Клиник белгилари. Ташувчи каналар орқали касалланган ҳайвонларда касалликнинг инкубацион даври ўртача 15-18 кунга тенг бўлиб, айрим ҳолда 8 кундан 25 кунгача ўзгариб туриши мумкин. Ҳайвонларни биринчи касалланиши яйловга чиқаргандан 10-15 кундан кейин содир бўлади.
Лекин ҳайвонлар касал ҳайвонлар қони билан зарарлантирилганда касалликнинг инкубацион даври 8-9 кунга тенг бўлади. Бир ёшгача бўлган бузоқларда ва катта ёшдаги абориген ҳайвонларда пироплазмоз атипик ҳолда кечади. Бундан ташқари касалликни баҳорги авж олиши пайтида пироплазмоз қўзғатувчилари ташувчи Boophilus каналарнинг қишлоқдан чиққан кам сонли личинкалари томонидан юқтирилганда, инвазия ёзги ва кўзги давридагига қараганда енгил кечади.
Иммунитети бўлмаган катта ёшдаги йирик шоҳли ҳайвонларда пироплазмознинг клиник белгилари яққол намоён бўлади. Касалликнинг биринчи кунида ҳайвоннинг тана ҳарорати 41-42 даражагача кўтарилади ва шу даражада касалликнинг биринчи босқичи давомида сақланади. Касалликнинг бу даврида касал ҳайвон қонида юмалоқ ва амёбасимон шаклдаги паразитларни, сўнгра касаллик авж олган даврда эса ноксимон (40-60% гача) шаклдаги паразитларни топиш мумкин. Касал ҳайвонларда кескин намоён бўладиган ҳолсизланиш аломатлари ҳарактерлидир. Бунда ҳайвонларни иштахаси пасаяди, аммо чанқоқлиги юқори бўлади. Сигирларда тана ҳарорати кўтарилгунча сут бериши камаяди. Шундан сўнг касал ҳайвонлар ташқи муҳит таъсуротларига жавоб бермайдиган, тез чарчайдиган, подадан орқада қоладиган, кўп ётадиган, аммо тез-тез сув ичадиган ва ўрнидан зурға турадиган бўлиб қолади. Касал ҳайвонларнинг пульси 1 дақиқада 100-120 маротаба ўрадиган, қўлни кўкрак қафасига қўйганда уни ўришини сезадиган даражада бўлади. Нафас олиши тезлашади. Ичаклар перистальтикаси касалликнинг 1-2-кунида тезлашган, кўз шиллиқ пардаси дастлаб қизарган, сўнгра оқариб сарғаяётган бўлади. Касалликнинг иккинчи кунида ичаклар қисқариши секинлашган ва катта қорин перистальтикаси аҳён-аҳёнда рўй берадиган бўлади. Сийдик олдин сарғайган, кейинчалик эса қизарган бўлади. Гемоглобинурия тез-тез сийиш билан боради.
Касалликнинг 3-4-кунида клиник белгилари ўзининг юқори чуққисини эгаллайди. Бу даврда касал ҳайвонлар ориқлаган, кўп ётадиган, овқат ва сувни қабул қилмайдиган, айрим пайтда тишларини ғижирлатадиган бўлади. Шиллиқ пардалар оқарган, сарғаяётган ва кўплаб майда нуқтасимон қон қуйилган жойларга эга бўлади. Катта қориннинг қисқариши мутлақо тўхтаган ёки жуда секинлашган. Юрак дўкиллайдиган ва аритмик ишлайдиган бўлади. Сийдик қўнғир-қизғиш рангда бўлиб, тез-тез ва оз-оздан ажралади.
Қон суюлган, эритроцитларнинг миқдори 1 мм қоннинг таркибида 2,5 млн.гача, гемоглобин 25 фоизгача камайган бўлиб, анизацитоз, пойкилоцитоз ҳоллари кузатилади. Лейкоцитлар миқдори одатда лимфоцитлар сони ҳисобига ошади (71% гача), аммо нейтрофилллар 35% дан 19% гача камаяди. Лейкоцитар формулада таёқча ўзакли ва ёш шакллари чапга силжийди.
Баён этилган клиник белгиларда касаллик 5-7 кун давом этиб, одатда ўлим билан тугайди. Ўлим олдидан тана ҳарорати нормадан пасайиб кетади, бурун тешикларидан кўпиксимон суюқлик ажралади ва оёқ мускуллари вақти-вақти билан қисқаради. Ўлим даражаси 30-40% дан ошмаслиги қайд этилган.
Пироплазмоз атипик кўринишда кечганда касал ҳайвоннинг ҳарорати кўтарилган, аммо ҳолсизланиши камроқ намоён бўлган бўлади. Иштаҳаси пасайган, аммо кўп сув ичадиган, катта қориннинг қисқариши олдинига тезлашган, кейин секинлашган бўлади. Шиллиқ пардалари оқариб бироз сарғайган, сийдиги сариқ, агар қизарган бўлса ҳам тезда йўқоладиган бўлади.
Касалланиб соғайган ҳайвон организмининг умумий ҳолатининг ёмонлашуви уларни қуёшли кунда яйловга узоқ масофага ҳайдашда содир бўлади.
Диагнози бир қатор комплекс текширувлар асосида қўйилади
Лептоспирознинг пироплазмоз билан умумий бўлган белгиси – бу гемоглобинуриядир. Аммо лептоспирозда тана ҳарорати нормада бўлиб, барча тўқималар кучли сарғаяди, ёриб кўрилганда ички органлардан талоқ катталашган бўлади. Пироплазмоз билан лептоспироз биргаликда кечганида махсус дори моддалар қўлланилганида тана ҳарорати нормаллашади ва пироплазмалар қондан йўқолади, аммо сийдик анча вақтгача қизғишлигигача қолади. Бу вақтда лептоспирозни аниқаш учун қўшимча текширишлар олиб бориш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |