Жавобгар (Харидор)нинг важлари:
Шартнома тузишдан олдин инвестор мавжуд бўлган ва унда объектга инвестиция киритиш нияти бор эди. Кейинчалик, инвестор фикридан қайтди ва шу сабабли жавобгар томонидан шартномавий мажбурият қисман бажарилмай колди.
Харидор томонидан жами 102 162 143 сўм миқдорида инвестиция киритилган ва 15 та ишчи ўринлари яратилган.
Бундан ташқари, сотиб олинган бинонинг бир қисмида “алоқа бўлими” (почта) ва туман электр тармоқлари идорасининг бўлими фаолият кўрсатиб келади ва бинонинг томини таъмирлаш учун ушбу идоралар турган бино қисмининг томи таъмирлаш керак. Аммо ушбу идораларда бу ишларни бажаришга ўз хиссасини қўшиш нияти йўқлиги сабабли бинонинг томи таъмирлаш имконияти йўқ.
Бинони ушбу қисмини ҳам сотиб олиш учун харидор даъвогарга мурожаат қилган. Аммо, бу мурожаат жавобсиз қолган.
Инвестиция мажбуриятининг тўлиқ бажаришга имконият бор. Агар даъвогар жавобгарга муддат берса, бино тўлалигича капитал таъмирланади.
Балансда сақловчининг важлари:
Харидор томонидан ўз мажбурияти тўлалигича бажарилмаган ва бининг бир қисми фақат таъмирланган.
Низо юзасидан қарор қабул қилишни судга ҳавола қиламиз.
Суднинг ҳал қилув қарори:
Даъво қисман қаноатлантирилсин. 2015 йил 15 июлдаги 5-сонли олди-сотди шартномаси бекор қилинсин ва жавобгардан даъвогар фойдасига 5 091 428 сўм пеня ундирилсин. Даъвони қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарх:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига биноанмажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади ва улар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари олди-сотди шартномасидан келиб чиққан.
ФКнинг 236-моддасига асосан мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 4.1-банди ва 2-иловасига асосан жавобгар 1,5 йил муддат ичида (яъни 2017 йилнинг 15 январигача) 170 500 000 сўм миқдордаги инвестиция мажбуриятини бажариш (объектда қурилиш ишларини якунлаш, аҳолига трикотаж, парли кўрпа маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш) ва 15 та янги иш ўринларини яратиш лозим бўлган.
Шартноманинг 2-иловасига кўра, жавобгар 2015 йилнинг 3 ва 4-чоракларида 25 000 000 сўмдан, яъни 50 000 000 сўмлик, 2016 йилнинг 1- ва 2-чоракларида 30 000 000 сўмдан, яъни 60 000 000 сўмлик инвестиция киритиш, 2016 йилнинг 3-чорагида 35 000 000 сўмлик, 4-чорагида 33 500 000 сўмлик инвестиция киритиш ва 15 та янги иш ўринларини яратиш лозим бўлган.
Жавобгар томонидан 2015 йилнинг 3 ва 4-чоракларида ҳамда 2016 йилнинг 1-чорагида жами 102 162 143,18 сўмлик инвестиция киритилган, 2016 йилнинг 2-чорагида 7 837 857 сўм кам инвестиция киритилган, 2016 йилнинг 3 ва 4-чоракларида эса объектга инвестиция умуман киритилмаган. Жавобгар томонидан объектга жами 76 337 857 сўмлик инвестиция киритилмаган.
Даъвогар жавобгарга 2017 йилнинг 15 февралидан 25 июлига қадар 4 маротаба талабномалар билан мурожаат қилиб, шартнома мажбуриятларини бажарилганлиги ҳақидаги ҳисоботни ва мустақил аудиторлик ва (ёки) баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботини тақдим этишни сўраган ҳамда ушбу ҳужжатлар тақдим этилмаганда даъвогар судга шартномани бекор қилиш тўғрисида даъво аризасини киритишни маълум қилган.
Жавобгар 2016 йил 2-чорак якуни бўйича инвестиция мажбуриятларини бажарилиши тўгрисидаги ахборотида шу чоракда 30 млн.сўмлик инвестиция киритилиши лозим бўлганлиги, бироқ бу мажбурият бажарилмаганлиги, ушбу чоракда киритилиши лозим бўлган инвестиция 2016 йилнинг 3-чорагида киритилишини маълум қилган.
Шунингдек, жавобгар 2016 йил 4-чорак якуни бўйича инвестиция мажбуриятларини бажарилиши тўғрисидаги ахборотида шу чоракда 33,5 млн. сўмлик инвестиция киритиш мажбурияти бажарилмаганлиги, ушбу чоракда киритилмаган 33,5 млн.сўмлик инвестицияни шартнома муддати узайтирилганидан сўнг 2017 йил 1-чорагида қўшиб топширилишини маълум қилган.
Жавобгар томонидан инвестиция мажбурияти 76,5 млн. сўмга кам бажарилганлиги аудиторлик ташкилотининг 2017 йил 2 августдаги 24-сонли хулосаси билан ҳам ўз тасдиғини топган.
Бундан ташқари, жавобгар томонидан объектда қурилиш ишларини якунлаш, аҳолига трикотаж, парли кўрпа маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лозим бўлса-да, объектда қурилиш ишлари якунламаган, шунингдек нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.
ФК 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.4-бандида мазкур шартноманинг 4-бўлими, 2-иловасида назарда тутилган муддатлар тугатилгандан кейин Харидор томонидан уч ой мобайнида ушбу шартномада назарда тутилган кўринишларда ва ҳажмларда (навбатдаги, оралиқ инвестиция даврида миқдор жиҳатидан) инвестиция мажбурияти бажарилмаган (ёки лозим даражада бажарилмаган) тақдирда Сотувчи ушбу шартномани белгиланган тартибда бекор қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Жавобгар томонидан инвестиция мажбурияти бажарилмаганлиги сабабли суд даъвогарнинг шартномани бекор қилиш талабини асосли деб, уни қаноатлантирилган.
ФКнинг 259 ва 262-моддаларига асосан мажбуриятнинг бажарилиши неустойка билан таъминланиши мумкинлиги ва неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.3-бандида инвестиция мажбурияти ўз вақтида бажарилмаганлиги учун ҳар бир кечиктирилган кун учун бажарилмаган инвестиция мажбуриятлари қийматининг 0,04 фоизи миқдорида, бироқ кечиктирилган инвестиция мажбуриятлари қийматининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда пеня тўлаш белгиланган.
Жавобгар томонидан инвестиция мажбурияти ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли даъвогар асосли равишда 10 182 856 сўм пеня ҳисоблаб, суддан ушбу пеняни ундиришни сўраган.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Ушбу қонун нормасидан келиб қичиб ҳамда жавобгарнинг мулкий аҳволини инобатга олиб, суд арз қилинган неустойка суммасини 50 фоизгача, яъни 5 091 428 сўмгача камайтирган.
Шунингдек, ФКнинг 325-моддасига биноан, агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади.
Қонунда ёки шартномада зарарни эмас, балки фақат неустойкани ундириб олишга йўл қўйиладиган; зарар ҳам неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши мумкин бўлган; кредиторнинг танловига кўра ёки неустойка ёхуд зарар ундириб олиниши мумкин бўлган ҳоллар белгиланиши мумкин.
Мазкур ҳолатда қонунда ва тарафлар ўртасида тузилган шартномада зарар ҳам неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши назарда тутилмаганлиги сабабли суд арз қилган аудиторлик ташкилотига кўрсатилган хизмат учун 500 000 сўм тўлаб берилган суммани зарар сифатида ундириш талабини қаноатлантиришни рад этган.
* * *
Do'stlaringiz bilan baham: |