V.Дарснинг тафсилотлари: 1.Ташкилий қисм.
Ўқувчилар билан саломлашиб, давомат текширилади, синф журнали тўлдирилади.
2.Уй вазифасини текшириш ва баҳолаш. Ўқувчиларнинг уйга берилган вазифаларни қандай даражада бажарганлиги текширилади. Вазифа қилиб берилган саволларга оғзаки равишда жавоб олинади ва тўлдирилади.
-Товарга бўлган талаб қандай омиллар таъсирида ўзгариши мумкин? Савол муҳокама қилинади ва қуйидаги хулосага келинади:
Товарга бўлган талаб нархга боғлиқ бўлмаган қуйидаги омиллар асосида ўзгариши мумкин: 1) истеъмолчиларнинг диди ва йил мавсумининг ўзгариши; 2) бозордаги истеъмолчилар сонининг ўзгариши; 3) истеъмолчилар даромадларининг ўзгариши; 4) ўзаро боғлиқ товарлар нархининг ўзгариши; 5) яқин келажакда истеъмолчилар даромадлари ва товар нархи ўзгаришининг кутилиши.
Ўқувчиларнинг жавоблари ва иштирокларининг фаоллигига қараб, ўқувчилар рейтинг тизими асосида баҳоланади.
3.Янги мавзуни бошлашга ҳозирлик. Ўқувчилар диққати дарсликнинг янги мавзусига “Таклиф ва таклиф қонуни”га қаратилади ва мавзу мақсади билан таништирилади. Ўқувчилар эътибори мавзунинг “Фаоллаштирувчи савол ва топшириқлар” бандида келтирилган саволларга қаратилади. Ўқувчиларнинг юқорида келтирилган расм, жадвал ва координата текислигига эътибор қаратишлари ва қуйидаги саволларга жавоб беришлари сўралади.
Андижон деҳқон бозорида гуруч нархи 2600 сўм. Фарғона деҳқон бозорида эса 2400 сўм. Деҳқонлар қайси бозорга кўпроқ гуруч олиб бориб сотишни хоҳлайдилар? Нега? Бозорга сотиш учун олиб чиқилаётган товар миқдори ва нархи орасида қандай боғланиш бор деб ўйлайсиз? Нима сабабдан ишлаб чиқарувчилар товарнинг нархи ошганда уни кўпроқ ишлаб чиқариб сотишга мойил бўладилар? Гуручнинг нархи ва таклиф миқдори ҳақидаги маълумотлар берилган жадвал асосида мос нуқталарни координаталар текислигида белгиланг ва уларни туташтириб чиқинг.
Ҳосил бўлган чизиқни иқтисодчилар таклиф чизиғи деб аташади. 4.Янги мавзуни ёритиш. Янги мавзуни ёритишда ўқувчиларга таклиф миқдори ва таклиф нима эканлиги тушунтирилади. Ўқувчиларга таклиф ва таклиф миқдори ҳақида тушунчага эга бўлишлари учун уларга ўзларини бир муддат сотувчи ўрнида қўйишлари сўралади. Ўзлари сотувчи бўлишганда қандай қарор қабул қилишлари мумкинлиги сўралади.
Ўқувчилар фикри тингланади. 3-4 ўқувчи фикрлари эшитилади.
Юқоридагилар асосида қуйидагича умумий хулоса чиқарилади:
Товар таклифи ёки таклиф сотувчиларнинг муайян вақт давомида товарни турли нархларда қанчадан сотишга бўлган хоҳиш ва имкониятларни аниқлайди.
Таклиф миқдори деб сотувчиларнинг муайян вақт давомида маълум нархда сотишлари мумкин бўлган товар миқдорига айтилади. Таклиф – товар нархи ва таклиф миқдори орасидаги муносабат бўлиб, сотувчиларнинг муайян вақт давомида, товарни турли нархларда қанча миқдорда сотиш мумкинлиги ҳақидаги хоҳиш ва имкониятларни аниқлайди. Маълумки, таклифга ҳам нархдан ташқари бир нечта омиллар таъсир этади. Бу дарсда таклифнинг фақатгина нархга боғлиқ хусусиятлари ҳақида тўхталинади.
Таклиф қонуни: Бошқа шарт-шароитлар ўзгармаган ҳолда товарнинг нархи қанча паст бўлса, унинг таклиф миқдори шунча кам бўлади, товарнинг нархи қанча юқори бўлса, унинг таклиф миқдори шунча кўп бўлади.