4. Қонуннинг олийлигини таъминлаш, унинг қонунчилик соҳаларидаги устунлигини мустаҳкамлаш воситаларидан бири – кодекслаштиришдир.
2010 йил 27 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш – устувор мақсадимиздир» деб номланган маърузасида қуйидагиларни таъкидлади: «Қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини тубдан яхшилаш талаб этилади. Уларнинг кўпчилиги кодификациялашиш характерига, яъни, муайян даражада тизимлашув мазмунига эга эмас. Кодекс- муайян ҳуқуқ (қонунчилик) соҳасидаги нормаларни мужассам ифода этувчи, мажмуий (комплекс) қонундир. Кодексдаги ҳуқуқий нормаларнинг жойлашуви тегишли ҳуқуқ тармоғининг ички тузилишини, системасини акс эттиради.
Кодекс ўз юридик кучига кўра оддий, жорий қонундан устувор саналади. У оддий қонундан ўзининг мукаммаллиги, сайқал топганлиги, ички барқарорлиги, мантиқий мутаносиблиги билан фарқ қилади.
Ўзбекистонда мустақиллик йиллари мобайнида 15 та кодекс қабул қилинди.
Кодекслар ҳуқуқ тармоғининг бош қонуни сифатида Конституция тамойилларини ривожлантириш йўлида яратилади ва улар Конституция, конституциявий қонунлардан кейинги мавқени эгаллайди. Кодекс тузиш орқали тармоқдаги ҳуқуқий нормалар қайта ишланади, ихчамлаштирилади. Ҳаёт синовидан ўтган ҳуқуқий қоидалар кодексдан жой олади. Шу боис кодекс нормалари ҳаётда ўзининг амалини осон топади.
5. Қонун устуворлигини таъминлашнинг қуйидаги омилларини эътироф этиш лозим:
Биринчидан, қонун чиқариш жараёнини муттасил демократлаштириб бориш. Бу омил инсонпарвар, адолатли, халқчил қонунлар яратилишининг гаровидир;
Иккинчидан, қонуннинг сифатини мукаммаллаштириш, унинг ички механизми пухта, юридик техника нуқтаи назаридан бенуқсон бўлишига эришиш.
Давлатимиз раҳбари ўзининг 2010 йил 27 январдаги маърузасида қонунчиликнинг аҳволига баҳо бериб, энг асосий камчилик қабул қилинадиган қонунларда аксарият ўринларда ана шу қонун ҳужжатларининг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлайдиган процессуал механизмларнинг мавжуд эмаслигида кўзга ташланади. Бу эса ўз-ўзидан ушбу ҳужжатларнинг қўлланилишини сезиларли даражада қийинлаштиради, қонунларнинг ижро этилмаслигига, ҳуқуқий нигилизмга, яъни ҳар қандай ҳуқуқий норманинг инкор қилинишига, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самардорлигининг пасайишига олиб келади, деб таъкидлаган эди.
Учинчидан, қонунчилик фаолиятининг яқин йиллар ва истиқболга мўлжалланган стратегиясини яратиш (режалаштириш ва прогнозлаш); қонун устуворлигини таъминлаш концепциясини яратиш;
Тўртинчидан, қонунлар амал қилишининг социал механизмига алоҳида эътибор қаратиш. Бу соҳадаги социал факторлар (таъсир этувчи кучлар, воситалар)ни синчиклаб ўрганиш. Шу мақсадга йўналтирилган социологик тадқиқотларни йўлга қўйиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |