1.6. Мураккаб товушларни эшитиш.
Ниқоблаш
Шу вақтгача синусоидал қонун бўйича ўзгарувчи соф тонлар кўриб чиқилди. Аммо, соф тонлар табиатда жуда кам учрайди. Кўпгина мусиқа тонлари соф тон эмас, балки мураккаб тонлардир. Мураккаб тон, асосий тон, обертонлар ёки гармоникалардан иборат. Обертонлар асосий тон частоталари билан оддий каррали нисбатда бўлади. Мураккаб тон битта эмас, бир нечта обертонлардан ташкил топиши мумкин. Тажриба шуни кўрсатадики, фазанинг жуда катта оралиқда ўзгариши мураккаб тонларнинг эшитилишига таъсир қилмайди, фақатгина жуда баланд товушлардагина тонлар ташкил этувчиларининг фазалари таъсир кўрсата бошлайди. Мураккаб тон ночизиқли тавсифга эга бўлган у ёки бу қурилманинг чиқишида, ҳатто унинг киришига соф тон берилган ҳолда ҳам олиниши мумкин. Шундай қилиб, бизнинг қулоқ ҳам ночизиқли қурилма ҳисобланади. Қулоққа етарлича катта жадалликдаги соф тон таъсир этиб, мураккаб тонни ҳис этишимиз мумкин. Шу сабабдан қулоғимизга жуда кучли инфра товуш частотали тон таъсир этса, биз бу тонни қулоғимизда пайдо бўладиган гармоникалар ҳисобига эшитамиз. Шовқин товушнинг тонга нисбатан мураккаброқ кўринишидир. Мураккаб тонлардан фарқли равишда шовқин ташкил этувчиларнинг частоталари оддий каррали нисбатда эмас. Бундан ташқари бу ташкил этувчиларнинг частота ва амплитудалари вақт бўйича ўзгариб туради. Субъектив жиҳатдан тон билан шовқиннинг бир-биридан фарқи шундаки, биринчисида товуш баландлиги билан тавсифлаш мумкин бўлса, иккинчисига нисбатан, аксари ҳолларда бундай қилиб бўлмайди. Кундалик ҳаётимизда учрайдиган товушлар шу жумладан, нутқнинг анчагина қисми ҳам шовқин характерига эга. Кундалик тажрибамиздан биламизки, агар у аниқ ифодаланган бўлса, ҳар қандай товушнинг субъектив тавсифи унинг катталиги ва баландлигидир. Аммо, бундан ташқари, деярли барча товушларда уларнинг тембри, яъни товушларнинг табиатини акс эттирувчи субъектив ранг ажралиб туради. Масалан эркак, аёл ёки бола бир товушни бир хил оҳангда ва бир хил баландликда талаффуз этишлари мумкин, аммо уларни осонгина ажрата оламиз. Худди шунга ўхшаш мусиқа асбоби билан қандай нота олинганлигини аниқлаш жуда осон. Тембр товуш манбаи айни дақиқада қандай асосий частотани тарқатаётганидан қатъий назар шу манбага хос частотавий ташкил этувчилар билан аниқланади. Хусусан одам нутқи ҳақида гапирганда ҳар бир одам ўзининг индивидуал хусусиятларига кўра, фақат унга хос томоқ ва оғиз бўшлиқларига эга бўлиб, улар резонатор сифатида нутқнинг у ёки бу частотавий ташкил этувчиларини ажратиб беради.
Агарда бир вақтнинг ўзида турли хил товушлар таъсир этса, товушларни қабул қилиш кескин ўзгаради. Масалан, тинч пайтда жуда тушунарли бўлган нутқ кучли шовқин таъсирида эшитилмаслиги мумкин. Бу ҳодиса ниқоблаш деб аталади. Эшитилиши керак бўлган товуш ниқобланувчи товуш, эшитишга ҳалал берувчи товуш эса ниқобловчи товуш деб аталади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ниқобловчи товуш қанчалик кучли бўлса ва унинг частотаси ниқобланувчи товуш частотасига қанчалик яқин бўлса, ниқоблаш эффекти шунчалик кучли бўлади. Бунда ниқобловчи товуш частотаси ниқобланувчи товуш частотасидан паст бўлса, ниқоблаш эффекти шунчалик кучсиз сезилади.
Ниқоблаш катталиги қуйидаги формула билан аниқланади
, (1.14)
бу ерда Lа.ш. ва Lа - шовқин ва тинч ҳолатлардаги эшитиш бўсағаларининг сатҳлари. Ҳалақит берувчи товуш фойдали товуш сатҳидан етарлича катта бўлганда, фойдали товуш эшитилмаслиги мумкин.
Тор полосали шовқин сатҳининг тонни ниқоблашга таъсири 1.10- расмда кўрсатилган. Ниқобловчи шовқиннинг полоса кенглиги 160 Гц ни ташкил этади. Унинг L а.ш. сатҳи эса, мос ҳолда 100, 80, 60, 40 ва 20 дБ га тенг. Бешта шовқин поласа эгри чизиқларнинг барчаси тон частотасига тенг ўртача частота 1000 Гц да аниқ ифодаланган максимумга эга. Эшитиш бўсағасининг ошиш сабаби частота таркиби қабул қилинаётган товуш частота областида бўлган, жадаллик сатҳи қабул қилинаётган товуш сатҳидан бир мунча катта бўлган шовқин таъсирида, нерв толалари аллақачон қўзғалган ва эшитиш марказига шовқинга мос импульслар юборади. Эшитишнинг дискретлиги ҳисобига кичик сатҳдаги қабул қилинаётган товуш эшитишга ҳеч нарса қўша олмайди, шунинг учун биз уни эшитмаймиз.
1.10 - расм. Турли қийматдаги шовқин билан тон ниқобланганда унинг эшитилиш бўсағаси
Тажриба йўли билан паст частотали тонлар юқори частотали тонларни кучлироқ ниқоблаши аниқланган. Бунинг сабаби шундаки, паст частоталарда резонансланадиган ва чаноқ толалари, овал дарчадан узоқда жойлашган, чаноқ каналларида у ёки бу даражада тебранаётган лимфа овал дарчага яқин бўлган барча толаларни, шу жумладан юқори частотали толаларни ҳам қўзғатади. Юқори частоталарда резонансланадиган толалар овал дарчага яқин жойлашган ва лимфа тебранишлари узоқда жойлашган паст частотали толаларга етмасдан сўнади.
Do'stlaringiz bilan baham: |