1.9. Эшитиш аъзосининг ночизиқли хусусиятлари
Бизга битта частотавий ташкил этувчига сатҳи 100 дБ га тенг соф тон таъсир этганда, биз сатҳи 88 дБ га тенг иккинчи, сатҳи 74 дБ га тенг учинчи ва ҳ.к тон гармоникаларини эшитамиз. Эшитишда бу гармоникаларнинг мавжудлигини тажрибада «қидирувчи» тон ёрдамида аниқлаш осон. Бунинг учун қулоққа частотаси текширилаётган тон частотасидан юқори диапазонда ётган ва аста -секин (бир текис) ўзгараётган «қидирувчи» тон берилади. Бу тоннинг ҳар бир каррали частотасида тепкили уриш - гўё қулоққа ҳақиқатдан ҳам шу турдаги гармоникалар берилгандек сезги пайдо бўлади. Шунинг учун улар (бу гармоникалар) субъектив деб аталади. Айнан шу сабабдан ниқобловчи тон частотасига каррали бўлган частоталарда товушнинг ниқобланиши кузатилади. Частоталари эшитиш аъзосининг битта критик полосасига тушмайдиган иккита соф тон тингланганда, одам кўпинча частоталари фарқига тенг тонни яхши сезади. Частотаси частоталар йиғиндисига тенг тон ёки частоталарнинг f = mf1±nf2 кўринишидаги бошқа комбинацияси билан аниқланадиган тонни эса ёмон эшитади (бу ерда m ва n-бутун сонлар). Эшитиш аъзосига каррали бўлмаган ташкил этувчиларга эга бўлган тонлардан иборат мураккаб товуш таъсир этса, спектр кўпгина комбинацион частоталар билан «ифлосланади». Шуниси қизиқки, баланд овозда эшиттирилаётган сигналнинг 1000 Гц дан паст частота диапазонини қирққанимизда ҳам одам эшитиш аъзосининг ночизиқлиги сабабли барибир паст частоталарни эшитади. Шу сабабдан одамлар паст частоталарни яхшироқ эшитиш учун эшиттиришларни баланд овозда эшитадилар, шунда паст частотали эшиттириш гўё яхши эшитилаётгандек туюлади. Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳолда юқори частоталарда товушнинг янграши бузилади, аммо унинг сезилиши ва аҳамияти камроқ. Эшитиш аъзосининг ночизиқлиги сабабини, ўрта қулоқнинг ночизиқли тавсифи ва кўпроқ чаноқдаги уюрма ҳодисалар билан тушунтириш мумкин.
1.10. Бинаурал эффект
Оддий шароитларда товуш манбаи жойлашган жойни аниқлаш жуда осон. Ҳатто, бир неча товуш манбаи бўлганида ҳам биз уларнинг фазода жойлашишини осонликча тасаввур қиламиз. Одамнинг товуш манбаи жойлашган йўналишни топа олиш хусусияти бинаурал эффект деб аталади. Икки қулоқ билан эшитишимиз натижасида, бинаурал эффект туфайли бир хил фазали товуш тебранишларини қулоғимизга келиш вақти фарқини ажрата оламиз. Бинаурал эффект, асосан паст ва ўрта частоталарда аниқланади.
Агарда одам эшитиш аъзосига товуш манбаи қандайдир φ бурчак остида таъсир этса, у ҳолда тингловчининг боши атрофида товуш тўлқини дифракцияланиши натижасида товуш унинг ўнг ва чап қулоғига бирдек таъсир этмайди (1.13-расм).
Улар товуш жадаллиги бўйича ΔN ва вақт бўйича Δt га фарқланади. Бу параметрлар товуш манбаини локаллашда асосий кўрсаткич ҳисобланади.
Маълумки паст частота тўлқин узунлиги тингловчи боши диаметридан анча катта, шунинг учун товуш тўлқини бошни эгиб ўтади ва акустик соя содир бўлмайди.
1.13- расм. Тингловчининг ўнг ва чап қулоғига товуш тўлқинининг турли вақтда келишига оид
Юқори частота товушлари тўлқин узунлиги тингловчи боши ўлчамидан кичик, шунинг учун улар чап қулоққа етиб бормайди. Бундай дифракция натижасида содир бўладиган акустик соя чап қулоққа келадиган товуш жадаллигини сусайтиради (1.14-расм).
1.14-расм. Акустик кўланка (соя) содир бўлишига оид
Чап ва ўнг қулоққа келаётган товуш тебранишлари вақтидаги фарқ
Δt = Δr/c,
бунда, Δr – чап қулоқдан ўнг қулоқгача бўлган тўлқин йўли фарқи, см;
с – товушнинг ҳаводаги тарқалиш тезлиги, м/с.
Одам товуш тўлқинларини эшитганда товуш келиш йўналишини горизонтал текисликда З÷4° аниқлик билан, вертикал текисликда эса, бу кўрсатгич 20° дан ошмайди. Бир қулоқ билан эшитадиган одам бинаурал эффект хусусиятидан маҳрумдир.
Тинглашдаги стереоакустик эффект шундан иборатки, одам товуш манбаининг «кўндаланг» ўлчамларини, ҳамда унинг «чуқурли-гини», яъни товуш тўлқини йўналиши бўйича товуш манбаининг ўлчамларини «сезади». Тингловчи осонгина у ёки бу мусиқа асбобининг оркестрда жойлашган жойини аниқлай олади. Бошқача килиб айтганда икки қулоқ билан тинглаш акустик истиқболни яратади.
Агарда одам эшиттиришни иккита турли жойда жойлашган ва оралари тингловчига яқин бўлган бир хил товуш манбаидан эшитса, товуш манбалар сатҳи бир хил бўлганда мавҳум товуш манбаи, гўё шу икки товуш манбалари ўртасида жойлашгандек туюлади.
Манбалар сатҳи бир хил бўлмаганда мавҳум манба сатҳи баландроқ товуш манбаи томон силжигандек туюлади. Мавҳум манба жойлашган жойни товуш манбаълари ҳосил қилаётган жадалликка нисбатан аниқлаш мумкин (жадалликлар нисбати тахминан мавҳум манба ва ҳақиқий манбалар оралиғи нисбатига тенг).
Агарда тингловчи товуш манбаидан (масалан, радиокарнайдан) битта эшиттиришни турли масофаларда эшитса, ёки ундан бир хил масофада жойлашган икки манбанинг биридан келаётган сигнал иккинчисидан келаётган сигналга нисбатан бироз кечикса, унда асосий ва кечиккан манбалар сатҳи тенг бўлганда мавҳум манба асосий манба жойлашган ерда жойлашгандек туюлади. Бошқача қилиб айтганда кечиккан сигналнинг, қўшилиши товуш жарангдор-лигини оширса ҳам: унинг манбаи гўё йўқдек туюлади. Демак, асосий сигнал кечиккан сигнални (агар уларнинг сатҳи бир хил бўлса) бутунлай босади. Агарда кечиккан сигнал сатҳини аста-секин оширсак, иккала товуш манбаи ҳатто, кечикиш вақти 50 мс дан кам бўлганида ҳам алоҳида - алоҳида эшитилади.
1.15-расмда кечиккан сигнал сатҳининг ортиши ва ушланиш вақти орасидаги боғлиқлиқ эгри чизиғи келтирилган. Ордината ўқи бўйича асосий ва кечиккан сатҳлар фарқи берилган. Ушланиш вақти 15÷20 мс бўлганда иккала сигнал бирдек эшитилиши учун кечиккан сигнал сатҳ бўйича 11 дБ га оширилиши керак.
1.15- расм. Кечиккан сигналнинг қайтарилиши мавҳум сигнал манбаини аниқлашга таъсири
Кечикиш вақти 50 мс бўлганда асосий ва кечиккан манбалар сатҳлари фарқи 6 дБ ташкил этади. Бу боғланиш кўпгина олимлар томонидан, жумладан, батафсил Хаас томонидан ўрганилган. Шунинт учун 1.15 - расмдаги эгри чизиқ Хаас эгри чизиғи деб аталади. Юқорида баён этилган хусусиятлар стереоакустик эффект ва акустик истиқбол яратиш учун ишлатилади, яъни стереофоник эшиттиришларда қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |