Қўзғатувчининг ривожланиши. Ташувчи каналар ҳайвонга қон сўриш учун ҳужум қилганида уларнинг сўлаклари орқали тейлерийлар қонга тушиб, у билан РЭСга: лимфа тугунлари, жигар, талоқ ва буйрак ҳужайраларида кўпайиб макро- ва микрошизонтларни ҳосил қилади. Макрошизонтларнинг ўзаклари нотўғри шаклга эга бўлиб, нисбатан катта, микрошизонтларнинг ўзаги эса жуда майда нуқтасимон шаклда бўлади. Микрошизонтлар ўз навбатида ривожланиш босқичи давомида бўлиниб, микромеразоитларни ҳосил қилади, улар эса эритроцитларга кириб олади ва паразитнинг периферик қонида учровчи эритроцитлар шаклларини вужудга келтиради. Эритроцитларда паразитлар касалликнинг 2-3-кунида, айрим пайтда бироз кечроқ, тана ҳарорати кўтарилгандан сўнг, пайдо бўлади. Бундай ҳайвонларга қон сўриш мақсадида ёпишган каналар тейлерийларни ўзларига юқтиради.
Эпизоотологияси. Тейлериоз билан йирик шоҳли ҳайвонларнинг барча ёшлари ва зотлари, шунингдек, қўтос ва зебулар ҳам касалланади. Касаллик қўзғатувчилари Hyalomma авлодига мансуб каналар томонидан тарқатилади. Булардан икки хўжайинли кана H.dettetum ва уч хўжайинли кана H.anatolicum асосий аҳамиятга эга. Каналарни ҳайвонларга ҳужуми Ўзбёкистон шароитида яйловларда ва молхоналарда содир бўлади. Бу турдаги каналарни, шунингдек, молхоналарда ҳам яшашга мослашганлиги сабабли, тейлериоз ҳайвонларни молхоналарда асраган пайтида ҳам содир бўлади. Ҳайвонлар бу касаллик билан йилнинг иссиқ фаслларида касалланади. Агар хўжаликда H.dettetum канаси тарқаяган бўлса, касаллик асосан майдан октябрь ойларигача, H.anatolicum учрайдиган минтақаларда эса март, апрелдан – октябрь (энг юқори чўққисига июнь-июль ойларида етади) ойигача давом этади (Қ. Орифжонов, Т. Рахимов, А. Ғафуров).
А.Ғ. Ғафуровнинг маълумотига қараганда Зарафшон водийсининг тоғ олди ҳудудларида мавжуд каналарнинг 46,3% ни H.anatolicum, 34% ни H.detritum ташкил қилган бўлса, текисликда эса H.anatolicum – 74,7% ни ва H.detritum – 13,5% ни; Жиззах вилояти ҳудудларида (Н. Турабоев, 2001) мавжуд каналарнинг 59% ни H.anatolicum ва 39% ни H.detritum; Сурхондарё вилояти ҳудудларида эса (О. Каримов, 2001) мавжуд каналарнинг 62% ни H.anatolicum ва 30% ни H.detritum ташкил қилади.
Каналар томонидан ҳайвонларга инвазияни берилиши уларни бир ривожланиш генерацияси давомида содир бўлади. Агар тейлериоз билан касалланган ҳайвон танасида кананинг личинкалари паразитлик қилса, унда соғлом ҳайвонларга инвазия кананинг нимфалари орқали юқтирилади ёки ҳайвонларда нимфалар озиқланган бўлса, унда инвазия каналарнинг имаголари томонидан ҳайвонларга юқтирилади.
Тейлериознинг мавсумийлиги ва динамикаси ташувчи каналарнинг турига ва уларни турли минтақалардаги турлича активлигига боғлиқ бўлади. Бу, шунингдек, йилнинг иқлимий хусусиятига, ҳайвон организмининг ҳолатига боғлиқдир.
Клиник белгилари. Ҳайвонлар каналанган яйловларда боқилганида касалликнинг инкубацион даври 12-21 кун, айрим пайтда ундан ҳам ортиқ, давом этади. Қорамол тейлериози ўткир ва ярим ўткир кўринишда кечади. Бошқа хўжаликлардан олиб келинган ҳайвонлар орасида тейлериоз асосан ўткир кўринишда кечиб, у аввало ташқи лимфа тугунлари: айниқса кўрак олди, елин усти ва бошқа лимфа тугунларининг (инвазияланган каналарни ҳайвон танасига ёпишган жойига кўра) нотёкис катталашуви билан ҳарактерланади. Лимфа тугунлари 2-4 маротаба катталашган, пайпаслаганда қаттиқ ва оғриқли бўлади. Лимфа тугунларида содир бўлган бундай ўзгаришлардан 1-3 кундан кейин касал ҳайвонларни тана ҳарорати 41 даражагача, айрим пайтда ундан ҳам юқори, кўтарилади, шу билан бирга уларни иштаҳаси пасаяди ва сут бериши камаяди. Касалликни ривожланиши билан уни 3-4 кунида ҳайвон иштаҳаси мутлақо йўқолади, кавш қайтарилиши тўхтайди. Аммо касаллик енгил кечганида иштаҳа сақланиши мумкин. Ҳайвонларда озуқани қабул қилиш тўхтаганидан сўнг ичакни ишлаши ҳам пасаяди, уни перистальтикаси (қисқариши) ёмон эшитиладиган бўлади. Тезакка кўплаб шиллиқ моддалар, айрим пайтда қон аралашган бўлиб, жуда қотади. Ҳайвонларни сийиши қийинлашган, сийдиги жуда ингичка оқим билан оз-оз, аммо нормал тусда чиқади. Касал ҳайвонлар тез ориқлайди, ҳаракати сусаяди, қорни осилади, чанқоқлиги кучаяди (тез-тез ва оз-оздан сув ичади). Тана ҳарорати кўтарилишининг биринчи кунларида касал ҳайвонларнинг кўз, бурун шиллиқ пардалари гиперемияланган ва нуқтасимон қон қуйилган бўлади. Айрим ҳайвонларда касалликни ривожланиши жараёнига қараб қулоқ ички супра терисига, елин, мояк халтасига, дум илдизи терисига нуқтасимон қон қуйилиши кузатилади.
Ҳайвоннинг тана ҳарорати кўтарилган пайтда нафас олиши тезлашиб 1 дақиқада 40-80 ҳаракатгача, пульси 80-120 маротаба уради. Кўпинча бўйинтириқ венасининг пульсацияси сезилиб туради. Касал ҳайвонларда қуруқ йўталиш, кўз ёшини оқиши кузатилиб, улар кўп ётадиган, жуда қийинчилик билан ўрнидан турадиган бўлиб қолади, буғоз сигирларда бола ташлаш содир бўлади.
1 мм куб қоннинг таркибидаги эритроцитларнинг миқдори 1,5 млн гача, гемоглобин эса 30-40% гача камаяди. Лейкоцитлар миқдорини асосан лимфоцитлар ҳисобига 8-11 минг тагача кўпаяди. Лейкоцитлар формулада чапга силжиши то тавёқа ўзакли нейтрофилларгача кузатилади. Касалликни ўткир кечишида тана ҳароратининг кўтарилиши доимий бўлиб, у 6-10 кун давомида кузатилади, аммо касаллик оғир кечганида у тез пасаяди ва ҳайвон ўлади.
Касаллик ярим ўткир кўринишда кечганида хам лимфа тугунлари катталашади, тана ҳарорати 41 даражагача ва ундан юқоригача кўтарилиб 2-3 кундан сўнг пасайиб, сўнгра яна кўтарилади ва оз-оздан ўзгариб касалликнинг охиригача юқори даражада давом этади. Бу кўринишда кечаётган касаллик 2-3 ҳафта давом этади. Кўзга кўринарли шиллиқ пардалар бироз гиперемияланган бўлиб, сўнгра оқарган ва унга кўплаб нуқтасимон қон қуйилган бўлади. Терининг пигментсиз қисмларига ҳам қон қуйилган бўлади. Пульс ва нафас олиши тезлашган, ҳайвонларни иштаҳаси йўқолган, касалликнинг бошланиш даврида ичаклар перистальтикаси кучайиб, ич кетиши содир бўлса, у тезда ич қотиши билан алмашади, чунки ичаклар атонияси пайдо бўлади. Касал ҳайвонлар кўплаб ётадиган, ташқи муҳит таъсирларига бефарқ қарайдиган бўлиб, юрак фаолиятини кучсизлашуви ривожланиб касаллик ўлим билан тугаши мумкин. Тейлериозда ўлим даражаси 50-65% гача етади. Маҳаллий зотли ҳайвонларда тейлериоз енгил кечганида соғайиши кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |