Низонинг моҳияти: “Сувоқова” давлат унитар корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва хусусий корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2017 йил 2 январда оқова сувларни қабул қилиб олиш юзасидан 1-сонли шартномаси тузилган ва унга қўра даъвогар истеъмолчи (жавобгар)нинг оқова сувларини қабул қилиб олиш хизматини қўрсатиш, жавобгар эса кўрсатилган хизматларнинг ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 6.2-бандида истеъмолчининг коммунал канализация тизимига чиқариладиган оқова сувлари миқдори коммунал сув таъминоти тизимидан сарфланган сув миқдорига тенг деб қабул қилиши белгиланган.
Жавобгар ўз ерининг ер ости қудуғига эга бўлганлиги боис шартнома фақат оқова хизматлари кўрсатиш юзасидан тузилган.
2017 йил 2 августда жавобгар даъвогарга хат билан мурожаат қилиб, 2017 йил 1 август куни олиб борилган тозалаш-таъмирлаш ишлар жараёнида эҳтиётлик туфайли сув ўлчагич асбобига ўрнатилган тамға (пломба) узилганлигини маълум қилиб, мутахассис юборишни сўраган.
2017 йил 5 августда истеъмолчининг хатига асосан тамғалар ечиб олинган ва 10 кунлик муддат ичида сув ўлчагич асбобини қиёслаш кўригидан ўтказиб, бу ҳақда даъвогарни хат орқали хабардор қилиш ҳақида кўрсатма берган ҳамда бу тўғрисида шу куни 10-сонли далолатнома-кўрсатма тузилган.
Жавобгарнинг 2017 йил 15 августдаги сув ўлчагич асбобини давлат қиёсий кўригидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хатига асосан даъвогарнинг ходими томонидан сув ўлчагич асбобига тамға ўрнатилган.
Даъвогар 2017 йил 5 августдаги далолатномага асосан кабул қилинган оқова сувлар миқдорини 92 кунга қайта ҳисоб-китоб қилиб, жавобгардан оқова сувларни қабул қилиш хизматлари учун 12 718 080 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Даъвогарнинг важлари: Сув ўлчагич асбобига ўрнатилган тамғани бутлиги учун истеъмолчи жавобгардир.
Жавобгар ҳудудидаги сув ўлчагич асбобига ўрнатилган тамға (пломба) узилганлиги 2017 йил 5 август куни тузилган 10-сонли далолатнома-кўрсатма билан тасдиқланади.
Жавобгар истеъмолчилар III гуруҳига киради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш Қоидалари” (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади)нинг 124-бандида сувни ҳисобга олиш асбоби ва ствол зулфинидаги пломбанинг сақланмаганлиги ва бут эмаслиги аниқланган тақдирда, сўнгги далолатнома тузилган санадан эътиборан тўловлар ушбу Қоидалар 87-моддасининг "б" бандига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Қоидалар 87-бандининг "б" кичик бандига кўра, сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган истеъмолчилар томонидан сарфланган сув миқдори асосий ичимлик сув тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қуввати бўйича формула асосида аниқлайди.
Шунингдек, Қоидаларнинг 76-бандида истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилишга асос бўладиган сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари ҳар чоракда 1 марта олиниб, тегишли далолатнома билан расмийлаштирилиши белгиланган.
Жавобгарнинг сув ва оқова тармоқлари бўйича охирги текшириш чораклик ҳисобидан ошганлиги сабабли, қоидабузилиш натижасида ҳисобланган қарздорлик 92 кун (уч ой)га қайта ҳисобланган ва жавобгар оқова хизматлари учун тўланиши лозим бўлган сумма 12 718 080 сўмни ташкил қилган.