Мезон – ҳодисалар, нарсаларни баҳолаш, таърифлаш ёки таснифлаш учун асос қилиб олинган белги, ўлчовдир.
Жиноятчилик муаммоларини ечиш, аниқроғи – ечишга уриниш илмий таснифга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Илмий тасниф муайян даражада мустаҳкам методологик негизга асосланиши лозим.
Криминологияда умуман олганда жиноятчилик сабабларини таснифлашнинг мантиқан изчил тизими шаклланган.
Криминологияда жиноятчилик сабабларининг биринчи ва асосий таснифи сабабларнинг «амал қилиш даражаси»га асосланади ва умумий, махсус ва хусусий ўзаро нисбатининг диалектикаси билан белгиланади. Жиноятчилик сабабларининг умумийлик даражаси ушбу таснифнинг мезони сифатида амал қилади. Бунда барча омиллар мажмуини қуйидагича гуруҳлаш мумкин:
а) умуман жиноятчилик сабаблари (барча жиноятларнинг умумий сабаблари);
б) жиноятлар турли тоифаларининг сабаблари (махсус сабаблар);
в) муайян жиноятларнинг сабаблари.
Жиноятчилик сабабларининг иккинчи таснифи муайян сабаблар намоён бўладиган ижтимоий ҳодисаларнинг мазмуни ва хусусиятига асосланади. Бунда жиноятчилик сабабларини тўрт асосий гуруҳга ажратиш мумкин:
1) ижтимоий-иқтисодий сабаблар;
2) мафкуравий сабаблар (ушбу гуруҳга маданий-тарбиявий сабаблар ҳам киради);
3) ташкилий-бошқарув сабаблари;
4) ижтимоий-психологик сабаблар.
Жиноятчилик сабабларининг учинчи таснифи сабабларни тўлиқлик ва ўзига хослик белгиларига қараб гуруҳлашнинг мақсадга мувофиқлигига асосланади.
Бунда жиноятчиликнинг «тўлиқ сабаби»ни қуйидагилар тавсифлайди:
1) барча ижтимоий ҳодисалар ва фактлар мажмуи;
2) улар ҳар хил хусусиятга эгалиги (яъни ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий, ташкилий-бошқарув, ҳуқуқий, ижтимоий-психологик ҳодисалар ва омиллар);
3) ҳодисалар ва омиллар жиноятчиликда ҳар хил тарзда намоён бўлиши (яъни асосий, иккинчи даражали, бевосита ва билвосита ҳодисалар ва омиллар).
Ўзига хослик белгисига қараб аниқланадиган алоҳида сабаб жиноятчиликнинг тўлиқ сабаби таркибига киради ва жиноятчиликнин алоҳида сабаби сифатида қаралади. Жиноятнинг ўзига хос сабабини тадқиқ қилиш муайян тарихий шароитда жиноятчиликка қарши курашнинг муҳим йўналишларини аниқлаш имконини беради.
Жиноятчилик сабабларининг тўртинчи таснифи жиноятчиликка ижтимоий омилларнинг «таъсир механизми»га асосланади. Бу ерда жиноятчилик сабаблари ва унга имконият яратувчи шарт-шароитлар фарқланади. Сабаблар асосан шахс соҳасида ётади.
Масалан, ғайриижтимоий қарашлар ва одатлар жиноятчилик сабабларига киради. Бунда сабаб ва оқибат боғланиши қуйидаги кетма-кетликда намоён бўлади: ҳаёт ва тарбия тафсилотлари – шахснинг ўзига хос хусусиятлари – муайян вазиятдаги хулқ-атвор хусусиятлари.
Жиноятчилик сабабларининг бешинчи таснифи сабабларни объектив, объектив-субъектив ва субъективга ажратишга асосланади. Мавжудлиги шахснинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган сабаблар объектив сабаблар ҳисобланади.
Субъектив сабаблар одамлар, уларнинг бирлашмалари хоҳиш-иродаси ва фаолияти билан белгиланади.
Жиноятчилик сабабларининг олтинчи таснифи ижтимоий-иқтисодий тузумнинг, жамиятнинг ўзига хос хусусиятларига асосланади.
Жиноятчилик сабабларини таснифлашнинг ушбу схемасини мукаммал деб бўлмайди. Биз бу ерда фақат умумий эътироф этилган таснифларга тўхталиб ўтдик.
Шу билан бирга, жиноятчилик сабабларини бошқа бир қанча мезонларга кўра таснифлаш учун имконият ва зарурат мавжуд деб ўйлаймиз.
Биринчидан, жиноятчилик сабабларининг манбалари сонига кўра, бир омилли ва кўп омилли сабабларни фарқлаш мумкин. Буни юқорида сўз юритилган жиноятчилик сабабларини ўрганиш тарихи (масалан, «омиллар» назарияси ёки «хромосомалар» назарияси) кўрсатади.
Иккинчидан, сабабларни жиноий хулқ-атвор турлари ва хусусиятига кўра таснифлаш мумкин. Мулкка қарши, зўравонлик, давлатга қарши, транспортга оид, ҳарбий ва бошқа жиноятларнинг сабаблари шулар жумласидан.
Учинчидан, жиноятчилик сабабларини жиноятларнинг оқибатлари хусусиятига кўра таснифлаш мумкин (ўта оғир, оғир, унча оғир бўлмаган, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ва ҳ.к.).
Тўртинчидан, жиноятчилик сабабларини улар намоён бўлган соҳаларга кўра таснифлаш мумкин (қишлоқ хўжалик, савдо, қурилиш соҳасидаги, жамоат жойларидаги жиноятлар ва ҳ.к.).
Бешинчидан, жиноятчилик сабабларини жиноят содир этган шахсларнинг белгиларига қараб таснифлаш мумкин (масалан, маҳкумлар орасидаги жиноятчилик, вояга етмаганлар жиноятчилиги, рецидив жиноятчилик, мансабдорлик жиноятлари ва ҳ.к.).
Ниҳоят, жиноятчилик сабабларини жиноят содир этган шахсларнинг айб шаклига кўра таснифлаш мумкин (масалан, муайян соҳада эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва шартлари, муайян соҳада маълум шахслар томонидан қасддан содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва шартлари ва ҳ.к.). Мазкур тасниф нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эгадир, чунки у жиноятчиликка қарши курашиш профлиактик чора-тадбирлари тизимини янада аниқроқ ва муфассалроқ ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |