Шундай қилиб, рецидивнинг асосий белгиси – қилмишга давлат органи сифатидаги суд салбий баҳо берганлигига қарамай, қайта жиноят содир этиш. Ҳуқуқий рецидив ҳақида айтилганлар пенитенциар рецидивга ҳам тегишли. Фарқ шундаки, пенитенциаррецидив жазони ўташ чоғида юз беради. Унинг хавфлилик даражаси шу билан белгиланадики, шахс олдинги жинояти учун жазони ўтаб бўлмасидан янги жиноят содир этади. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ пайтида шахс давлатнинг махсус органлари назорати остида бўлади, бироқ бу уни тўхтатмайди.
Айни вақтда пенитенциар рецидивнинг бошқача талқини ҳам бор. Масалан, А.Х.Кунашев пенитенциар рецидив деганда «шахс озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони такроран ўташи»ни тушунади68. Бу фикрга қўшилиш қийин, чунки бу ерда урғу жиноят содир этиш соҳасидан жазони ўташ соҳасига кўчирилган. Агар муаллиф илгари озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаган шахс бу жазо унга қайта тайинланишига сабаб бўлган янги жиноят содир этганлигини назарда тутган бўлса, бу атама ўринли бўлмаса керак.
Биринчидан, лотинча "роеnа" сўзи нафақат озодликдан маҳрум қилишни, балки умуман жазони англатади. Бундан ташқари, рецидив тури шахсга тайинланган жазога боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Шу боис «пенитенциар» атамаси жазо тайинлаш пайтига эмас, балки жиноят содир этиш пайтига тегишли бўлиши лозим. Рецидив турини белгилаш билан боғлиқ бошқа атама – «постпенитенциар» атамаси шундан далолат беради. А.Х.Кунашев нуқтаи назаридан у умуман тушунтирилиши мумкин эмас. Бизнинг фикримизча эса, бу ерда жазо ўталганидан кейин содир этилган рецидив жиноят тўғрисида сўз юритилмоқда.
Адабиётларда рецидив турларининг ҳар хил мезонларга асосланган кўп сонли таснифлари таклиф қилинган. Масалан, умумий ва махсус рецидив, қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этилган рецидив, оддий ва кўп карра содир этилган рецидив фарқланади.
Умумий рецидив – бу олдинги жинояти учун судланган шахснинг ҳар қандай янги жиноят содир этиши. Махсус рецидив деганда шахснинг янги ўхшаш ёки турдош жиноят содир этиши тушунилади. Шу боис ўхшаш ва турдош рецидив фарқланади69.
Содир этилган жиноятлар сони ҳам шахснинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эканлигидан далолат бериши мумкин. Бу ерда оддий (бир карра) ва мураккаб (кўп карра) рецидив – илгари содир этилган жиноятлар учун таъсир чоралари қўлланилганидан кейин янги жиноят содир этиш ҳолати қайд этилади.
Қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида янги жиноят содир этиш ҳоллари ҳам ўзига нисбатан ҳар хил ёндашувларни тақозо этади.
Рецидивнинг санаб ўтилган турларидан ташқари адабиётларда бошқа рецидивлар ҳам учрайди. Масалан, X.Кинге жазони ўтагандан сўнг орадан узоқ вақт ўтгач янги жиноят содир этишга нисбатан «тасодифий» рецидив атамасини қўллайди70.
Олдинги жиноятнинг кейинги жиноятларга таъсири жиноят-ҳуқуқий адабиётларда махсус кўрилмаган. Масалан, А.С.Никифоров шахснинг барқарор турдош салбий хусусиятлари намоён бўлувчи қилмишларгина ўзаро боғлиқ, деб ҳисоблайди. Агар жиноятлар айбдор шахсининг уларда ўз аксини топган салбий хусусиятларига кўра ҳар хил бўлса, бу ҳатто жиноятлар мажмуи ҳам эмас, балки жиноятлар йиғиндиси ҳисобланади71. X.Кингс фикрига кўра, агар шахс жазони ўташ пайтида ахлоқан тузалмай, ўз ғайриижтимоий мойилликларини бироз ўзгартирган ва янги бошқа хил жиноят содир этган бўлса, бу умумий рецидив сифатида қаралади. Агар шахс ахлоқан тузалиб, кейинчалик унда ғайриижтимоий мойилликлар қайта шаклланган ва у янги жиноят содир этган бўлса, айни ҳолда тасодифий рецидив тўғрисида сўз юритиш мумкин. У ёки бу жиноятни умумий ёки тасодифий рецидив сифатида баҳолашда янги жиноят содир этилган вақт мезон бўлиб хизмат қилади. Агар янги жиноят судланганлик ҳолати тугатилиши ёки олиб ташланишидан олдин содир этилган бўлса, бу умумий рецидив бўлади, борди-ю жиноят судланганлик ҳолати тугатилганидан ёки олиб ташланганидан сўнг содир этилган бўлса, бу тасодифий рецидив бўлади.
X.Кингснинг бу ёндашуви шубҳасиз диққатга сазовор. Бироқ у таклиф қилган терминология эътироз уйғотади. Тасодифий рецидив деганда у криминологик рецидивни назарда тутади. «Криминологик рецидив» тушунчаси шахс ҳукм қилинганидан кейин янги жиноят содир этиши билан боғлиқ барча ҳолатларни қамраб олади. Бизнинг назаримизда, уни ўрганишда асосий эътибор рецидивдаги жиноятлар ўртасидаги ўзаро алоқага қаратилиши лозим. Бу маҳкумларнинг таркиби ва криминологик белгиларига кўра турдош тоифаларини фарқлашга ёрдам бериши, такрорий жиноят ҳамда айбдор шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасини баҳолашни енгиллаштириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |