Жавобгарнинг важлари
Жавобгарларнинг даъвогар томонидан билдирилган даъво талабларига эътирозлари мавжудлигини, даъво аризасида кўрсатилган ҳолатлар тарафлар ўртасида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш, яъни тўловларни амалга оширмаслик шартномани ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлмаслигини, бино иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун даъвогар томонидан тегишли ҳужжатлар кадастр органларига тақдим этилмаганлигини таъкидлаган.
Қайд этилганларга кўра, даъвогарнинг тарафлар ўртасида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш лозим, деб ҳисоблаган.
Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талаби қаноатлантирилсин.
Тарафлар ўртасида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилсин.
Шарх
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо олди-сотди шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекс 479-моддасининг биринчи қисмига асосан, кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномасига (кўчмас мулкни сотиш шартномасига) биноан сотувчи ер участкаси, бино, иншоот, квартира ёки бошқа кўчмас мулкни сотиб олувчига мулк қилиб топширишни ўз зиммасига олади.
Тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларига кўра, даъвогарга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган 17 352,72 м2 ер майдонида жойлашган бино ва иншоотларни жавобгарга сотиши, жавобгар эса тегишли ҳужжатлар билан кўчмас мулк топширилгандан сўнг унинг ҳақини тўлаши лозим бўлган.
ФК 111-моддасининг биринчи қисмига кўра, ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Даъвогар томонидан тарафлар ўртасида тузилган топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан мулклар жавобгарга топширилган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 1.6-бандида “Сотиб олувчи” (жавобгар) ФКнинг 481-моддасига асосан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиши белгиланган бўлса-да, тарафлар ўртасида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Бу ҳолат давлат кадастр хизматининг маълумотномаси билан ўз тасдиғини топган.
Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2014 йил 7 январдаги 1-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида” Низомнинг
2-бандида кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши, шунингдек улар билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши кераклиги, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосномасига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни ер участкаларига, бинолар ва иншоотларга, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар бериш йўли билан ёки рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шартлиги, 8-бандида эса кўчмас мулк мулкдорлари ёхуд унга ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар (тадбиркорлик субъектларидан ташқари) ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган ёки бекор бўлган кундан бошлаб бир ой муддатда кўчмас мулкнинг ўрнашган жойи бўйича давлат рўйхатидан ўтказувчи органга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилишлари шартлиги белгиланган.
ФК 481-моддасининг учинчи қисмига кўра, агар тарафлардан бири кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлигини давлат рўйхатдан ўтказишдан бўйин товласа, бошқа тарафнинг талабига биноан суд мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
Жавобгарнинг бино иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун даъвогар томонидан тегишли ҳужжатлар кадастр хизмати органларига тақдим этилмаганлиги ҳақидаги важлари тегишли ҳужжатлар билан ўз исботини топмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
“Сотувчи” (даъвогар) томонидан олди-сотди шартномаси асосида жавобгарга сотилган кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш ҳолатлари бўлмаган, аксинча даъвогар хокимликка мурожаат қилиб, объектни жавобгарга сотилганлиги сабабли жамият балансида қолган бино ва иншоотларни жойлашган ва фойдаланишдаги ер майдонларини қайта расмийлаштириб беришни сўраган.
ФК 112-моддасининг биринчи қисмига кўра, битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Шу боис, тарафлар ўртасида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.
ФК 113-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим).
Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2014 йил 28 ноябрдаги 269-сонли қарорининг 4-бандида ФКнинг 11 ва 113-моддаларига, шунингдек ИПКнинг 26-моддасига кўра, суд битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги даъволарни кўриб чиқишга ҳақлилиги, 6-бандида ФК 113-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, битим ФКда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, у ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши, бунда судлар инобатга олишлари керакки, ФК ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво бериш имкониятини истисно этмаслиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Шу асосда, суд томонидан даъвогарнинг тарафлар ўртасида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилган.
* * *
Контрактация шартномасига асосан маҳсулотларни қабул қилиш билан боғлиқ ҳолатларда “тайёрловчи” ўзига зарар етказилган деб ҳисобласа, лекин етказилган зарар тегишли ҳужжатлар билан исботламаса, етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |