Триазин ва фенол унумлари билан заҳарланишлар- Триазин унумлари – самарали гербицидлар ҳисобланади. Сувда қийин эрийди, кислота ва ишқор таъсирига чидамли ҳайвонлар учун кучсиз заҳарли, организмда камдан-кам кумуляция бўлади, тупроқда 14 ойгача сақланиб туради.
Триазин унумларига қуйидагилар киради:
Атразин, симазин, пропазин, прометин, мезоранил. Булардан ташқари комплекс препаратлар люметон, агенол карагард кабилар ишлаб чиқилади.
Патогенези: Триазин унумлари ҳайвонлар организмига бегона ўтлар орқали тушиши мумкин. Булар махаллий таъсир қилмай туриб қонга сурилиб кетади. Хужайра тўқималарига ўтган триазин, нуклеин кислотаси алмашинувини бузади, бу эса ўз навбатида оқсил алмашинуви бузилишига олиб келади. Атразин, пропазин, симазинлар, хужайралар бўлинишини тўхтатиб қўяди, хромасомалар бир-бирига ёпишиб қолади, бу цитогенетик эффект дейилади.
Сурункали яллиғланишда МНС қўзғалиши кучаяди, жигар фаолияти бузилади, жигар, ўпка ва юракда сульфогидрил гуруҳлари миқдори кўпаяди. Эритроцитлар чўкиш тезлиги ортади, лейкоцитоз ва гипергликемия кузатилади, қон ивиши қийинлашади, карбонгидраза ва пероксидаза фаоллиги пасаяди, ҳайвонлар жинсий фаоллиги сусаяди. Айниқса эркак ҳайвонларда эмбриотоксик таъсир қилиши ҳам мумкин.
Белгилари: Умумий аҳволи оғирлашади, сўлак оқиши, иштаҳа йўқолиши, нафас олиш кучайиши, хриллашлар пайдо бўлиши, ҳаракат координацияси бузилиши кузатилади. Жунлари хурпайиб кам ҳаракатчан бўлиб қолади. Сийдик ажратиш тезлашади. Кўз ва бурундан суюқлик ажрала бошлайди, ҳайвон терлайди, кейинчалик атаксия ривожланиб коматоз ҳолатга тушиб қолади.
Диагноз – Комплекс.
Даволаш: Ошқозонни ювиш керак. Фаоллаштирилган кўмир, антидот-фолевая кислота – барча ҳайвонлар учун 0,1-0,2 мг/кг тирик вазнига мускул орасига юборилади.
Фенол унумлари билан заҳарланишлар-Фенол унумлари иккита гуруҳга бўлинади:
Хлорунумлилар (пента хлорфенол, пента хлорфенолят натрий).
Нитроунумлилар (динитрофенол, динитроортокрезол, нитрофен, динитрофенилкарбонат).
Юқорида келтирилган кимёвий заҳарлар универсал пестицидлар сифатида, яъни инсектицид, акарицид, фунгицид, бактерицид, гербицид хоссаларига эгадирлар. Булар барчаси ҳайвонлар учун кучли заҳар ҳисобланади.
Патогенези – бу бирикмалар темир сақловчи оқсиллар фаолиятига таъсир кўрсатади. Фенол унумлари организмга тушгандан кейин оксидланиш – қайтарилиш жараёнларини ишдан чиқаради. Фосфорланиш оксидланиш жараёнини бузади, жигар митохондриясида нафас олишни тўхтатади. Энергия алмашинувини бузиб АТФ синтез бўлмай қолади. Оқибатда организмда (терморегуляция) иссиқликни бошқариш издан чиқади, жигар ва бошқа органларда гликоген камайиб кетади. Қонда метгемоглобин миқдори кўпайиб, шаклли элементлар гемолизга учрайди. Фенол унумлари АТФосфатаза фаоллигини кучайтиради.
Белгилари: Заҳарланиш кечишига боғлиқ. Ўткир кечганда иштаха йўқолади, ҳарорат кўтарилади, айрим вақтда қайт қилиш кузатилади. Ҳайвонлар терлайди. Шиллиқ пардалар сарғаяди, нафас олиш тезлашади, тахикардия ва аритмия кузатилади, мускуллар бўшашади, ҳаракат координацияси бузилиб, қалтирай бошлайди. Қон таркибида эритроцитлар ва лейкоцитлар миқдори камайиб, метгемоглобин кўпайиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |