Лизинг берувчининг важлари Биз ҳамда лизинг олувчи ўртасида лизинг шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра лизинг берувчи Навоий шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган қахвахона биносини лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган қахвахона биноси учун аванс пулларини тўлаб бериб, қолган тўловларни тўлов графигига асосан амалга ошириб бориши белгиланган.
Лизинг берувчи томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилган.
Лизинг олувчи қахвахонани қабул қилиб олганидан сўнг унинг олд фасад қисмини ўзгартирган.
Эндиликда лизинг олувчи ушбу сарф-харажатни чегириб, шу миқдордаги лизинг тўловларини тўлашдан бош тортиб келмоқда.
Ваҳоланки, лизинг тўловларини камайтириш бўйича тарафлар ўртасида ҳеч қандай келишув бўлмаган, қолаверса қахвахонанинг олд фасад қисмини ўзгартириш юзасидан лизинг берувчининг розилиги олинмаган.
Шартномада кўрсатилган лизинг тўловлари тўлиқ тўлаб берилмагунига қадар лизинг объектига нисбатан лизинг олувчининг мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш мавжуд эмас.
Шу сабабли лизинг олувчининг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш лозим.
Суднинг ҳал қилув қарори Даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.
Низо лизинг шартномасидаги мажбуриятлар тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судга тааллуқлидир.
Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларининг мазмунидан кўринишича, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда лизинг берувчи ва лизинг олувчининг мажбуриятлари лизинг шартномасидан келиб чиққан.
ФКнинг 587-моддасига кўра лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.
Лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўртасида лизинг шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра лизинг берувчи Навоий шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган қахвахона биносини лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган қахвахона биноси учун аванс пулларини тўлаб бериб, қолган тўловларни тўлов графигига асосан амалга ошириб бориши белгиланган.
Лизинг берувчи томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилган, яъни Навоий шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган қахвахона биноси ўз вақтида лизинг олувчига топширилган.
Лизинг олувчи томонидан аванс пуллари шартномада белгиланган муддатларда тўлаб берилган. Аммо лизинг олувчи тўлов жадвалида белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширишдан бош торган. Чунки лизинг олувчи қахвахонани ишга туширгач, унинг олд фасад қисмини ўзгартирган. Натижада қахвахона фасад қисмини ўзгартириш учун 8 000 000 сўм сарф-харажат қилган ва ушбу сарф-харажатни чегириб, шу миқдордаги лизинг тўловларини тўлашдан бош тортган.
Шартномада кўрсатилган лизинг тўловлари тўлиқ тўлаб берилмаганлиги учун лизинг берувчи лизинг объектини лизинг олувчига мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштирмаган.
Шу сабабли, лизинг олувчи лизинг берувчига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ҳамда лизинг шартномасида кўрсатилган шартларда лизинг объектини лизинг олувчига мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш мажбуриятини юклашни сўраган.
ФК 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.
ФКнинг ушбу нормаларидан кўриниб турибдики, шартномани бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномасига ҳеч қандай ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилмаганлиги учун лизинг олувчи шартномада белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширишга мажбур.
Қолаверса, қахвахонанинг олд фасад қисмини ўзгартириш юзасидан лизинг берувчининг розилиги олинмаган.
Шу боис суд даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида хулосага келишда асосли равишда ФК 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига таянган.
* * *
Молиявий ижара объектини сотиб олиш, етказиб бериш ёки белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар, агар шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, молиявий ижара объектининг қийматига қўшилади.