2. Маъмурий назорат остига олинган шахсларга нисбатан қуйидаги чеклашлар қўлланилиши мумкин: а) куннинг ички ишлар идоралари белгилаб қўйган вақтида уй (квартира)дан чиқиб кетишини таъқиқлаш;
б) туман (шаҳар)нинг муайян жойларида бўлишни тақиқлаш;
в) ички ишлар идораларининг рухсатисиз туман (шаҳар)дан ташқарига чиқиб кетишни таъқиқлаш;
г) рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача ички ишлар органига келиб учрашиш.
Юқорида кўрсатилган чеклашлар назорат остида бўлган шахснинг турмуш тарзига, оилавий аҳволига, аввалги судланганлигига ва унинг шахсини тавсифловчи бошқа ҳолатларга қараб тўла ҳажмда ёки айрим-айрим йўсинда қўлланилади.
Чеклашлар рўйхати узил-кесил ҳисобланади, унга қўшимчалар қилиш ёки кенгайтириб шарҳлаш мумкин эмас.
3. Ички ишлар идоралари ходимлари маъмурий назоратни амалга оширишда: а) назорат остига олинган шахснинг хулқ-атвори тўғрисида иш берувчидан, мазкур шахс ўқиётган жойнинг маъмуриятидан, у яшаётган жойдаги жамоат бирлашмаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан, шунингдек фуқаролардан маълумотлар талаб қилиб олиш;
б) назорат остида бўлган шахсни ишга жойлаштириш ва унга турмуш шароити яратиб бериш тўғрисида тегишли давлат, жамоат ва хўжалик ташкилотлари олдига масала қўйиш;
в) назорат остида бўлган шахсни суҳбат учун ички ишлар органлари ёки унинг таянч пунктларига чақириш, зарурат бўлганда бундай суҳбатларни иш берувчининг, жамоат бирлашмаси ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари, назорат остига олинган шахснинг қариндошлари, шунингдек суҳбат мавзуига алоқадор шахслар иштирокида ўтказиш;
г) назорат остида бўлган шахсдан маъмурий назорат қоидаларини ижро этиш билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;
д) назорат остида бўлган шахснинг турар жойини соат 6 дан 22 га қадар бориб кўриш ҳуқуқига эгадирлар.
Маъмурий назоратни амалга ошириш юзасидан айрим тадбирларни ўтказишда ички ишлар идораларига ёрдам бериш учун ички ишлар идораларининг штатсиз ходимлари ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари жалб қилиниши мумкин.
Маъмурий назоратдан бош тортаётган шахсларни қидириш судья қарорига биноан ички ишлар идоралари томонидан амалга оширилади.
Ички ишлар органларининг профилактика (катта) инспектори профилактик ҳисобга олинган маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи шахслар расмий огоҳлантирилишига қарамасдан жамоат тартибини мунтазам бузаётган ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига тажовуз қилаётган ҳолларда ИИВнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда уларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисида жиноят ишлари бўйича шаҳар-туман судига ИИБ бошлиғи номидан асослантирилган тақдимнома киритади.
Суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарори асосида профилактика (катта) инспектори томонидан маъмурий назорат ўрнатилган шахсга нисбатан маъмурий назорат йиғма жилди юритилади.