Суд қарори:
Даъво тўлиқ қаноатлантирилсин.
Шарх:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 116-моддасига кўра, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Иш кўриш жараёнида аниқланишича, 1-МЧЖнинг балансида 11,36 га ер майдонида жойлашган “Асфальт-бетон цехи” бино-иншоотлари мавжуд бўлган ва 2015 йил ноябрь ҳолатига 1-МЧЖнинг бюджет олдида ер солиғи бўйича 82 374 000 сўм ва унга ҳисобланган пеня бўйича қарзи мавжуд бўлган.
1-МЧЖ иштирокчилар умумий йиғилишининг 2015 йил 15 ноябрдаги қарори билан 2-МЧЖ ташкил қилинган ва унинг низом капитали (жамғармаси) 424 275 918,37 сўмни ташкил қилган ҳамда ушбу низом капиталининг 98 фоизли (ёки 415 790 400 сўм) қисми 1-МЧЖга тегишли бўлиб, ушбу улуш 11,36 га ер майдонида жойлашган “Асфальт-бетон цехи” бино-иншоотлари ва улардаги асбоб-ускуналар ҳисобидан шакллантирилган.
Орадан 25 кун ўтгач, яъни 2017 йил 10 декабрда 1-МЧЖ ва фуқаро “Х” ўртасида келишув битими тузилган ва унга кўра 1-МЧЖнинг 2-МЧЖдаги 415 790 400 сўмлик (ёки 98 %) улуши фуқаро “Х” фойдасига воз кечган.
Бундан кўринадики, 25 кун давр ичида “Асфальт-бетон цехи” бино-иншоотлари 1-МЧЖнинг тассаруфидан 2-МЧЖга ўтган, 1-МЧЖнинг 2-МЧЖдаги “Асфальт-бетон цехи” бино-иншоотлари ҳисобидан шакллантирилган улуши фуқаро “Х” ўтган.
1-МЧЖнинг балансида “Асфальт-бетон цехи” бино-иншоотлари ва улардаги асбоб-ускуналардан бошқа мол-мулки бўлмаганлиги сабабли (фуқаро “S” томонидан киритилган 3 998 300 сўмлик улушдан ташқари) бюджет олдидаги қарздорлиги қопланмасдан қолган.
Шундан сўнг 1-МЧЖ 3-МЧЖ билан бирлаштирилган ва 3-МЧЖ уларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 1-МЧЖ 3-МЧЖга қўшилганлиги сабабли унинг (1-МЧЖ) бюджет олдидаги қарздорлиги 3-МЧЖга ўтган. Бу ҳолат туман Давлат солиқ инспекциясининг 2017 йил 6 октябрдаги 20/1-сонли хат билан ўз тасдиғини топган.
Юқоридаги ҳаракатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, 2-МЧЖ ташкил қилиши, унинг низом капиталига “Асфальт-бетон цехи” бино-иншоотлари ва улардаги асбоб-ускуналарни 1-МЧЖнинг улуши сифатида киритилиши, кейинчалик ушбу улушни фуқаро “Х” фойдасига воз кечиши ва 1-МЧЖни 3-МЧЖга қўшилиши бюджет олдидаги қарзорликни тўламаслиги ниятида амалга оширилган.
Шу боис, ушбу ҳаракатлар давомида 2015 йил 10 декабрда 1-МЧЖ номидан ва фуқаро “Х” ўртасида тузилган келишув битими ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим бўлиб, у ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
ФКнинг 127-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топилган битим у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади.
Шу боис, 2015 йил 10 декабрдаги тузилган келишув битими ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги сабабли 2016 йил 1 июлда 2-МЧЖ ягона таъсисчиси фуқаро “Х” ва “G” МЧЖ ўртасида тузилган 2-МЧЖдаги улушни “G” МЧЖга сотиш тўғрисидаги олди-сотди шартномаси ҳам ҳақиқий эмас ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд даъвони асосли деб, низолашаётган битимларни ҳақиқий эмас деб топган.
* * *
Ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ўз маблағлари ҳисобидан ва ижарага берувчининг розилиги билан яхшилаган, бу яхшилашни мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаган тақдирда, ижарага олувчи шартнома бекор бўлганидан кейин, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бу яхшилашлар қийматини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |