Профессор Х.Т.Одилқориев
КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ –
ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ГАРОВИ, АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ МЕЗОНИ
(МАЪРУЗА)
КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ (1-слайд)
Истиқлолнинг беназир неъмати, халқимиз даҳоси ва тафаккурининг ҳосиласи, давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий рамзи, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ишончли кафолати бўлган Конституциямиз қабул қилинганига йигирма йил тўлди. Буюк келажак, нурли истиқбол сари маҳобатли одимлаб боришимизнинг ушбу шонли йиллари даврида Асосий қонунимиз Ўзбекистонда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституция – халқимиз ижодининг дурдона маҳсули, у яратган энг “нодир асар”, ҳаёт дарсини берувчи ноёб ҳикматлар китоби, ижтимоий турмушимиз мезонларининг мажмуи сифатида демократик тараққиёт йўлидан юксалиб бораётган жамиятимиз узра нур сочаётган йўлчи юлдуздир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўзининг ижтимоий-юридик салоҳияти, мазмун-моҳиятига кўра юртимизда барпо этилаётган демократик давлатчиликнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир.
Унда халқимизнинг олий иродаси, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги интилишлари, эзгу орзу-истаклари мужассам. Ҳозирги кунда Конституциямиз истиқлолнинг буюк неъмати сифатида барчамиз учун эъзозли ҳамда мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий қадриятга айланди. У ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига ўзининг илхомбахш таъсирини ўтказиб келмоқда.
Конституциянинг нуфузи ва ижтимоий қадр – қиммати йиллар ўтгани сайин юксалиб бораверади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлат мустақиллигимизнинг ҳосиласи, унинг ҳуқуқий тимсоли сифатида вужудга келди. Унинг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида улкан сиёсий воқеа, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнидаги муҳим қадам бўлди. Президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда, Конституция суверен давлатимизнинг қонунчилик – ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди1.
“Конституция биз учун ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятларимиз мажмуасигина эмас. Балки, у ҳаётимизни фаровон этиш, уни чинакам қонуний асосда қуриш, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни таъминлаш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини ўрнатишнинг ҳаётбахш манбаидир”2 (2-слайд).
Конституция мамлакатимизда юритилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг асосини ташкил этгани ҳолда, давлат қурилишининг устувор принципларини, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тузум негизларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари меъёрларини белгилаб берган. У, аввало, инсон манфаатларини мўътабар санаб, фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги муносабатларнинг оқилона ҳуқуқий ечимига эришиш механизмларини акс эттирган.
Бундан ташқари, қуйидаги қоидалар улкан маънавий-ахлоқий маъно касб этиши билан бетакрор қадриятлар сифатида намоён бўлади: “хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир” (46-модда). Аёлларнинг жамиятдаги, давлат ишлари ва оиладаги ролини юксалтириш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Оналарга, аёлларга самимий ҳурмат, болаларни дилдан севиш, етимларга мурувват, меҳр-шафқатлилик, оила мустаҳкамлиги учун ғамхўрлик, фарзандлар камоли ва соғлом ҳамда баркамол авлод учун курашиш ва бошқалар халқимизнинг саховатини, улуғвор салоҳиятли табиатини намоён этувчи фазилатлар Конституция моддаларига сингиб кетиб, шу аснода конституциявий-ҳуқуқий қадриятларга айланди (3-слайд).
Конституциянинг муҳим хусусиятларидан яна бири унинг ижтимоий йўналтирилганлиги. Унда инсонни, оилани ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қоидалар биринчи навбатда эътиборга молик.
«Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир»(45-модда); (4-слайд)
«Оила жамият ва давлат томонидан қўллаб-қувватланади ва ҳимоя қилинади» (63-модда); (5-слайд)
«Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятини рағбатлантиради» (64-модда); (6-слайд)
«Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади» (65-модда); (7-слайд)
«Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» (66-модда). Ушбу конституциявий қоида халқимиз табиатига хос бўлган ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибатли муносабатларни ифодалайди. (8-слайд)
Умуман олганда, юқоридаги нормалар мазмунида ўзбек халқининг бой маънавияти ва қадимий бетакрор маданияти, очиқ табиати акс этган. Оналарга, аёлларга самимий ҳурмат, болаларни дилдан севиш, етимларга мурувват, меҳр-шафқатлилик, оила мустаҳкамлиги учун ғамхўрлик, фарзандлар камоли ва соғлом ҳамда баркамол авлод учун курашиш ва бошқалар халқимизнинг саховатини, улуғвор салоҳиятли табиатини намоён этувчи фазилатлардир.
Халқимизнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари, шаксиз, узоқ тарихий тараққиёт мобайнида шаклланди, сайқал топди. Уларнинг энг нодирлари Конституцияда ўз тасдиғига эга бўлди. Биргина лавҳани фикримиз далили сифатида келтирамиз. Шарқона ахлоқ-одобнинг дурдона мажмуаси бўлмиш «Қобуснома» да таълим берилишича, ҳеч бир кимса «ўзининг фойдаси учун ўзгаларга зиён етказмаслиги керак». Айнан мана шу маънодаги қоида Асосий қонунимизнинг 20-моддасида қуйидагича мустаҳкамланган: «Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт».
Ҳар бир конституция ўз мазмунида жамиятнинг, миллатнинг маънавий-маданий қадриятларини, тарихан шаклланган анъаналари, урф-одатлари ва характерини акс эттиради. Худди шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз табиатига хос барча маънавий-маданий қадриятлар ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган. Айни вақтда, Конституциянинг ўзи ўзбек миллий ҳуқуқий маданиятининг маҳсули, унинг таркибий қисмидир. Бугунги кунда Конституциямиз халқимизнинг миллий-маданий қадрияти, ғурури ва ифтихори тимсоли сифатида намоён бўлмоқда.
Демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш жамиятда қонуннинг чинакам ҳукмронлиги қарор топишини тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов таъкидлаганидек: «ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси – барча фуқароларнинг қонун олида тенглиги, конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишидир» (9-слайд). Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципи шуни англатадики, бунда барча жорий қонунлар ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар конституция асосида ва унга мувофиқ бўлиши талаб этилади.
Қонун устуворлиги ўзбек жамияти ва давлатчилигининг муҳим конституциявий принципидир. Қонуннинг устунлиги «Ўзбек модели» деб ном олган тараққиёт дастури таянадиган 5 та принципдан бири.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15 ва 16-моддалари:
“15-модда. Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олинади.
Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.”
“16-модда. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.” (10 – слайд):
Do'stlaringiz bilan baham: |