Суд қарори:
ДСИнинг банкка нисбатан 77 145 812 сўм молиявий санкция қўллаш ҳақидаги талаби қаноатлантирилсин. Банкка нисбатан 77 145 812 сўм молиявий санкция қўлланилсин.
Шарҳ:
Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти асоссиз чекланишига йўл қўймаслик, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси талабларига сўзсиз риоя этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сонли Фармони асосида 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини (иловага мувофиқ) фақат суд орқали қўлланиш тартиби жорий этилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 215-моддасида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Вилоят прокуратурасининг жиноят иши доирасида “Ҳужжатли тафтиш тайинлаш ва ишга алоқадор ҳужжатларнининг асл нусҳаларини олиш ҳақида”ги қарори, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан банк филиали фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя этилиши, ҳисобланган солиқ ва тўловларнинг ўз вақтида ва тўла ҳажмда бюджетга ўтказилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилиши юзасидан ҳужжатли текшириш ўтказилган.
Текширишда, банк филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Йўриқнома талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган.
Жумладан, Йўриқнома талабларига риоя қилиниши бўйича 7 та ҳолатда фермер хўжаликларининг 20208-сонли жорий ҳисоб рақамларида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарздорликни ундириш бўйича инкассо ва тўлов талабномалари қўйилган бўлса-да, фермер хўжаликлари томонидан банк филиалининг қабул қилиш ҳисоб рақамига топширилган жами 11 457 000 сўм нақд пул маблағлари жорий ҳисоб рақамларига ўтказилмасдан тижорат кредити ва унга ҳисобланган фоизлар ҳамда бошқа мақсадларга йўналтирилганлиги аниқланган. Натижада банкка СКнинг 53-моддасига асосан 35 906 420 сўм пеня ҳисобланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Вазирлар Маҳкамасида 2013 йил 22 октябрда ўтказилган йиғилиши қарорининг 3-бандида фермер хўжаликлари томонидан 22626-сонли ҳисоб рақамда шакллантирилган айланма (устав) маблағларни истисно тариқасида “Картотека-2”дан қатъий назар минерал ўғит, нефть маҳсулотлари, агротехника хизматлари ва электр энергиясидан бўлган қарздорликка йўналтирилиши белгиланган бўлса-да, банк филиали томонидан 11 та ҳолатда фермер хўжаликларининг 22626-сонли устав фонди махсус ҳисоб рақамларига келиб тушган 27 354 511 сўм маблағни белгиланган мақсадларга йўналтирилмасдан, банк хизмати, кредит ва унга ҳисобланган фоизлар ҳамда бошқа мақсадларга йўналтирилган. Натижада Солиқ Кодексининг 53-моддасига асосан 41 239 392 сўм пеня ҳисобланган.
ДСИ томонидан текшириш материаллари СКнинг 102-103-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилиб, банк филиалига нисбатан Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан 77 145 812 сўм пеня ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Содиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмига кўра, банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасини 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” (ҳал қилув қарор қабул қилинган пайтдаги номи) 2010 йил 16 июндаги 210-сонли қарорининг 37.2-бандида қуйидагича тушунтириш берилган: “Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасини 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади.
Бунда қўлланиладиган пеня банкнинг ўз солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун эмас, балки мижознинг солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун банкка нисбатан белгиланган ҳуқуқий таъсир чораси бўлиб, у ҳуқуқий табиати бўйича молиявий санкция ҳисобланади ва суд тартибида қўлланилади, банк содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ҳамда пеняни ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно”.
Банк томонидан Йўриқнома талаблари бузилганлиги ДСИ томонидан аризага илова қилинган текшириш далолатномаси, тегишли ҳисоб-китоблар, Ўзбекистон Респубдикаси Бош вазири раҳбарлигида Вазирлар Маҳкамасида 2013 йил 22 октябрда ўтказилган йиғилиши қарори, банк ходимларининг тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар далиллар билан тўлиқ тасдқиланган.
Шунинг учун, суд аризани қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 74-моддасининг биринчи-учинчи қисмига кўра, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан, далилларнинг йиғиндиси эса, етарлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади.
Суд юқорида қайд этилдан ҳужжатлар аризани қаноатлантириш учун мақбул ва етарли далиллар деб ҳисоблаган. Шунинг учун банкнинг жиноят судининг ҳукмида банк ходимлари Йўриқнома талаблари бузилганлиги кўрсатилмаганлиги ҳақидаги важини инобатга олмаган. Қолаверса, жиноят судининг ҳукмида ушбу ҳолатларнинг кўрсатилмаганлиги, аризани қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмайди. Чунки, банкнинг ҳуқуқбузарликни содир этганлиги ишдаги бошқа далиллар билан тасдиқланган.
* * *
Do'stlaringiz bilan baham: |