Низонинг моҳияти: Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши вилоят ҳудудий комиссияси (бугунги кунда ушбу Республика кенгашининг фаолияти тугатилган)нинг 2016 йил 18 октябрдаги 06-110-сонли рухсатномаси ва туман Давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда ДСИ ёки аризачи деб юритилади)нинг 2016 йил 26 октябрдаги 666-хс-сонли буйруғига асосан масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ ёки жавобгар деб юритилади)га қарашли авиачипта сотиш шаҳобчасида қисқа муддатли текшириш ўтказилган.
Текширишда МЧЖ ходими “Бухоро-Тошкент” йўналиши бўйича қиймати 220 000 сўм бўлган авиачиптани харидорга 220 000 сўмга сотганлиги, бироқ, харид чеки бермаганлиги, ва авиачипта сотиш шаҳобчасида назорат-касса машинаси ўрнатилмаганлиги аниқланган.
Текшириш материаллари ДСИда кўриб чиқилиб, унинг натижалари бўйича 2016 йил 21 ноябрда қарор қабул қилинган ва МЧЖга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади) 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 4 493 250 сўм молиявий жарима қўлланилган.
Ушбу жарима суммаси МЧЖ томонидан ихтиёрий тўланмаганлиги сабабли ДСИ судга мурожаат қилиб, МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраган.
Аризачи (ДСИ)нинг важлари: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдони амалга оширишда ва товарларни сотишда, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналари мажбурий тартибда қўлланган ҳолда амалга оширилади.
Бироқ, жавобгар хизмат кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинсини қўлламасдан амалга ошириб келмоқда. Хусусан, МЧЖга қарашли авиачипта сотиш шаҳобчасида ўтказилган қисқа муддатли текширишда МЧЖ ходими авиачиптани харидорга 220 000 сўмга сотганлиги, бироқ, харид чеки бермаганлиги ва авиачипта сотиш шаҳобчасида назорат-касса машинаси ўрнатилмаганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат текшириш юзасидан тузилган далолатнома ва МЧЖ ходимининг ёзма тушунтириши билан ўз тасдиғини топади.
Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига биноан фискал хотирали назорат-касса машиналарини ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
МЧЖ биринчи маротаба бундай ҳуқуқбузарликни содир этганлиги сабабли унга энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари, яъни 4 493 250 (ҳуқуқбузарлик содир этилган даврида энг кам иш ҳақининг миқдори 149 775 сўмни ташкил қилган) сўм миқдорда жарима солиниши лозим.