39-модда. Шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш асослари
Шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда амалга оширилади:
профилактик ҳисобга олиш муддатининг тугаши;
реабилитация қилувчи асосларга кўра жиноят ишини тугатиш тўғрисида терговчи ёки прокурор томонидан қарор қабул қилиниши ёки суднинг оқлов ҳукмининг қонуний кучга кириши;
суднинг шахсни озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилиш тўғрисидаги айблов ҳукмининг ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги суд ажримининг қонуний кучга кириши;
қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиши;
шахснинг муддатидан олдин тўлиқ тузалганлиги тўғрисида далолат берувчи маълумотларнинг мавжудлиги;
профилактик ҳисобда турган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига қонунда белгиланган тартибда чиқиб кетган тақдирда;
профилактик ҳисобда турган шахснинг вафот этиши.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослардан бири мавжуд бўлганда, профилактик ҳисобни амалга ошириш учун масъул бўлган шахс шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш тўғрисида ички ишлар туман, шаҳар бўлимининг, бошқармасининг раҳбари томонидан тасдиқланадиган қарор чиқаради.
Профилактик ҳисобда турган шахс озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган тақдирда, унга нисбатан тўпланган материаллар суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш кун ичида ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларини қўллаш учун тегишли жазони ижро этиш муассасасига юборилади.
Профилактик ҳисобда турган шахс доимий яшаш жойини ўзгартирган тақдирда, уни ҳисобга олиш янги доимий яшаш жойи бўйича амалга оширилади.
1. Профилактик ҳисобда турган шахс билан бир йил давомида профилактик иш олиб борилади ҳамда унинг фаолиятини иш (ўқиш) ва яшаш жойида назорат қилиб турилишини таъминлайди, шунингдек, профилактик ҳисоб муддати тугагандан сўнг ҳисобдан чиқариш тўғрисида қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланадиган қарор чиқарилади:
профилактик ҳисобга олиш муддатининг тугаши;
реабилитация қилувчи асосларга кўра жиноят ишини тугатиш тўғрисида терговчи ёки прокурор томонидан қарор қабул қилиниши ёки суднинг оқлов ҳукмининг қонуний кучга кириши;
суднинг шахсни озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилиш тўғрисидаги айблов ҳукмининг ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги суд ажримининг қонуний кучга кириши;
қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиши;
шахснинг муддатидан олдин тўлиқ тузалганлиги тўғрисида далолат берувчи маълумотларнинг мавжудлиги;
профилактик ҳисобда турган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига қонунда белгиланган тартибда чиқиб кетган тақдирда;
профилактик ҳисобда турган шахснинг вафот этиши.
Профилактик ҳисобда турган шахс доимий яшаш жойини ўзгартирган тақдирда, унга нисбатан ҳисоб профилактика иши кўчиб борган жойдаги ички ишлар органига юборилади ва у ерда ҳисобга қўйилиб якка тартибдаги профилактик чора-тадбирлар янги доимий яшаш жойи бўйича амалга оширилади.
Бунинг учун ҳисоб профилактика ишини юритаётган профилактика (катта) инспектори профилактик ҳисобда турган шахснинг ўзгарган доимий яшаш жойини аниқлаб, ҳисоб профилактика ишини ушбу манзилга юбориш тўғрисида қарор қабул қилади ва ички ишлар органи бошлиғига тасдиқлатади. Шундан сўнг ички ишлар органи бошлиғи номидан хат тайёрланиб, котибият орқали профилактик ҳисобда турган шахснинг янги доимий яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органига юборади.
2. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослардан бири мавжуд бўлганда шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинади ва қарор ички ишлар туман, шаҳар бўлимининг, бошқармасининг раҳбари томонидан тасдиқланади.
Шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланган кундан кучга киради ва уч кун ичида профилактик ҳисобдан чиқарилган шахсга эълон қилинади.
3. Профилактик ҳисобда турган шахс озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган тақдирда, унга нисбатан тўпланган материаллар суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш кун ичида ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларини қўллаш учун тегишли жазони ижро этиш муассасасига юборилади.
Профилактик ҳисобда туриб озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир сутка ичида профилактика (катта) инспектори ушбу шахс жазо ўтаётган муассасани аниқлаш бўйича сўровномани Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига вазирлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда юборади. Профилактика (катта) инспектори шахснинг жазо ўтаётган муассасаси аниқ кўрсатилган сўровномага жавоб келиб тушган кундан бир суткадан кечиктирмай унга нисбатан тўпланган материалларни тегишли жазони ижро этиш муассасасига юборади.
4. Профилактик ҳисобда турган шахс доимий яшаш жойини ўзгартирса, унда унга нисбатан тўпланган профилактик ҳисоб материаллари унинг янги доимий яшаш жойига юборилади ва уни ҳисобга олиш янги доимий яшаш жойи бўйича амалга оширилади. Ушбу ҳолат профилактик ҳисобга олиш муддатига ўз таъсирини кўрсатмайди.
Профилактика (катта) инспектори профилактик ҳисобдан чиқарилган шахсларнинг рўйхатини ички ишлар органларинг таянч пунктлари маълумотлар базасида шакллантириб боради, шахсни ушбу рўйхатда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 78-моддасига асосан судланганлик муддати тугагунга қадар сақлайди. Ушбу рўйхатдаги маълумотлардан профилактика (катта) инспектори маъмурий ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда фойдаланади.
Шахс профилактик ҳисобдан чиқарилганида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан юритиладиган махсус китобга тегишли белги ёзиб қўйилади.
Профилактик ҳисобдан чиқарилган шахсларга нисбатан юритилган профилактика ишлари ички ишлар органлари таянч пунктида 3 йил давомида сақланади, сўнгра далолатнома асосида йўқ қилинади.
Шахс профилактик ҳисобдан чиқарилгандан сўнг ҳисоб профилактика иши ИИВнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда ички ишлар органлари таянч пунктлари архивида икки йил давомида сақланади ва муддат тугагач далолатнома асосида йўқ қилинади.
Ҳисоб профилактика иши йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатнома ИИВ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва беш йил давомида ички ишлар идораларининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хизмати архивида сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |