Низонинг моҳияти
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона (бундан буён матнда хорижий корхона деб юритилади) ҳамда хусусий корхона ўртасида 2014 йил 1 апрелда 01/38-сонли ижара шартномаси тузилган. Мазкур шартнома шартларига кўра хорижий корхона ўзига тегишли бўлган Наманган шаҳар Бобуршоҳ кўчаси 166-уйда жойлашган бинонинг 3 000 квадрат метр қисмини хусусий корхонага ижарага бериши, хусусий корхона эса хорижий корхонага ҳар ойда 2014 йилда 5 000 000 сўмдан ва 2015 йилдан бошлаб 7 000 000 сўмдан тўлаб бориш мажбуриятини олган.
Хорижий корхона 2014 йил 1 апрелда хусусий корхонага бинонинг 3 000 квадрат метр қисмини топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан топширган. Бироқ, хусусий корхона томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилмасдан, ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб берилмаган. Натижада, хорижий корхона хусусий корхонага нисбатан судга бир неча марта даъво аризалари билан мурожаат қилиб, ўз вақтида тўлаб берилмаган ижара тўловларини ундиришни сўраган.
Суднинг 2017 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори билан хусусий корхонадан хорижий корхона фойдасига 7 000 000 сўм, 2017 йил 30 августдаги ҳал қилув қарори билан 19 142 226 сўм, 2017 йил 10 октябрдаги ҳал қилув қарори билан 21 000 000 сўм ижара тўловлари ундирилган.
Бироқ хусусий корхона томонидан ижро ҳужжатлари бўйича тўловлар амалга оширилмаган.
Шунингдек, хусусий корхона томонидан 2017 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида ижара тўловлари амалга оширилмаганлиги натижасида 14 000 000 сўм қарздорлик вужудга келган.
Шу сабабли хорижий корхона хусусий корхонага нисбатан суда даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 14 000 000 сўм ижара тўловларини ундиришни ва тарафлар ўртасида тузилган 2014 йил 1 апрелдаги 01/38-сонли ижара шартномасини бекор қилишни сўраган.
Хорижий корхонанинг важлари
Хорижий корхона ва хусусий корхона ўртасида 2014 йил 1 апрелда 01/38-сонли ижара шартномаси тузилган.
Шартнома шартларига мувофиқ хорижий корхона 2014 йил 1 апрелда хусусий корхонага бинонинг 3 000 квадрат метр қисмини топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан топширган.
Бироқ хусусий корхона томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмай келмоқда, хусусан ижара тўловлари ўз вақтида тўланмаяпти, натижада хусусий корхонанинг хорижий корхона олдида муайян миқдордаги қарздорлиги вужудга келган.
Мазкур қарздорлик суммалари суднинг бир қатор ҳал қилув қарорлари билан хусусий корхонадан хорижий корхона фойдасига ундирилган бўлишига қарамасдан, уларнинг ижроси таъминланмай келинмоқда.
Шу сабабли хусусий корхонанинг 2017 йил октябрь ва ноябрь ойларидаги ижара тўловлари учун ҳисобланган 14 000 000 сўм миқдоридаги қарздорлик суммасини хорижий корхона фойдасига ундириб, тарафлар ўртасидаги 2014 йил 1 апрелдаги 01/38-сонли ижара шартномасини бекор қилиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |