Даъво қаноатлантирилсин. Жавобгар зиммасига ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган санадан бошлаб икки ҳафта муддат ичида Бубур кўчасида жойлашган, даъвогарга тегишли 96,0 кв.метр ер майдонидан 6/0,4 кВ ТП-783/400 кВА трансформаторни олиб чиқиш мажбурияти юклатилсин.
Шарҳ:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар судга тааллуқлидир.
Мазкур кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 7-бандида иқтисодий суд мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги низоларни ҳал этиши белгиланган.
Худди шундай нормалар ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексида ҳам мавжуд бўлган (23,24-моддалар).
Шаҳар ҳокимининг “Хусусий корхонага тегишли бўлган ва бузилишга тушган савдо дўкони ўрнига Бобур кўчасидан замонавий лойиҳалар асосида 3-қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси биноси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдони танлаб ажратишга ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга рухсат бериш тўғрисида”ги қарорига асосан хусусий корхонага Бобур кўчасидан 96,0 кв.метр ер майдони замонавий лойиҳалар асосида 3 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси қуриш учун ер участкаси ажратилган ва тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга рухсат берилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
“Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат унитар корхонаси томонидан хусусий корхонага ажратилган ер майдони жойнинг ўзида чегаралари белгиланган ҳолда далолатнома асосида топширилган ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида тегишли гувоҳнома берилган.
Даъвогарга Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура қурилиш қўмитаси томонидан бино-иншоотлар қуришга рухсатнома берилган.
Бироқ, жавобгарнинг балансида бўлган 6/0,4 кВ ТП-783/400 кВА трансформатор даъвогарга ажратилган 96,0 кв.метр ер майдонига ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасига кўра, ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.
Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади,
Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегараларини тегишли ер тузиш хизмати натурада (жойнинг ўзида) белгилагунига ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш таъқиқланади.
Даъвогарга ажратилган ер майдонида жавобгарнинг балансида бўлган трансформаторнинг ўрнатилганлиги, даъвогарнинг ўзига ажратилган ер майдонидан мақсадли фойдаланиш имкониятини чеклаган, яъни бу орқали унинг ердан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 164-моддасига асосан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.
Мазкур кодекснинг 228-моддасида мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация) эканлиги белгиланган.
Трансформатор ўрнатилган ер майдони даъвогарга тегишли эканлиги шаҳар ҳокимининг қарори, кадастр органи томонидан берилган гувоҳнома билан тўлиқ тасдиқланади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура қурилиш қўмитаси томонидан бино-иншоотлар қуриш учун даъвогарга рухсатнома ҳам берилган.
Шунинг учун суд даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодесининг 184-моддасига кўра, пул маблағларини ундириш ёки мол-мулкни топшириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни, шу ҳаракатларни амалга ошириши шарт бўлган шахсни, шунингдек уларнинг амалга оширилиш жойи ва муддатини кўрсатади.
Ушбу модда талабидан келиб чиқиб, суднинг ҳал қилув қарорида жавобгар зиммасига ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган санадан бошлаб икки ҳафта муддат ичида Бубур кўчасида жойлашган даъвогарга тегишли 96,0 кв.метр ер майдонидан 6/0,4 кВ ТП-783/400 кВА трансформаторни олиб чиқиш мажбурияти юклатилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессул кодекси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Жавобгар ўзига тегишли трансформатор ўрнатилган ер майдони унга қонун талаблари асосида ажратилганлиги ва (ёки) ушбу ер майдонига нисбатан ўзида ҳуқуқ мавжудлигини далиллар билан исботлаб бермаган.
Шунинг учун суд жавобгарнинг важларини инобатга олиш мумкин эмаслиги тўғрисида хулосага келган.
* * *
Ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |