24-боб. Даъвони таъминлаш
248-модда. Даъвони таъминлаш асослари
Суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан даъвони таъминлаш чораларини кўриши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд чиқарган ҳал қилув қарорининг ижросини қийинлаштирса ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризасига биноан ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги суд томонидан кўрилиши мумкин. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар, ҳакамлик судининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги ажрими илова қилинади.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани суд томонидан кўриб чиқиш ва даъвони таъминлаш ҳақида ажрим чиқариш ушбу Кодекснинг 249-258-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
(248-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни асосида 2 ва 3-қисмлар билан тўлдирилган - ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
249-модда. Даъвони таъминлаш чоралари
Қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:
1) жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш;
2) жавобгарнинг муайян ҳаракатларни амалга оширишини тақиқлаш;
3) бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш;
4) мол-мулкни хатлашдан чиқариш тўғрисида даъво қўзғатилган тақдирда, уни сотишни тўхтатиш;
5) агар қарздор ижро ҳужжати юзасидан даъво тартибида низолашаётган бўлса ва бундай низолашишга қонун ҳужжатларида йўл қўйилса, бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш.
Даъволарнинг иш ҳақини, даромадни, пенсия ва стипендияни хатлаш йўли билан таъминланишига йўл қўйилмайди, алимент ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек, боқувчининг ўлими оқибатида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги, ўзгалар мол-мулкини талон-торож қилганлик натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бундан мустасно.
Зарур ҳолларда суд даъвони таъминлаш чорасининг бир неча турини қўллаши мумкин, лекин уларнинг умумий суммаси даъвонинг баҳосидан ошиб кетмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |