Жиноятчилик сабабларининг социологик назариялари. Жиноятчилик сабабларига нисбатан социологик ёндашувлар асосан XVIII-XIX асрлар оралиғида шаклланди. Ушбу таълимотларнинг асосий хусусияти шундан иборатки, улар аввало экзоген омилларга ва уларнинг кўплигига эътибор беради.
XVI асрдаёқ Томас Мор ўзининг «Утопия» асарида инглиз жамиятида жиноий хулқ-атвор айрим шахсларнинг қашшоқлиги ва айрим шахсларнинг паразитик турмуш тарзи билан бирлигидан келиб чиққан эди.
Кампанелла (XVII аср) «Қуёш шаҳри» асарида жиноятчилик кўпчилик одамларнинг қашшоқлиги билан боғлиқлигини, жамиятни одиллик ва жамият аъзоларининг тенглиги принципларида қайта қуриш зарурлигини таъкидлайди.
А.Морелли «Табиат кодекси»да инсон табиатан камчилик-қусурлардан холи туғилишини қайд этади.
Ж.П.Марат (1743-1793), А.Н.Радишчев (1749-1802) асарларида жиноятчилик бир одамнинг бошқа одамга зулм ўтказиши, жамиятдаги зўравонлик, адолатсизлик билан боғланади.
Ж.П.Марат ўзининг «Жиноят қонунчилиги режаси» (1789) асарида асосан жиноятчилик ижтимоий-иқтисодий омиллар билан боғлиқлиги тўғрисидаги ғояни ривожлантирди. У жамиятда ҳукм сураётган камчилик вакиллари томонидан содир этиладиган жиноятларни қайд этиб ўтди.
Рус мутафаккири ва демократи А.Н.Радишчев ўзининг «Петербургдан Москвага саёҳат» ва «Қонун-қоидалар тўғрисида» номли асарларида жиноятчилик жамият қурилиши хусусияти, Россиядаги крепостнойлик тузумининг ижтимоий-иқтисодий шарт-шароити билан боғлиқ эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, у жиноятчилик сабабларини статистик маълумотлар негизида ўрганиш дастурини махсус ишлаб чиқди.
Социалист-утопистлар жиноятчилик сабабларини шахсий мулкнинг мавжудлиги ва адолатсизлик билан боғлайдилар. А.Сен-Симон (1760-1858) асарларида жиноятчиликнинг одамлар турмуш шароити замирида яширин туб сабаблари кўрсатилади. Социалист-утопистлар чайқовчилик, судхўрлик билан боғлиқ жиноятчиликка ишора қилиб, зўравонлик ва эксплуатация, тарбиясизлик ва ёмон қонунлар шароитида жиноятчиликка қарши курашиш беҳуда эканлигини таъкидлайдилар. XIX аср рус демократлари А.Н.Герцен, В.Г.Белинский, Н.А.Добролюбов, Н.Г.Чернишевский ҳам жамиятдаги жиноятчилик сабаблари тўғрисида шунга ўхшаш хулосаларга келдилар.
Бельгиялик олим, социолог, статистик Адольф Кетле (1796-1874) ўз асарларида жиноятчиликнинг ижтимоий муносабатлари билан алоқасини тадқиқ қилди, жамиятнинг ўзи жиноятлар содир этилишига туртки беришини таъкидлади. Статистика ёрдамида у шахс хулқ-атвори, у тарбияланган муҳит, унинг маълумоти ва ҳоказолар ўртасидаги боғланишни аниқлашга ҳаракат қилди.
Голланд криминологи Ван-Гамель (1842-1917) социологик мактаб доирасида ижтимоий омилларга, улар орасида эса – иқтисодий шарт-шароитларга (айниқса, бойиш иштиёқига) алоҳида эътибор берди.
Немис криминалисти Лист (1851-1919) жиноятчиликка нафақат жамиятнинг иқтисодий шароитлари, балки уруш, алкоголизм, баъзи бир урф-одатлар ва удумлар, тарбиядаги қусурлар ва проституция ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Бельгиялик криминолог Бонгер (1876-1940) жиноятчиликни аввало ижтимоий тузум маҳсули деб тавсифлади. Бундан ташқари, у болалар меҳнати, узун иш куни, иқтисодий тангликлар, рўзғордаги камчиликлар каби ижтимоий омилларни ҳам жиноятчилик омиллари сифатида қайд этди.
Америкалик криминолог Верон Фокснинг «Крминологияга кириш» асарида жиноий хулқ-атвор онтологиясининг баъзи бир иқтисодий назариялари, «табақалаштирилган боғланиш», «субмаданиятлар», «нейтраллаштириш», «дрейф», «сигмация» назариялари, ниҳоят, жиноятчилик сабабларини экологик асослантириш назариялари кўриб чиқилади.
Хўш, уларнинг бир-биридан фарқи нимада?
Э.Дюркгеймнинг юқорида қайд этиб ўтилган «аномия» назарияси Р.Мертон таклиф қилган америкача вариантида жиноятчиликни ижтимоий ахлоқнинг завол топиши, жамият институтлари ижтимоий-сиёсий жиҳатдан инқирозга учраши, бунинг натижасида шахс жамиятга қарши исён кўтариши ёки ўз жонига суиқасд қилиши билан тушунтиришга ҳаракат қилади.
Америкалик криминолог Эдвин Сатерленд (1883-1950)нинг «табақалаштирилган боғланишлар» назарияси жиноятчилик сабабини жиноий хулқ-атворга ўргатиш натижаси сифатида талқин қилади. У илгари сурган назарияга асосан, жиноий хулқ-атвор шахс муҳитида қонунбузарликка туртки берувчи мезонлар қонунга бўйсунишга мажбур қилувчи мезонларга қараганда устунроқ эканлигининг оқибатидир.
Криминологияга оид таълимотлар тарихида жиноятчилик сабабларининг нисбатан янги концепцияси марксизмнинг синфлар назарияси таъсирида вужудга келди.
Н.Ф.Кузнецова фикрига кўра, салбий иқтисодий, мафкуравий, маданий, тарбиявий, ташкилий, бошқарув, ижтимоий-психологик омиллар мажмуи жиноятчиликка сабаб бўлади17.
Л.И.Спиридоновнинг фикрича, жиноятчиликнинг алоҳида сабаблари мавжуд эмас: айни бир махсус ҳодисалар ҳар хил шароитда турли ижобий ёки салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Криминологиянинг вазифаси жамиятда мавжуд ноантагонистик руҳдаги қарама-қаршиликлар одамларнинг ижтимоий хоссаларида намоён бўлиб, уларнинг у ёки бу даражадаги салбий хулқ-атворига қандай туртки беришини аниқлашдан иборатдир18.
А.А.Пионтковский жиноятчилик сабабларининг асосий мазмуни жамият аъзоларининг муттасил ўсиб борувчи эҳтиёжлари билан уларни қондириш моддий воситалари ўртасидаги қарама-қаршиликдан иборатдир, деб таъкидлайди19. С.А.Домахин эса, аксинча, ижтимоий муносабатлар ғайриижтимоий қарашлар ва жиноятларга сабаб бўлиши мумкин эмас, деган фикрни илгари суради20.
В.Н.Кудрявцев ғайриҳуқуқий хулқ-атвор субъект хулқ-атвори ва қонун талаблари ўртасида муттасил равишда кескинлашиб борувчи ва очиқ-ойдин конфликтга айланувчи ҳар хил қарама-қаршиликлар асосида ва шаклида вужудга келади ва ривожланади, деб ёзган эди. Унинг фикрича, бу қарама-қаршиликлар психологик, ижтимоий ёки аралаш кўринишга эгадир21.
В.Н.Кудрявцев қарама-қаршиликлар мавжуд бўлган ва намоён бўлувчи барча ҳодисалар ва жараёнларни объектив ва субъективга ажратишни таклиф қилади.
«Жиноятчиликнинг объектив сабаблари – бу ижтимоий борлиқдаги, одамларнинг иқтисодий ва ижтимоий муносабатларидаги муайян қарама-қаршиликлар, ғайриижтимоий мойилликларга сабаб бўлувчи қийинчиликлар ва камчиликлардир, - деб таъкидлайди у. – Объектив шарт-шароит – бу ҳуқуқбузарликларнинг субъектив ва объектив сабаблари таъсирини қувватловчи, баъзан эса – жонлантирувчи ташкилий, ҳуқуқий, техникавий йўсиндаги камчиликлардир».
В.Н.Кудрявцев фикрига кўра, жиноятчиликнинг субъектив сабаблари – бу ижтимоий психология унсурлари, қусурли эҳтиёжлар, қизиқишлар, мақсадлар, мотивлар, субъектив шарт-шароит эса – аҳолининг демографик ва ижтимоий-психологик хусусиятлари (феъл-атвори, мижози, жинси, ёши ва ҳ.к.)дир.
Аммо жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисаларни гуруҳлашга нисбатан бошқача, янада оқилона ёндашув ҳам мумкин, деб таъкидлайди В.Н.Кудрявцев. Бу – шахс, кичик ижтимоий гуруҳ, жамоа ва умуман жамият. Мазкур ёндашувда жиноятчилик сабаблари жамият, синф, меҳнат жамоаси, кичик ижтимоий гуруҳ, шахс каби тизимлар доирасида элементларнинг номувофиқлашуви, шунингдек мазкур тизимлар, кичик тизимлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар тарзида амал қилади. Кўриб турганимиздек, муаллиф қарама-қаршиликларни фақатгина жиноятчилик манбаларидан бири деб ҳисоблайди.
Фалсафа фани вакиллари ижтимоий ва шахсий муносабатлар ўртасида қуйидаги қарама-қаршиликларни фарқлайдилар:
1) кураш билан боғлиқ қийинчиликлар айрим шахсий эҳтиёжларни қондиришни вақтинчалик чеклаш ёки кечиктиришга мажбур қилишидан келиб чиқадиган қарама-қаршиликлар;
2) жамият ҳаётини, меҳнат ва тақсимлаш муносабатларини ва ҳоказоларни ташкил этишдаги камчиликлар билан боғлиқ қарама-қаршиликлар;
3) шахснинг шахсий интилишлари ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар22.
Шахс ва жамият ўртасидаги энг кескин тўқнашувлардан бири бўлган жиноятчилик жамиятда мавжуд ижтимоий қарама-қаршиликлар билан бевосита ёки изчил боғлиқдир.
Нисбатан янги «деформациялар» назарияси «қарама-қаршиликлар» назариясига яқин туради.
А.Номоконов ҳар қандай қарама-қаршиликларни эмас, балки ижтимоий тараққиётга тўсқинлик қилувчи қарама-қаршиликларнигина жиноятчилик манбаи деб ҳисоблайди. Бундай қарама-қаршиликларни у «жамият ҳаётидаги деформациялар» деб номлашни таклиф қилади.23 Унинг фикрича, муайян микромуҳитда, шахснинг турмуш тарзи ёки ҳолатида намоён бўлувчи «деформациялар мажмуи» муайян жиноятларга сабаб бўлади.
Профессор В.С.Устинов А.Номоконов асарига ёзган тақризида ҳар қандай қарама-қаршиликлар жиноятчилик манбаи бўлиши мумкинлигини таъкидлайди, чунки жамият тараққиётига имконият яратувчи омиллар жиноятчиликка қаршилик кўрсатувчи омилларга кўп жиҳатдан қарама-қарши бўлиши мумкин (тенг тақсимлаш жиноятларнинг олдини олишга кўмаклашади, лекин иқтисодий тараққиёт йўлига ғос бўлади; демократия фуқаронинг хулқ-атвор вариантларини танлаш чегараларини кенгайтириб, жиноятчиликнинг ривожланишига имконият яратиши мумкин; қўрқувга асосланган тоталитаризм жиноятларни камайтиради, лекин турғунликка сабаб бўлиши мумкин). Нима маъқуллигини жамиятнинг ўзи ҳал қилади.
Маданият етишмаган тақдирда демократия жуда кўп камчиликларга эга бўлади. Бироқ, юксак маданият, ҳуқуққа ҳурмат, моддий неъматлар етарлилиги билан муштарак демократия жуда кучли антикриминоген омил бўлиб хизмат қилади. Лекин, ҳатто биринчи кўринишда ҳам демократия нафақат иқтисодиёт, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳам тоталитаризмга қараганда афзалроқдир, деб таъкидлайди В.С.Устинов.
Профессор В.С.Волков ғайриижтимоий хулқ-атвор деформациясининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, жиноятчилик сабаблари ва шартларини уч гуруҳ (комплекс)га ажратишни таклиф қилади:
а) жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ сабаблар ва шартлар;
б) шахснинг жамиятга интеграциялашуви, унинг ижтимоий-психологик ўзига хосликлари билан боғлиқ сабаблар ва шартлар;
в) ижтимоий муносабатларни ижтимоий-ҳуқуқий тартибга солиш ва ҳуқуқий тартиботдаги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги камчиликлар билан боғлиқ сабаблар ва шартлар24.
Do'stlaringiz bilan baham: |