78-модда. Захира ерлар
Юридик ва жисмоний шахслар эгалигига ҳамда фойдаланишига, ижарага берилмаган, мулк этиб реализация қилинмаган барча ерлар захира ерлардир. Бундай ерлар жумласига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилинган ерлар ҳам киради.
Захира ерлар туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади ва ушбу Кодексга мувофиқ асосан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беришга мўлжалланади.
1. Мустақил Ўзбекистонимиз халқининг ҳаёти, турмуш тарзи, фаолияти ва фаровонлигининг туб асоси ер ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳамда уни муҳофаза қилишга келиб тақалади.
Демак, мамлакатимиздаги мавжуд ер ресурслари ичида захира ерлар ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, у экологик, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий характерга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ер фонди таркибида захира ерлар мустақил тоифани ташкил этади. Мамлкатимизда захира ерларнинг умумий майдони 7596,1 минг гектар ёки бутун мавжуд ер фондининг 17,0 %ини ташкил қилади.
2. Захира ерлар деганимизда, юқорида номи баён қилинган шарҳланаётган модданинг биринчи бандига мувофиқ, “юридик ва жисмоний шахслар эгалигига ҳамда фойдаланишга, ижарага берилмаган. Мулк этиб реализация қилинмаган барча ерлар захира ерлардир. Бу ерлар жумласига эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи, ижарага олиш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилинган ерлар ҳам киради”.
Захира ерлар – Ўзбекистон Республикаси ер фонди таркибига кирадиган мустақил тоифасини ташкил қилиб, доимий эгаллаш ва фойдаланишга берилмаган ер массивлари хисобланади.
Мазкур тоифа ерлари улкан иқтисодий, экологик ва ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлиб, бу ерларнинг миқдори йилдан-йилга камайиб бормоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида ерга бўлган мулкчилик белгиланган. Ер давлат мулки – умуммиллий бойлик, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. (Ер кодекси 16-модда)
Мана шу қоидага биноан давлатнинг ерга бўлган эгалик ҳуқуқини амалга оширувчи республика ҳокимияти идоралари ер участкаларини корхоналар, муассаса ва ташкилотлар ўртасида тақсимлайдилар. Ерларнинг айрим бир қисмлари тақсимланмасдан қолади. Улар асосан, ўзлаштирилмаган ерлардир. Кейинчалик бу ерлар хўжалик оборотига киритиладиган резерв ёки экологик мувозанатни таъминлаб турадиган ерлар бўлиб қолади. Юқорида баён қилинган фикрларга мувофиқ захира ерларни қуйидагича турларга ажратиш мумкин:
а) ердан фойдаланишда захираа ролини бажарадиган;
б) база сифатида хизмат қиладиган;
в) фойдаланишга умуман нолойиқ ерлар.
3. Захира ерлар асосий фойдаланиш мақсадларига кўра ҳар қандай бошқа ер фонди тоифасига, яъни Ер кодекси 8-моддасида санаб ўтилган 8 хил тоифа ерлардан бирининг таркибига ўтиб кетиши мумкин. Бундай ўтиш холатида уларга тегишли ер фондининг ҳуқуқий меъёрлари тадбиқ этилади.
Ерларни ер фондининг бир тоифасидан бошқасига ўтказиш, ерлардан асосий фойдаланиш мақсади ўзгарган тақдирдагина амалга оширилади. (Ер кодекси 9-моддаси 3-қисми). Улар қандай тартибда ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириб қўйилади?
Ер фондининг тоифаси ерни эгалик қилишга ва фойдаланишга бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан қабул қилинадиган ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорларда, ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномаларда, шартномаларда, бошқа ҳужжатларда, давлат ер кадастри ҳужжатларида, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйҳатига олиш ҳужжатларида кўрсатилади (Ер кодекси 9-моддаси 5-қисми).
4. Захира ерлар қисқа муддатли – 3 йилгача ва узоқ муддатли – 3 йилдан 10 йилгача муддатга фойдаланишга берилиши мумкин.
Қисқа муддатга берилган ер участкалари захира ерлар таркиби хисобланади. Муддатнинг тугаши билан захира ерлар бошқа ердан фойдаланувчи шахсларга берилиши ёки захира ерлар таркибида қолиши мумкин. Қолган барча холларда эса – узоқ муддатга фойдаланиш учун берилганида, бу ерлар захира ерлар фонди тоифасидан чиқиб кетади.
Шарҳланаётган модданинг яна бир муҳим хусусияти шундан иборатки, яъни унинг 2-қисмига мувофиқ: “Захира ерлар туман, шахар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади ва ушбу Кодексга мувофиқ асосан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беришга мўлжалланади”. Демак, қоидадан қуйидагича хулоса қилиш мумкин бўлади:
захира ерларни биронта бир шахс, яъни тили, дини, миллати, ирқи, жинси, эътиқоди, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъий назар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиши мумкин эмас;
захира ерлар, Ўзбекистон Конституциясида белгиланган маъмурий-худудий бўлинишга мувофиқ тегишли туман, шаҳар ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади.
Уларни захирага ажратилишидан асосий мақсад: қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни кўпайтириш, саноат, транспорт, алоқа ва коммуникация ва бошқа ноқишоқ хўжалик мақсадлари учун хизмат қилади.
Шунингдек захира ерлар бошқа барча ҳуқуқий муносабатлар объектлари ва субъектлари мавжуд бўлгани каби, ўзининг ана шу элементларига ҳам эга.
Захира ерларнинг субъектлари фойдаланувчилар деб аталиб, ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслардан иборат бўлади.
Ўз навбатида унинг объектларини эса, қонунга асосан берилган аниқ захира ерлар қисми ёки фойдаланиш учун ажратилган захира ерлар ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |