Фермер хўжалиги (жавобгар)нинг важлари:
Фермер хўжалигининг солиқлардан ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарзи мавжуд эмас. Шунинг учун даъвони қаноалантириш рад этилиши лозим.
Суд қарори:
Даъво қаноатлантирилсин. Туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган “Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси” муддатидан олдин бекор қилинсин.
Шарҳ:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар судга тааллуқлидир.
Мазкур кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида иқтисодий суд шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиши ҳақидаги низоларни ҳал этиши белгиланган.
Худди шундай нормалар ҳал қилув қарори қабул қилинган қилинган пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексидада ҳам мавжуд бўлган (23,24-моддалар).
Тарафлар ўртасида “Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси” тузилган ва туман ҳудудидан 63,5 га ер участкаси пахтачилик-ғаллачилик йўналиши бўйича фермер хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун 49 йил муддатга ижарага берилган.
Шартноманинг 15-бандида ер майдонини ижарага олувчи фермер хўжалигининг мажбуриятлари, 17-бандида шартномани бекор қилиш учун асос бўладиган ҳолатлар баён қилинган.
Туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини реализация қилиш масалалари бўйича комиссия томонидан хулоса расмийлаштирилиб, унда фермер хўжалиги 2015, 2016 ва 2017 йилларда ўзига ижарага берилган ер майдонидан самарасиз ва хўжасизларча фойдаланганлиги, шунингдек фермер хўжалиги солиқ қарздорлигига йўл қўйганлиги аниқланганлиги қайд этилган ва ер ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш масаласи халқ депутатлари Нукус туман Кенгашига киритилиши қайд қилинган.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан тумандаги бир қатор фермер хўжаликлари, жумладан фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритилиши маъқулланган ва тегишли қарор қабул қилинган..
Туман ҳокимлиги томонидан низони судгача ҳал қилиш мақсадида фермер хўжалигига талабнома юборилган. Унда фермер хўжалигининг солиқлар бўйича 5 715 672 сўм қарзи мавжудлиги, фермер хўжалиги ер майдонидан самарасиз фойдаланганлиги кўрсатилган ва ер ижараси шартномасини ихтиёрий равишда бекор қилиш сўралган. Шунингдек, талабномага жавоб берилмаганда судга даъво киритилиши маълум қилинган.
Фермер хўжалиги талабнома нусхасини олган. Бироқ, ер майдонини туман захирасига қайтаришга қаршилигини билдирган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Фермер хўжалиги шартнома асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларни лозим даражада бажармаган. Жумладан, 2015, 2016ва 2017 йилларда ўзигаижарага берилган ер майдонидан самарасиз ва хўжасизларча фойдаланган. Ушбу ҳолат туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини реализация қилиш масалалари бўйича комиссиясининг хулосаси, тайёрловчи идораларнинг маълумотлари билан тасдиқланади. Фермер хўжалиги ушбу ҳолатларни инкор этувчи далилларни судга тақдим этмаган.
Бундан ташқари, фермер хўжалиги 5 715 672 сўмлик солиқ қарзини ўз вақтида тўламаган. Мазкур ҳолат туман Давлат солиқ инспекциясининг маълумоти билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 24-моддасининг биринчи қисмига кўра, ер участкасининг ижараси ер участкасига ижара шартномаси шартларида муддатли, ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишдан иборатдир, саккизинчи қисмига кўра, ер участкаларини ижарага олганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва унинг миқдори ижара шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Фуқаролик кодекси 382-моддасининг иккинчи қисмига кўра, тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.
Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда, 9-бандига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдқиланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 14-бандига кўра, фермер томонидан ўз зиммасига олинган шартнома мажбуриятлари бажарилишининг чуқур таҳлили натижасида қуйидаги ҳолатларнинг аниқланиши:
а) ер майдонини ижарага олиш шартномаси шартларининг қўпол равишда бузилганлиги, энг аввало, фермер хўжалигига ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги — ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;
б) фермер хўжалигини шакллантириш чоғида фермер хўжалиги ихтисослашувининг бузилганлиги — ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;
в) ижарага берилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона фойдаланмаслик, мунтазам (кетма-кет уч йил мобайнида) норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олинганлиги — қишлоқ ва сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри органлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан;
г) фермер хўжалиги билан тайёрлов ташкилотлари ўртасида, энг аввало, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномалари шартларининг мунтазам (кетма-кет уч йил мобайнида) бажарилмаганлиги (форс-мажор ҳолатларининг вужудга келиши ҳолатлари бундан мустасно) — қишлоқ ва сув хўжалиги органлари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, шунингдек тайёрлов ташкилотлари томонидан;
д) хўжалик фаолиятининг самарасиз ва паст рентабеллик билан юритилиши — қишлоқ ва сув хўжалиги органлари, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш билан боғлиқ масалалар бўйича даъво аризаларини қўзғатиш ва иқтисодий судга бериш учун асос ҳисобланади.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддасининг тўққизинчи қисмига ва ЕК 24-моддасининг тўққизинчи қисмига кўра, ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Фермер хўжалиги ер участкасидан оқилона фойдаланмаганлиги, ер ижара ҳақи (солиқлар)нимунтазам тўламай келганлиги ишдаги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Бундай ҳолда ер ижара шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги юқорида қайд этилган қонун нормаларида белгиланган. Шунинг учун суд даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.
Фермер хўжалигининг солиқлардан ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги важи инобатга олинмаган. Чунки, судга даъво аризаси тақдим этилган кунда қарз мавжуд бўлган. Қолаверса, ер ижара шартномаси фақатгина фермер хўжалигининг солиқ қарзи мавжудлиги учун эмас, балки ердан самарасиз фойдаланганлиги ва контрактация шартномалари шартларини мунтазам бажармаганлиги учун ҳам бекор қилинган.
* * *
Банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасини 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |