Тошкент давлат аграр университети мустақил изланувчиси Дехканова Нилуфар Сагдуллаевнанинг «Озиқ-овқат саноати корхоналари фаолиятини самарали ривожлантириш» мавзусидаги 08.00.03-«Саноат иқтисодиёти» ихтисослиги бўйича иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация авторефератига
Т А Қ Р И З
Мамлакатимизда озиқ-овқат таъминоти занжирини ўрганиш ва уни такомиллаштиришга доир тадқиқотлар олиб бориш бу борадаги вазифаларни самаралироқ ечиш йўлларини топиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада занжирнинг асосий элементларидан бўлган озиқ-овқат саноатини такомиллаштириш бир томондан озиқ-овқат таъминотини яхшилашда муҳим омил бўлса, иккинчи томондан, саноатни ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини барқарорлигини таъминлашга ҳам бевосита ҳисса қўшади. Шу жиҳатдан олганда, Шу нуқтаи назардан, озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш, уни таъминлашнинг илмий-назарий ва услубий жиҳатларини тадқиқ этиш ҳамда устувор йўналишларини асослаш бўйича тадқиқотлар олиб бориш соҳадаги долзарб муаммолардан саналади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мустақил тадқиқотчи Дехканова Нилуфар Сагдуллаевнанинг «Озиқ-овқат саноати корхоналари фаолиятини самарали ривожлантириш» мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳам илмий, ҳам амалий аҳамиятга молик тадқиқот деб ҳисоблаш мумкин.
Диссертация иши авторефератидан кўринадики, унинг мақсад ва вазифалари мутаносиб равишда белгилаб олинган (авторефератининг 8-бети), тадқиқот объекти асосида ўрганилган усуллар натижасида олинган илмий янгиликлар яққол очиб берилган (8-9-бетлар) ҳамда тадқиқот натижалари бўйича эришилган натижалар асосида салмоқли илмий хулосаларга келинган (26-28-бетлар).
Ушбу тадқиқотдаги озиқ-овқат саноати корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичлари тизими шакллантирилганлиги ва шу асосда анъанавий ҳамда инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш самарадорлик кўрсаткичларини ҳисоблаш индикаторлари ишлаб чиқилганлиги (12-13-бетлар), озиқ-овқат саноатида маҳсулотнинг қиймат яратиш занжири (ҚЯЗ)ни лойиҳалаш босқичлари ва баҳолаш услублари, озиқ-овқат саноати корхоналарини самарали ривожлантириш жараёнларини прогнозлаштириш модели, озиқ-овқат саноати корхоналарини самарали ривожлантиришда инновацион кластерни ташкил этишга ёндашув илмий-амалий жиҳатдан асослаб берилганлиги (18-21 бетлар), озиқ-овқат саноати корхонаси кластери фаолиятининг интеграция жараёнларининг хусусиятларини аниқ акс эттирувчи ва озиқ-овқат саноатида инновацион кластерини ташкил этиш модели ишлаб чиқилганлиги (23-бет) кабиларни алоҳида эътироф этиш лозим деб ҳисоблаймиз.
Илмий-тадқиқот иши мазмунини ижобий баҳолаш мумкин, бироқ ишда айрим камчиликлар ва мунозарали жиҳатлар ҳам мавжуд. Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
- авторефератда озиқ-овқат саноати корхонасида маҳсулотнинг қиймат яратиш занжирини таҳлил қилишда, унинг шаклланишининг ҳамма босқичлари ва элементлари тўлақонли қамраб олинмаган.
- иқтисодий-математик моделлардан фойдаланганда халқаро даражада қўлланилаётган замонавий усуллардан фойдаланилганда ва унда омиллар сонини кўпроқ олинганида хулоса олиш имконияти янада ошарди.
Диссертация автореферати юзасидан юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликлар ва билдирилган истаклар ишнинг назарий ва амалий аҳамиятига бериладиган ижобий баҳога салбий таъсир кўрсатмайди.
Диссертация автореферати тадқиқот ишининг асосий илмий ғоялари ва натижаларини ўзида акс эттирган ва расмийлаштириш жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациялар авторефератини расмийлаштириш бўйича белгиланган талабларига тўлиқ жавоб беради.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент давлат аграр университети мустақил изланувчиси Дехканова Нилуфар Сагдуллаевнанинг «Озиқ-овқат саноати корхоналари фаолиятини самарали ривожлантириш» мавзусидаги иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун 08.00.03 - “Саноат иқтисодиёти” ихтисослиги бўйича ёзган диссертация иши тугалланган, мустақил бажарилган илмий иш ҳисобланиб, Илмий кенгашга ҳимоя қилишга тавсия этаман.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Самарқанд филиали таълим сифатини назорат
қилиш бўлими бошлиғи, и.ф.н., доцент И.М.Ғаниев
Do'stlaringiz bilan baham: |