Низонинг моҳияти
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорий корхонаси (бундан буён матнда – даъвогар деб юритилади) ва масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда – жавобгар деб юритилади) ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган.
Шартнома шартларига кўра, сотиб олувчи (даъвогар) етказиб берилиши лозим бўлган маҳсулот қийматининг 15 фоизини олдиндан, қолган 85 фоизини эса маҳсулот етказиб берилгандан кейин 60 кун ичида тўлаши лозим бўлган.
Шартнома шартларидан келиб чиқиб, даъвогар олдиндан 125 000 АҚШ долларини жавобгарга ўтказиб берган.
Шартноманинг 2.1-бандига кўра, маҳсулот шартноманинг амал қилиш муддати давомида, бироқ олдиндан тўланган тўлов суммаси келиб тушган пайтдан 10 кундан кечиктирилмасдан етказиб берилиши, етказиб бериш шарти эса – сотиб олувчи маҳсулотни ўзи олиб кетиши лозим бўлган.
Бироқ, жавобгар томонидан маҳсулот етказиб берилмаган.
Даъвогарнинг юборган талабномасида кўрсатилган сумма жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган.
Шу сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 125 000 АҚШ доллари ундиришни сўраган.
Даъвогарнинг важлари
Тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, сотиб олувчи (даъвогар) етказиб берилиши лозим бўлган маҳсулот қийматининг 15 фоизини олдиндан, қолган 85 фоизини эса маҳсулот етказиб берилгандан кейин 60 кун ичида тўлаши лозим бўлган.
Даъвогар шартнома шартларида кўрсатилган тартибда олдиндан жавобгарга 125 000 АҚШ долларини ўтказиб берган. Даъвогар маҳсулотни олиб кетиш учун жавобгарнинг омборига борганда жавобгар маҳсулотни бермаган ва етказиб берилиши лозим бўлган маҳсулотлар омборда мавжуд бўлмаган.
Даъвогар томонидан юборилган талабномани жавобгар оқибатсиз қолдирганлиги сабабли жавобгардан 125 000 АҚШ доллари миқдоридаги асосий қарздорликни ундириш лозим бўлади, деб ҳисоблаган.
Жавобгарнинг важлари
Тарафлар ўртасида тузилган маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартларига кўра, маҳсулот шартноманинг амал қилиш муддати давомида, бироқ олдиндан тўланган тўлов суммаси келиб тушган пайтдан 10 кундан кечиктирилмасдан етказиб берилиши, етказиб бериш шарти эса – сотиб олувчи маҳсулотни ўзи олиб кетиши лозим бўлганлигини, лекин даъвогар маҳсулотларни олиб кетмаганлиги, бу ҳолатда жавобгарнинг умуман айби йўқлигини таъкидлаган.
Шу сабабли даъво аризасида кўрсатилган қарздорликни ундириш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни рад этиш лозим, деб ҳисоблаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |