238-11-модда. Суд буйруғини ундирувчига бериш
Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз тушмаса, судья суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғини ижро этишга тақдим қилиш учун ундирувчига беради.
Ундирувчининг илтимосига кўра, суд буйруғи ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилиши мумкин.
Қарздордан давлат божини ундириш мақсадида суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғининг алоҳида нусхаси ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилади.
(кодекс Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрдаги 568-II-сон Қонунига мувофиқ 20-1-боб билан тўлдирилган - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 18-модда)
2-кичик бўлим. Даъво ишларини юритиш
21-боб. Умумий қоидалар
239-модда. Судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишлар
Судда даъво ишларини юритиш тартибида кўриладиган ишларга фуқаролик муносабатларидан, меҳнатга, оилага, уй-жойга доир ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради, башарти, қонун ҳужжатларида уларни кўришнинг ўзга тартиби белгиланган бўлмаса.
240-модда. Даъво ишларини кўриш тартиби
Даъво ишлари ушбу Кодекснинг 21-25-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.
22-боб. Даъво ишларини юритишнинг судловга тааллуқлилиги
241-модда. Даъвогарнинг танлаши бўйича судловга тааллуқлилик
Яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойда ёки унинг сўнгги яшаган жойида тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар Ўзбекистон Республикасида унинг мол-мулки турган жойда ёки маълум бўлган сўнгги яшаш жойида тақдим этилиши мумкин.
Даъвогар алимент ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш ҳақидаги ва майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик ёхуд боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволарни ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этиши мумкин.
Кемалар тўқнашуви натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, шунингдек, сувда ёрдам берганлик ва қутқарганлик учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъволар ҳам жавобгарнинг кемаси турган ёки кема рўйхатга олинган порт жойлашган манзилда тақдим этилиши мумкин.
Ижро қилиш жойи кўрсатилган шартномалардан келиб чиқадиган даъволар шартномани ижро қилиш жойида ҳам тақдим этилиши мумкин.
Фуқаронинг ёки юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар зарар етказилган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Юридик шахснинг филиали фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар филиал жойлашган манзилда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Турли жойларда яшовчи ёки турувчи бир неча жавобгарга нисбатан ёки юридик шахс бўлиб, турли манзилда жойлашган жавобгарларга нисбатан даъво даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири яшайдиган ёки турган жойда тақдим этилади.
Ғайриқонуний ҳукм қилиш, ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида ғайриқонуний қамоққа олиш ёхуд маъмурий қамоққа олиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги маъмурий жазони ғайриқонуний қўллаш натижасида фуқарога етказилган зарар ўрнини қоплаш билан боғлиқ бўлган меҳнат, пенсия ва уй-жойга доир ҳуқуқларни тиклаш, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариб бериш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшаш жойида ҳам тақдим этилиши мумкин.
Агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек, ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойида тақдим этилиши мумкин.
(241-модданинг 10-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолатининг бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек, уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъволар, даъвогарнинг хоҳишига қараб, унинг яшаш жойида кўрилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |