Балансда сақловчининг важлари
Биз, ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида 2013 йил 25 ноябрда давлат мулкини ижарага бериш шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра бизнинг балансимизда сақланган умумий майдони 229,87 квадрат метр бўлган бино ижарага олувчига 5 йил муддатга ижарага берилган.
Ижара объекти ижарага олувчига ўз вақтида топширилган. Ижарага олувчи мазкур объектдан ҳозирги кунга қадар фойдаланиб келаётган бўлишига қарамасдан, ижара ҳақини ўз вақтида тўламай келмоқда.
Шу сабабли ижара олувчидан ижара ҳақини бўйича қарздорлик суммасини ундириб беришингиз сўралади.
Ижарага олувчининг важлари
Биз, ижарага берувчи ва балансда сақловчи ўртасида 2013 йил 25 ноябрда давлат мулкини ижарага бериш шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра, ижарага берувчи балансда сақловчининг балансида бўлган умумий майдони 229,87 квадрат метр бўлган бинони ижарага олувчига 5 йил муддатга ижарага бериш, ижарага олувчи эса ижара ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Мазкур шартнома билан кўчмас мулк ижарага берилган ва шартноманинг амал қилиш муддати 5 йил қилиб белгиланган бўлишига қарамасдан, мазкур давлат мулкини ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Битимни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Шу сабабли ижарага берувчининг 10 920 000 сўм асосий қарз, 21 840 000 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш лозим.
Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.
Низо давлат мулкини ижарага бериш шартномасидаги мажбуриятлар тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судга тааллуқлидир.
Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларининг мазмунидан кўринишича, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчининг мажбуриятлари давлат мулкини ижарага бериш шартномасидан келиб чиққан.
ФК 573-моддасининг биринчи қисмига кўра бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўрасида
2013 йил 25 ноябрда давлат мулкини ижарага бериш шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра, ижарага берувчи балансда сақловчининг балансида бўлган умумий майдони 229,87 квадрат метр бўлган бинони ижарага олувчига 5 йил муддатга ижарага бериш, ижарага олувчи эса ижара ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Ижарага берувчи томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилган, яъни балансда сақловчининг балансида бўлган умумий майдони 229,87 квадрат метр бўлган бино ижарага олувчига 5 йил муддатга ижарага берилган.
Ижарага олувчи томонидан эса ижара ҳақини ўз вақтида тўлаш билан боғлиқ шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаган, натижада ижарага берувчи олдида 10 920 000 сўм миқдордаги қарздорлик вужудга келган.
Қарздорлик суммаси ўз вақтида қопланмаганлиги сабабли ижарага берувчи ижарага олувчига нисбатан судга мурожаат қилган ҳамда 10 920 000 сўм асосий қарз, 21 840 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
ФК 574-моддасининг тўртинчи қисмига кўра бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим ва рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Тарафлар ўртасидаги давлат мулкини ижарага бериш шартномаси бўйича ижара объекти умумий майдони 229,87 квадрат метр бўлган бино бўлиб, мазкур бинони 5 йил муддатга ижарага берилган. Бироқ, ижара шартномаси эса белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
ФК 112-моддасининг биринчи қисмига кўра битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Мазкур Кодекс 114-моддасининг биринчи қисмида ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмаслиги ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмаслиги белгиланган.
Ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўртасида 2013 йил 25 ноябрда тузилган давлат мулкини ижарага бериш шартномаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги сабабли ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланади ҳамда ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва мазкур шартнома тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади.
Шу сабабли биринчи инстанция суди асосли равишда ижарага берувчининг 10 920 000 сўм асосий қарз, 21 840 000 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган.
* * *
Ваколатсиз шахс томонидан тузилган ижара шартномасини ваколат берувчи кейинчалик маъқуллаганда, яъни ушбу шартномани ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатларни амалга оширганда, шартнома унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |