3. Илк, олий ва кечки Тикланиш ёки Ренессанс.
Илк Ренессансда инсон индивидуаллиги биринчи ўринга қўйилади. Инсон шахси албатта, жисмонан, руҳан, ҳажмли тарзда тушунилади. Инсон гўёки янгиланиб, ёшариб, ўз бахтини топа бошлайди – у атроф-муҳит ва ўзи билан уйғунликда яшайди. Илк Ренессанс санъати ҳақида бир нечта сўз айтиб ўтамиз. Одатда, илк Ренессанснинг асосчилари деб Мазаччо (1401-1428), Донателло (1386-1466), Брунеллески (1377-1446)ларни ҳисоблашади, уларни рассомларнинг Флоренция мактабига мансуб деб тан олишади. Мазаччо мағрур ва ўзига ишонган одамни тасвирлайди, унинг ишлари инсон танасининг 3 қиррали тасиври асосида бажарилган бўлиб, ҳайкалтарошлик асарининг тасаввурини беради. Донателлога келсак, унинг ҳаммага маълум бўлган “Давид “асарини номини айтиш етарлидир. Давид яланғоч турганининг ўзи Донателло учун Инжил афсонасининг ўзи аҳамиятли эга бўлмаганлигидан дарак беради. Брунеллески эса Флоренциядаги Соборнинг гумбазини қурган меъмор сифатида шон-шуҳрат топган. Ўз меъморчилик ҳаракатлари билан Умбрия мактаби (Пьеро делла Франческо (1420-1492) ва Шимолий Италия мактаби (Мантенья 1431-1506) шон-шуҳрат қозонган. Ренессанс бадиий дунёқарашининг асоси бу платонизм, аниқроғи неоплатонизм методологик аҳамиятга эга бўлган. Бу ердан баркамоллик, симметрия, пропорция, ритм, сон қонунларининг муаммолари келиб чиқади. Неоплатонизм бу воқейликни объектив тарзда идрок этиб, уни ташқи дунёнинг мустаҳкамланиши ва тизимлаштирилиши ҳамда “мен” соҳасини кенгайиши сифатида тушунадиган эркин ва шахсий моддий инсонни асослаб беришдир. XIV асрнинг энг охирига италиялик рассом Ченнино Ченнини (1370 й.)нинг рисоласи мансуб. Бу рисолада рассомчилик ўзига хос фан деб эълон қилинади ва рассомларга қандай ва нимани тасвирлаш лозимлиги ҳақида тавсиялар берилади. Аммо Ченнининг ижоди фақатгина ибтидодир, Л.Пеберти (1381-1455) антик санъат тарихи ҳақидаги “Комментарии” асарини Абу Али ибн Сино, Роджера Бэкона, Витело ва бошқаларнинг фалсафий концепцияларидан фойдаланиб ёзган. Пьеро делла Франческонинг “Рассомчиликнинг истиқболлари ҳақида” деб номланган рисоласи ҳамда ҳайкалтарош ва меъмор бўлган Антонио Аверлино Филарете (1400-1469)нинг “Меъморчилик ҳақида”ги рисоласи қизиқарлидир. Ренессанснинг биринчи босқичининг якунланишини белгилаб берувчи фигура бу Леон Баттиста Альберти (1404-1472)дир, у “меъморчилик” ҳақида, “Рассомчилик”, “Мақом” ҳақидаги асарларнинг муаллифидир. Альбертининг фикрича, “барча қисмларни ўхшашлигини етказиб бериш билан қониқмайди, уларга гўзаллик бериш учун қайғуради”. Гўзаллик аниқ сонга чегара ва жойлашувга жавоб берувчи қисмларнинг келишилган ҳолати ва уйғунлигидир. Буни гармония баркамоллик талаб қилади. Альбертининг хулосаси қуйидагича: “гўзаллик эстетик жиҳатдан мукаммал бўлганнинг идеал намунасидир”. Олий тикланишнинг фалсафий-эстиетик асосини Николай Кузанский (1401-1464)дан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлди. Бу инсон нафақат Ренессанс даври, балки умуман янги ва энг янги Европа фалсафасининг йирик мутаффакиридир. Паст қатламдан келиб чиққан (унинг отаси балиқчи ва вино тайёрловчи бўлган) Жанубий Германиядаги Мозел дарёсининг қирғоғидаги қишлоқда ўсган Николай Кузанский кординал ва епископ даражасига эришди. Унинг фалсафасининг биринчи асоси тузилмавий математик услубдир. Унинг фикрича, худо борлиқнинг соф имкониятидир. Кузанский 17 асрнинг математик таҳлилининг асосчисидир, яъни у чексиз кичиклик ва чегара ҳақидаги таълимотнинг асосчиси. XVII аср математикларида чексиз кичиклик демокрит атомлари каби қандайдир бўлинмайдиган нарса эмас, у ҳар қандай берилган рақамдан кичикроқ бўлиб, чексиз тарзда нолга интилади. Кузанскийнинг фикрича, жаҳондаги барча нарсани чексиз узоқликка кетаётган сифатида тасаввур қилиш ва шу билан бирга дунёдаги барча нарсани геометрик тарзда тасаввур қилиш мумкин. Кузанский тўғри чизиқ, учбурчак, доира ва шар чексизликда битта бўлинмайдиган ўхшашликка айланишини исботлайди, бу ҳақда у ўзининг “Илмли илмсизлик” деб номланган рисоласида баён қилади. Худди шу рисолада Кузанский худони дунёга бўлгна муносабати четдаги 2 та унсур олов ва ернинг унсури эканлигини таъкидлайди. Худо ўзига ўхшаганнни яратади, демак инсон худога ўхшашдир, яъни у ҳам ўзига ўхшаганни яратади. Инсон ижодий ибтидодир, бу Ренессанс гуманизмидир. Ренессанс даврида биз нафақат Италия маданияти тарихида, балки умуман Европа маданияти тарихида ажойиб ҳодисага дуч келамиз, унинг номи Марселио Фечинно бошчилиги остидаги Флоренция Афлотун академиясидир. Николай кузанский изчил неоплатонист бўлган. Флоренциядаги Афлотун академияси ўзининг қисқа, аммо ажойиб тарихига эга бўлган. Бунга Лоренцо Медичиннинг хомийлиги кўмаклашган, бу Афлотунни севувчи инсонларнинг эркин жамияти бўлган. академия эркин фикрлашни ривожлантириш ва инсонни ўзини-ўзини баркамоллаштиришига хизмат қилган, масалан, Пико инсонни дунёнинг марказига қўйиб яратувчи шундай деган деб ёзади: “Биз сенга Одам Ато маълум жой, маълум образ, алоҳида мажбурият бермаймиз, токи ўринга ҳам, образга ҳам, шахсга ҳам, мажбуриятга ҳам сен ўз қароринга кўра эга бўласан, бунга сени ҳукумдор қиламан. Мен сени жаҳоннинг марказига қўяманки, жаҳондаги бор нарсани ўрганишинга қулайроқ бўлсин”. Ренессанс бадиий асарлари сюжетларининг аксарияти ИНжилдан олинганлиги тасодиф эмас, одатда, бу сюжетлар жуда юқори характер ҳам диний, ҳам ахлоқий, ҳам маънавий, ҳам психологик ва умуман ҳаётий характер билан ажралиб туради. Ренессанс асарларининг энг суюкли сюжети бу Биби Марям қўлида гўдак билан, Исо Масиҳ, умуман Инжил тарихидир. “Шунинг учун ҳеч бўлмаса қисқа тарзда Инжилни махсус ўрганиш лозим, бу гап нимадалигини тушуниш ва бундай ғалати, чуқур ва ажойиб афсонавий сюжетлар Ренессанс санъати учун оддий бўлганлигини ва бу асарлар машҳур ва оммабоп бўлиб кетганлигининг сабабини очиб беради”. Ренессанс рассоми Инжил сюжетларининг рамзий белгиларини барчасини билиб, соф инсон шахсини намоён қилади ва инжил сюжетининг рамзий афсонавий чуқурликлари ҳар бир инсонга тушунарли, инсон онгига мос келиши ва идрок жиҳатидан борлиқнинг энг тубига кетсада, айнан шу онгга имманентдир. Олий Ренессанснинг юқори чўқиларидан бири бу Сандро Ботичелли (1444-1510) нинг ижодидир. Ботичеллининг машҳур “Баҳор” асари ҳозиргача ҳам одамларни лол қолдириб, баҳсларга сабаб бўлади: расмдаги макон ўз моҳиятига кўра яхлитдир, у бирданига бир нечат планда намоён бўлади. Шу билан бирга қандайдир турғун абадийликнинг тасвири йўқ. Ботичелли ўзининг “Баҳор” ва “Венеранинг туғилиши” асарларида шундай эстетик ва бадиий юксакликка эришадики, унинг исми Ренессанс даврининг буюк инсонларининг биринчи қаторига қўяди. “Коинот инсони” атамаси хотирада авваламбор, Леонардо да Винчининг (1452-1519) гавдалантиради: унинг энг машҳур, энг ёрқин ва кўп томонлама истеъдодоли бўлган замондошларидан бирон бири ҳам у билан тенг кела олмайди. Уни бадиятдан ташқари бўлган қизиқишларини санаб ўтишнинг ўзи мўжизакордир: анатомия, ботаника, картография, геология, математика, аэронавтика, оптика, акустика, фуқаро қурилиши, қурол ясаш, шаҳарларни режалаштириш. Истеъдодлик рассом ва тиниб-тинчимас экспериментатор олим Леонардо да Винчи тарихда даврнинг рамзи бўлиб қолди, бу давр Титанларга эҳтиёжманд бўлган ва тафаккури, эхтироси, характери, кўп қирралиги ва илми бўйича титанларни вужудга келтирди. Ренессанс даврининг яна битта машҳур шахси бу Микеланжело Буонаротти (1475-1564), унинг онгида Афлотун, Данте, Савонарола қудратли тарзда уйғунлашган. Микеланжело анъанавий образларни янгича талқин қилган, унинг асарларидаги Биби Марям ўз фожеавий тақдирини сезади, у гўдакни эмизиб турган вақтида ўғлини нима кутаётганлиги ҳақидаги чуқур ўйларга чўмган. Микеланжелонинг титанизми унинг машҳур “Давид”да ифодаланган. Лозарийнинг фикрича, Микеланжело яратган Давид образи Флоренция ҳукмдорларини бу ҳудудни жасурлик билан ҳимоялаш ва адолат билан бошқаришга даъват этади, деб ҳисоблаган. Давид Голиаф билан жанг қилишдан олдин тасвирланган, у диққатини бир жойга жамлаган ва кутмоқда. Гўзал жасур юзи ажойиб олийжанобликни ифода этади, қудратли танаси, чиройли моделлаштирилган қўл ва оёқлари нафақат жисмоний қудратни, балки руҳининг кучини ҳам кўрсатади. Микеланжело ижодини барча босқичларида батафсил ўрганиш бизнинг вазифамизга кирмайди, бироқ, рассомнинг энг етук ва машҳур бўлган асари “Қўрқинчли суд” фрескасида (1535-1541) тўхталиб ўтишни лозим топдик. Буюк уста барча тирилганларни гуноҳкор ва гуноҳсизларга ажратиб бўлган пайтини тасвирламайди, аксинча у мазкур тақсимланишдан олдинги саҳнани расмга солган. Бу ерда фаришталарни роҳиблардан, гуноҳкорлардан гуноҳсизлардан, аёлларни эркаклардан ажратиб бўлмайди, уларнинг барчасини ҳаракатнинг тўхтовсиз оқими олиб кетмоқда, уларнинг барчаси қўрқув, даҳшат ва ваҳима титраб қолган. Аммо бу қўрқув ўзидан қўрқувдир. Микеланжело табиий офатни эмас, балки Достоевский ва XXI асрнинг бошидаги бизнинг замонавий онгимизга яқин бўлган руҳий судни тасвирлайди. Бизгача Микеланжелонинг 200 дан зхиёд шеърлари етиб келган. Инсон шахсига таяниб муаллиф айнан инсон шахсида бетакрор гўзалликнинг яхлит ифодасини топади, бу гўзаллик санъат асарлари каби абадий ва ўзгармасдир. Бир пайтлари Италияда бошланган Тикланиш даври айнан шу ерда фожеали якунини яқинлигини топди. 16 асрнинг бошида Европанинг Шимолида “Олтин” аср келишига хали умидвор эдилар, аммо Италияда бу умид сўнган эди. Микеланжело илк “Пьета” – Исо Масиҳга йиғи бериш сюжетини ўз вафотига оз вақт қолганида охирги марта қайтаради, “унда буюк уста гўёки ҳаёт билан хайрлашаётгандек. Улкан дунёда йўқолиб қолган бу икки ёлғиз фигураларда ўз ифодасини топган унинг умидсизлиги даражаси чексиздир”. Улкан дунёда йўқолган? Афтидан, хали келмаган, бу дунёга тош ортидан ўта олмаган. Микеланжело Шекспир туғилган йили вафот этган. Италияда буюк кутиш билан бошланган давр 2,5 асрдан сўнг Англия ва Испанияда буюк фожеа, ғоялари воқейлик томонидан рад этилган гуманизм фожеаси билан якун топди. Тикланиш даврининг фожеавий якунида рицарлик ва гуманизм, инсонпарварлик битта таъсирли ва қайғули образда – инсон ғурурини ҳимояламоқчи бўлган Дон Кихот образида бирлашади. “Утопия” (“ҳеч қаерда йўқ нарса” грек тилида) бу неологизм Тикланиш даврига мансубдир. Бу сўзни XVI асрнинг бошида Томас Мор қўллаган. Бизнинг аср эса ёруғ келажак ҳақидаги орзуларни тезкорлик билан амалга ошириш хавфли эканлигини иботлади ва бу Ренессансга айб сифатида қўйилди. Ҳақиқатда ҳам давр идеал дастур, гуманистик шахс идеалидан бошланган. Замонавий тадқиқотчилар фикрича, Утопия маънавий ҳаётни тўлиқлиги учун зарурдир. Усиз ҳар қандай тамаддун ўзини қуйи ерга ёпишган ҳаётга маҳкум қилади, бироқ Утопия гўзалдир у Уфқда ўзига жалб этувчи юлдуз сифатида учиб юради. Утопиясиз яшаш мумкин эмас, бироқ унинг қонунларига мувофиқ бўлмаган барчани олиб ташлаб яшаш ҳам имкониятсиздир. Биз ХХ асрнинг тажрибасига катта йўқотишлар билан эришдик, ва бу юқорида келтирилган фикрларнинг тасдиғидир. Агарда биз Европа дунёси ғоясини антик даврдан бошлаб, Ўрта аср давридан йўл босиб ўтган ва ХХ асрнинг якунида яна амалга оширилаётган бутун жаҳон империя ҳақидаги орзунинг қисми сифатида деб тушунсак, бу янги бўлмаган Утопияга гувоҳ бўламиз. Буни император Карл V Габсбург (1519-1556) “ҳеч қачон қуёш ботмайдиган” илоҳий Рим империясида амалга оширган эди. Карлнинг онаси – ақлдан озган Ханна Испанияни бирлаштирган Фердинанд ва Изабелланинг фарзандидир, унинг отаси Филипп – император Максимeлиан I ва Бургундиялик Мариянинг ўғлидир. Испания, Германия, Австрия ерлари, Фландрия, Нидерландия, Неаполь ва Сицилия Карлнинг мерос ҳудудларининг тўлиқ бўлмаган рўйхатидир, у буларни янада кенгайтиради. 1493 йилда Папа Александр IV махсус ҳужжат билан Испания ва Португалия ўртасида денгиз ортидаги барча ерларни бўлиб берди. Бунда Испанияга кашф этилган бироқ хали номаълум бўлган Америка тегди. Магиллан Карл буйруғи билан кемаларда сузишга отланди. Кортес Ацтеклар давлатини бўйсунтиради ва янги Испаниянинг пойтахти бўлган Мехико шаҳрига асос солади. 1525 йилдан бошлаб кемалар карвонлари Севилия портига кумуш ва олтин юкларини олиб келади, бироқ бу бутун жаҳон империя ҳам ўзининг тарихий кучсизлигини кўрсатди: “у барчага қарши барчанинг урушига айланди”. Харистиан католик дунёси ғояси ҳам бирлаштирмади, аксинча бу ғоя дунёни 2 га бўлди: 1517 йилнинг 31 октябрида Карл император тахтини эгаллашидан 2 йил аввал Германиялик руҳоний Мартен Лютер Виттенбергдаги черковининг эшигига индулгенция билан савдо қилишга қарши 95 та тезис ёзилган қоғозни қоқиб қўйди, бу Римга қарши ҳаракат сифатида тушунилди. Реформация бошланди: 1521 йилнинг январида империянинг олий мансабдор шахслари олдида Лютер Карл империясини портлатувчи айблар билан Вормсдаги Рейстапда чиқиш қилди, Лютерга унинг гуноҳларини эълон қилиб, кофирлик фикрларининг рўйхатини ўқиб, ундан буларни тасдиқлайдими деб сўрашганида, у иккиланиб бир кун ўйлашга сўради. Эртасига у қатъиятлик билан: “шуни барчасини таъкидлайман ва бошқача йўл тута олмайман” деб айтди. Номаълум руҳоний Римнинг ердаги буюклиги ва империяга қарши чиқди, унга руҳоний эътиқодининг мустаҳкамлиги ва ахлоқий ишончини қарши қўйди. Реформацияни католик дунё билан тўқнашуви гуманизм билан тўқнашувни ҳам англатар эди. Кўп умидлар Эразм Ротердамский билан боғлиқ эди, у 1524 йилда Мартен Лютер билан бўлиб ўтган баҳсларда ахлоқий муаммо, ирода эркинлиги муаммоларига тўхтаб ўтади. Томас Морг “Утопия” асарини нашр этганидан 1 йил ўтгандан сўнг Ғарбий дунёнинг умумий ва қайтариб бўлмайдиган бўлинишига олиб келган Лютернинг биринчи чиқиш қилган йили абадий тинчликни амалга ошириш умидида Эразм Ротердамский қуйидаги сўзларни ёзди: “нафақат ахлоқ ва христианлик олий жаноблиги, балки ҳақиқий ва соф нотиқлик тўлиқлигича тикланади, айниқса, бунда биз мазкур мақсадга дунёнинг турли ҳудудларида интилаётганларни, масалан, Римда Папа Лев X, Испанияда Толед Кардинали, Англияда Генрих VIII, бизда эса ёш қирол Карл кабилар томонидан етакланаётганлар кўплигини ҳисобга олсак”. Ваъда берилган ва узоқ муддат кутилган инсонпарварликнинг олтин асри келмади, Эразм Ротердамский ўз ҳомийлари сифатида умид қилганлар муросасиз душманликлигича қолдилар. Ҳукмдорлар тобора Николо Макиаллеви ёзган машҳур “Давлатпаноҳ” асаридаги давлатпаноҳларни эслатар эдилар. европа дунёси Томас Морнинг Утопиясига деярли ўхшамас эди, Морнинг ўзи эса Генрих VIII га қарши чиқиб, ирода эркинлигининг гуманистик принципини ҳимоялашга ҳаракат қилиб ўз ҳаётини қурбон қилди. Кечки Тикланиш даври, яъни Никола Макиаллеви ўз “Давлатпаноҳи”ни ёзган даврда ўз қаҳрамони сифатида Черазе Бордежерани атайди. Айнан шу Черазе Бордежерани давлатпаноҳга мисол бўлган ва у ҳар қандай воситалар билан ҳокимиятга эришиш қобилияти туфайли homo universalis нинг намунаси ҳисланиши мумкин. Тикланиш даврида “бутун дунё бу театр” деб айтишар эди ва ўзларига замонавий бўлган сиёсатни спектакль сифатида тушунишар эди. Тикланишнинг II асри бесамара ўтмади: янги одам янги даврни очиб тарихнинг саҳнасига қадам қўйди.
Муҳокама учун саволлар:
1. Мазкур тарихий вақтни “Тикланиш даври” деб тавсифланишини асослаб беринг.
2. Тикланиш титанлари ҳақида гапириб беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |