Гарри С.Беккер ва Исаак Эрлихнинг жиноятчилик иқтисодий назарияси биз ҳозир бошдан кечираётган бозор муносабатларига ўтиш даврига бевосита дахлдор бўлган жиноятчилик сабабларининг энг қизиқарли ва замонавий назарияларидан биридир.
Сиёсий иқтисодчи Гарри С.Беккер биринчилардан бўлиб криминология классик мактабининг қуйидаги далилларини тиклади: одам унинг мотивацияси бошқа одамлар мотивациясидан фарқ қилганлиги учун эмас, балки ўз ҳаракатларининг сарф-харажатлари ва фойдали томонларини таҳлил қилиб, ўз қарорларини қабул қилиш учун бошқача хулосалар чиқарганлиги учун жиноятчига айланади. Жиноятчи мутлақо оқилона қарор қабул қилади. У ўз ахборот имкониятлари доирасида ўзининг имкониятларини текшириб кўради ва энг кам харажатларда ва айниқса, камроқ жазога тортилиш хавфи билан кўпроқ шахсий наф кўришни ваъда қилган ҳаракатни танлайди.
Бошқа сиёсий иқтисодчи Исаак Эрлих фикрига кўра, жиноятчилар бундай имкониятларга жиноятчиликка мойил бўлмаган одамлар билан бир хилда муносабатда бўлади. Жиноий жазога лойиқ қилмишларни, айниқса, мулкий жиноятларни улар «бозордаги нормал операциялар» каби содир этадилар. Жиноятнинг оғирлик даражаси мускул кучи ва харажатларга қараб аниқланади. Ҳар бир жиноятчи харажатлар ва кўрилиши мумкин бўлган нафни шундай таҳлилдан ўтказади. Исаак Эрлих фикрига кўра, жиноий қилмишларнинг «яширин бозори» ҳуқуқбузарлар хулқ-атворини тартибга солади ва мувофиқлаштиради. Боз устига, мазкур бозор жиноятлардан жабрланувчиларнинг хулқ-атворини, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ҳам тартибга солади.
Бундан ташқари, И.Эрлих фикрига кўра, жиноятлардан жабрланиши мумкин бўлган шахслар ҳар хил эҳтиёт чоралари ёрдамида ўзларини жиноятлардан ҳимоя қиладилар. Бундай эҳтиёт чоралари қаторига, масалан, қўриқлаш сигнализацияси ўрнатиш, сейф харид қилиш билан боғлиқ харажатларни киритиш мумкин. Кўрсатиб ўтилган объектларга тажовуз қилиш имкониятларининг чекланиши жиноий қилмишларни муваффақиятли амалга ошириш харажатларини кўпайтиради. Пировард натижада жиноятни даромадлар тенгсизлиги вужудга келтиради, деб таъкидлайди иқтисодчи. Бу тенгсизликка барҳам бериш учун маълумот олиш, бандлик ва етарли даромад олиш имкониятларини жамиятнинг барча вакиллари учун тенглаштириш зарур.
Вестфалия университети криминология институтининг раҳбари Ганс Иоахим Шнайдер жиноятчилик сабабларининг уч иқтисодий назариясини қайд этади:
1) депрессия назарияси – конъюнктура юқори бўлган даврда жиноятчилик камаяди, иқтисодий депрессия даврида эса – кучаяди;
2) экспансия назарияси – иқтисодиёт ўсиши билан жиноятчилик ҳам ўсиб боради, иқтисодий ўсиш пасайиши билан эса – пасаяди;
3) депрессия ва экспансиянинг уйғунлик назарияси – иқтисодиёт юксалган ва пасайган пайтларда жиноятчиликнинг ўсиши рўй беради25.
Жиноятчилик сабабларига нисбатан асосий ёндашувларнинг қисқача таҳлилидан умумий хулоса тариқасида қуйидагиларни қайд этиш мумкин.
Ҳар қандай ҳодиса серқиррадир. У минглаб боғланишлар ва ўзаро таъсирларга эга. Жиноятчилик ҳам, унинг сабаблари ҳам бундан мустасно эмас. Боз устига, улар энг мураккаб ҳодисалардир.
Буни тан олиш уларни кўп томонлама тушунтириш имконияти ва зарурлигини назарда тутади. Шу сабабли юқорида қайд этиб ўтилган барча назариялар яшаш ҳуқуқига эгадир.
Жиноятчилик сабаблари муаммосига ҳар хил ёндашувлар илгари сурилиши мумкин. Вазифа ҳар хил омиллар йиғиндисида ҳар бирининг ўрни ва ролини аниқлаш, уларни изчил бир тизимга солишдан иборатдир. Аммо бунинг учун, албатта, жуда истеъдодли «меъмор» зарур.
Шу билан бирга, кўрсатилган омилларнинг замон ва маконда ўзаро таъсирга киришиш, нафақат барча жиноятларга (умумий) ва муайян жиноятларга (хусусий) нисбатан, балки жиноятларнинг муайян тоифаларига нисбатан (махсус) намоён бўлиш механизмини (шаклларини) аниқлашга ҳаракат қилиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |