1.Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 август-даги ПҚ-4412-сон қарори асосида Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси негизида ташкил этилган.
Агентлик суғурта бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда суғурта муносабатлари барча иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот беради.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари суғурта бозорининг барча профессионал иштирокчилари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Агентликнинг асосий вазифалари:
Шаффофликни таъминлаш
Суғурта бозорининг ишлаши ва унинг профессионал иштирокчилари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини, соҳадаги статистик ва молиявий кўрсаткичларни мунтазам эълон қилиш йўли билан таъминлаш;
Суғурта турларини кенгайтириш
Суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган анъанавий турларини ривожлантиришга ва янги турларини жорий қилишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш;
Кадрлар тайёрлашга кўмак
Суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишга ёрдам бериш;
Норматив талабларни белгилаш
Суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти, суғурта захираларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбурий норматив талаблар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш;
Хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш.
Қонуний фаолият назорати
Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан соҳадаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш;
Суғурта бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятининг ҳисоботини юритиш, масофавий назорат қилиш ва тезкор онлайн-мониторингини олиб бориш;