75-модда. Тарихий-маданий
аҳамиятга молик ерлар
Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар жумласига тарихий-маданий қўриқхоналар, мемориал боғлар, мозорлар, археология, тарих ва маданият ёдгорликларининг тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган ерлари киради. Бу ерларда уларнинг белгиланган мақсадига зид бўлган ҳар қандай фаолият тақиқланади.
Тарих ва маданият ёдгорликлари атрофида муҳофаза зоналари ва бинолар қуришни тартибга солиш зоналари белгиланади.
Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларни ажратиш ва бундай ерлардан фойдаланиш, улар атрофида муҳофаза зоналари ҳамда бинолар қуришни тартибга солиш зоналарини белгилаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
1. Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, алоҳида муҳофазага муҳтож бўлиб, унда жаҳон аҳамиятига бўлган тарихий, археологик, меъморлик ва бадий ҳамда маданий ёдгорликлар сақланади.
Шунинг учун ҳам ушбу категория ерларини биз Ер кодексига асосан, “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерлари” тоифасига киритамиз.
Ана шу нуқтаи назардан, Ер кодексининг 75-моддасида кўрсатилган ҳолат, ҳуқуқий экологик аҳамиятга эга бўлиб, ушбу моддани 3-қисмга бўлиб, кўрсатилган ҳолатларни шарҳлаш мумкин бўлади.
Зеро, ушбу моддага барча талабларни бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси, яъни “...Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, ҳамда Конституциянинг 49-моддасидаги “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, - деб кўрсатилган эътиборни ўзида мужассамлаштириб, уни мустаҳкамлайди.
2. мамлкатимизда тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ёдгорликлар кўплаб мавжуд бўлиб, улар тахминан бир неча мингни ташкил этади.
Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шахрисабз ва Термиз шаҳарлари ҳудудларидан топилган ҳамда жойлашган тарихий-топилмалар ва археологик манбалар Ўрта Осиё ерларида такрорланмас бойликлар мавжудлигидан далолат беради.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ташаббуси билан таъмирланиб ўз бебаҳо тарихийлиги қайтарилган, Ал-Бухорий, Бибихоним, Регистон, Шоҳизинда, Гўри амир, Исмоил-Самоний, Паҳлавон Махмуд, Ал-Фарғоний, Ат-Термизий, Султон Воиз бобо, Хўжа Ахмад Яссавий каби бетакрор тарихий ёдгорликлар халқимиз ва она еримизнинг олтин фонди сифатида авайлаб-асраб келинмоқда.
3. Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудуд ерлари тоифасига киритилиб, амалдаги бир қатор қонунлар билан ҳуқуқий тартибга солинади. Ушбу категория ерлари фойдаланиш ва муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан бошқа тоифадаги ерлардан фарқ қилиб, “Табиатни муҳофаза қилиш”, 2004 йил 3 декабрдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар”, 1998 йил 29 август “Маданий бойликларни мамлакатдан олиб чиқиш ва олиб кириш”, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги 2001 йил 18 сентябр, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Ер кадастри” ва Ер кодекслари билан тартибга солинади.
4. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар тушунчаси “Ер кодекси”нинг 75-моддасида ўз аксини топган.
Демак, тарихий аҳамиятга молик ерлар ер фонди тоифаларидан бири бўлиб, тарихий-маданий қўриқхоналар, мемориал боғлар, мозорлар, археология, тарих ва маданият ёдгорликларининг тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.
5. “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги 2004 йил 3 декабрдаги қонуннинг 18-моддасига кўра:
Табиий объектлар ва мажмуаларни муҳофаза қилишнинг қаттиқ режимига эга бўлган, типик экологик тизимлар, ўсимликлар ва хайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш ҳамда ўрганиш учун мўлжалланган, умумдавлат аҳамиятга молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат қўриқхоналари ҳисобланади.
Давлат қўриқхоналари махсус ваколатли давлат органларининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат табиатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот муассасаси шаклида ташкил этилади.
Давлат қўриқхоналари бундай қўриқхоналар тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият кўрсатади.
Давлат қўриқхоналарининг ҳудудида ҳар қандай фаолият таъқиқланади, илмий-тадқиқот фаолияти ва атроф табиий муҳит мониторингини юритиш бундан мустасно. Давлат қўриқхоналарида ёнғинга қарши табирлар ўтказилишига йўл қўйилади.
Давлат қўриқхоналари ҳудудида ҳамда уларнинг қўриқланма зоналарида тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш таъқиқланади.
Давлат қўриқхоналарининг ёки улар қайси давлат органларининг тасарруфида бўлса, шу давлат органларининг ходими хисобланмайдиган фуқароларнинг давлат қўриқхоналари худудида бўлишига уларда ана шу органлар ёки давлат қўриқхонаси маъмурияти берган рухсатнома бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Ушбу қонунда асосан, алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни асл холатида сақлаш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари хисобланади.
Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари махсус ваколатли давлат органининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг қарори билан давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилади.
Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари бундай қўриқхоналар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низом асосида фаолият кўрсатади (21-модда).
Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари ҳудудида ҳар қандай фаолият тақиқланади. Илмий-тадқиқот, рекреация фаолияти, атроф табиий муҳит мониторингини юритиш, шунингдек пичан ўриш ва чорва моллар ўтлатиш, ёввойи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари ходимларининг ва мазкур қўриқхоналарнинг қўриқланма зоналарида яшовчи фуқароларнинг ўз эҳтиёжлари учун ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларнинг доривор ва техник хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) бундан мустасно. (22-модда)
2004 йил 3 декабрда қабул қилинган “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 23-34 моддаларида тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар билан боғлиқ объектларнинг режими аниқ кўрсатилган.
6. Жумладан, қонуннинг 23-моддасида Табиат боғларини ташкил этиш ҳолатига алоҳида эътибор берилган.
Алоҳида экологик, маданий ва эстетик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни табиатни мўҳофаза қилиш йўналишидаги, рекреация, илмий ва маданий мақсадларда сақлаб қолиш ҳамда улардан фойдаланиш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиат боғлари ҳисобланади.
Табиат боғлри махсус ваколатли давлат органининг тақдимномасига биноан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ёки махаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари билан давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этиладиган миллий табиат боғлари ва маҳаллий аҳамиятга молик табиат боғларига бўлинади.
Табиат боғлари бундай боғлар тўғрисидаги, улар қайси давлат органларининг тасарруфида бўлса, шу давлат органлари томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида фаолият кўрсатади.
Шунингдек, табиат боғлариниг ҳудуди табиат боғларига фойдаланишга бериб қўйиладиган ер участкаларида, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг табиат боғлари чегаралари доирасидаги ер участкаларида жойлашади.
Табиат боғлари ташкил этилаётганда уларнинг ҳудуди зоналарга бўлинади.
Табиат боғларининг ҳудудида қўриқхонага айлантирилган зоналар, рекреация, хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зоналари ажратиб қўйилади.
Аҳолини соғломлаштириш учун шароит бўлган тақдирда табиат боғларида курорт табиий ҳудудлар учун назарда тутилган режимли курорт зоналар ажратиб қўйилади.
Табиат боғлари зоналарининг ўлчамлари ва чегараларини ўзгартириш, улар қайси давлат органларининг тасарруфида бўлса, шу органлар томонидан, давлат экология экспертизаси хулосасини инобатга олиган ҳолда амалга оширилади (24-модда).
Мазкур қонун талабларига асосан, табиат боғлари ҳудудида зоналарга бўлинишга мувофиқ табақалаштирилган режим ўрнатилади.
Табиат боғларининг қўриқхонага айлантирилган зоналарида давлат қўриқхоналари учун назарда тутилган режим ўрнатилади.
Табиат боғларининг рекреация зоналари табиий объектлар ва мажмуаларнинг ҳолатига қараб турли режимли участкаларга бўлиниши мумкин.
Табиат боғларининг хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зоналарида аҳолининг истиқомат қилишига, юридик ва жисмоний шахсларнинг табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказмайдиган фаолиятига йўл қўйилади.
Ҳар бир зонанинг режими табиат боғлари тўғрисидаги низомларда белгиланади.
Табиат боғларининг ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:
Дарахт ва буталарни кесиш (парваришлаш йўсинидаги ва санитария мақсадидаги кесиш бундан мустасно);
Гидрологик ва гидрогеологик режимни ўзгартирадиган ҳаракатлар;
Тупроқ эрозиясини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг таназзулини келтириб чиқарувчи ҳаракатлар;
Табиат боғларининг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йўл ва муҳандислик-коммуникация ишларини амалга ошириш;
Чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш, оқова сувларни оқизиш;
Тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш.
Табиат боғларида табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятнинг бошқа турлари ҳам чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.
Табиат боғларининг фаолият кўрсатиши учун йўллар, бошқа коммуникациялар ва иншоотлар қурилиши зарур бўлган ҳолларда бузилган ерларни рекультивация қилиш, барча табиатни муҳофаза қилиш йўналишидаги тадбирларни амалга ошириш албатта назарда тутилади (25-модда).
7. Ушбу қонуннинг VI-бўлим, 26-28-моддалари “Давлат табиат ёдгорликлари”га бағишланган.
Ноёб, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган, экологик, илмий, маданий ва эстетик жиҳатдан қимматли табиий объектлари бор муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат табиат ёдгорликлари ҳисобланади. Давлат табиат ёдгорликлари қуйидаги турларга бўлинади:
Табиий сув объектларини сақлаб қолиш учун мўлжалланган гидрологик (ботқоқ, кўл, дарё ва бошқа) ёдгорликлар;
Айрим ўсимликларни сақлаб қолиш учун мўлжалланган ботаник ёдгорликлар;
Табиат яратган рельеф шаклларини сақлаб қолиш учун мўлжалланган геморфологик ёдгорликлар;
Қазилма объектларини сақлаб қолиш учун мўлжалланган полентологик ёдгорликлар;
Геологик ва минерологик хосилаларни сақлаб қолиш учун мўлжалланган геологик ва минералогик ёдгорликлар (26-модда).
Ушбу қонуннинг 27-моддасига кўра:
Табиий объектлар махсус ваколатли давлат органининг тақдимномаси, шунингдек юридик ёки жисмоний шахсларнинг илтимосномаси бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилинади.
Табиий объектларни уйлар жойашган ер участкаларини олиб қўймаган ҳолда давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилишга йўл қўйилади.
Шунингдек, давлат табиат ёдгорликлари ҳудудида уларнинг асралишига хавф соладиган ҳар қандай фаолият тақиқланади.
Давлат табиат ёдгорликлари қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари жойлашган бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар зиммасига бундай ёдгорликларнинг режимини таъминлаш мажбуриятлари юклатилади.
Диний мақсадларда фойдаланиладиган давлат табиат ёдгорликлари диний ташкилотларга ёки жисмоний шахсларга бундай ёдгорликларни ободонлаштириш ва асраш ишларини амалга ошириш шарти билан фойдаланишга ёки ижарага берилиши мумкин.
8. Мазкур қонуннинг VII-бўлим, 29-34-моддалари “Айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар” масаласи аниқ ёритилган.
Айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар буртма қўриқхоналар, табиий питомниклар ва балиқ хўжалиги зоналари тариқасида ташкил этилади.
Қонуннинг 30-моддасига кўра, айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар буюртма қўриқхоналар ҳисобланади.
Буюртма қўриқхоналар қуйидаги турларга бўлинади:
Ўсимликлар ва ҳайвонларнинг қимматли, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларини, тирик организмларнинг кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган биологик (ботаник, зоологик) буюртма қўриқхоналар;
Айрим қазилма объектлар ва уларнинг мажмуаларини сақлаб қолиш учун мўлжалланган палеонтологик буюртма қўриқхоналар;
Қимматли сув объектларини сақлаб қолиш учун мўлжалланган гидрологик (ботқоқ, кўл, дарё) буюртма қўриқхоналар;
Нодир геологик ва минералогик ҳосилаларни сақлаб қолиш учун мўлжалланган геологик ва минералогик буюртма қўриқхоналар.
Буюртма қўйриқхоналар умумдавлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик бўлиши мумкин.
Шунингдек, умумдавлат аҳамиятига молик буюртма қўриқхоналар махсус ваколатли давлат органининг тақдимномаси, шунингдек юридик ёки жисмоний шахсларнинг илтимосномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.
Маҳаллий аҳамиятга молик буюртма қўриқхоналар махсус ваколатли давлат органининг тақдимномаси шунингдек юридик ёки жисмоний шахсларнинг илтимосномасига биноан маҳаллий давлати ҳокимияти органларининг қарорлари билан ташкил этилади.
Буюртма қўриқхоналар фаолият муддатлари кўрсатилмаган ҳолда (муддатсиз) ёки камида ўн йил муддатга ташкил этилади.
Буюртма қўриқхоналар давлатга қарашли ёки хусусий бўлиши, юридик шахс ташкил этган холда ёки юридик шахс ташкил этмаган холда бўлиши мумкин.
Хусусий буюртма қўриқхоналарни ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги давлат буюртма қўриқхонларини ташкил этиш учун ер участкалари ва айрим табиий объектлар белгиланган тартибда берилади.
Буюртма қўриқхоналарнинг худудида, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарини истисно этганда, айрим табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказилиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият доимий равишда ёки вақтинча чекланади ёки тугатилади.
Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги давлат буюртма қўриқхоналари жойлашган ҳудудлар ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, шунингдек ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг хўжалик мақсадидаги фойдаланишидан олиб қўйилмайди. Мазкур буюртма қўриқхоналар қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларида ва (ёки) акватория участкаларида ташкил этилган бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар буюртма қўриқхоналарининг белгиланган режимига риоя этишлари шарт.
Ҳар бир буюртма қўриқхона режимининг хусусиятлари, мазкур буюртма қўриқхона қайси давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар тасарруфида бўлса, шу давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.
Мазкур қонуннинг 33-моддаси талабларига кўра, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг айрим турларига зарур шароит яратиш йўли билан уларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиий питомниклар хисобланади.
Табиий питомниклар юридик ёки жисмоний шахсларнинг илтимосномасига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан ташкил этилади.
Табиий питомниклар давлатга қарашли ёки хусусий, юридик шахс ташкил этган холда ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бўлиши мумкин.
Хусусий табиий питомникларни ва юридик шахс ташкил этган табиий питомникларни ташкил қилиш учун ер участкалари ва айрим табиий объектлар белгиланган тартибда берилади.
Табиий питомник қайси ўсимликлар ва хайвонларнинг сақлаб қолиниши, такрор кўпайтирилиши ва тикланишига хавф соладиган ҳар қандай фаолият тақиқланади.
Сув объектларини ёки уларнинг қисмларини ўз ичига оладиган, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган балиқлар ва бошқа сув организмлари турларини сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун, шунингдек балиқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар балиқ хўжалиги зоналари ҳисобланади.
Балиқ хўжалиги зоналари табиатни муҳофаза қилиш, қилоқ ва сув хўжалиги оганларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.
Балиқ хўжалиги зоналарида балиқлар ва бошқа сув организмларининг сақлаб қолиниши, такрор кўпайтирилиши ва тикланишига хавф соладиган ҳар қандай фаолият тақиқланади (34-модда).
9. Масалан: а) тарихий ёдгорликлар, мавжуд ерлар – халқ турмушидаги энг муҳим тарихий воқеалар билан, Ватан уруши, халқаро бардамликни мустаҳкамлаш, ғалаба ва хотира, фан ва техниканинг, халқлар мажанияти ва турмушнинг ривожи билан, атоқли сиёсий давлат, ҳарбий арбобларнинг ҳаёти билан алоқадор бўлган иморат, иншоот, эсдалик жойлар ва объектлар мавжуд бўлган ерлар киради.
б) тарихий-маданий қўриқхоналар ерлари – қонун асосида тарихий-маданий қўриқхона мақсадида ажратилган, табиий воситаларга эга бўлган ер майдонлари бўлиб, тарихий ва маданий бойликларни сақлаш ҳамда уларни муҳофаза қилишга қаратилгандир.
в) миллий ва мемориал боғларга ажратилган ерлар – бу табиатнинг муҳофаза этилишига арзигулик бўлган ҳудудларидан бир кўриниш бўлиб, уларда табиат дурдоналарини асраш, муҳофаза қилиш борасида иш олиб борилиб, сайёҳ-туристлар, табиат ошуфталарининг келишига рухсат этилиб, миллий ва мемориал аҳамиятга эга бўлган мақсадда фойдаланилади. Мисол: Угам-Чотқол табиий миллий парки 1990 йилда ташкил этилган. У Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб 574,6 минг гектар ерни ўз ичига олади.
г) мозорлар жойлашган ерлар – инсонни вафотидан кейин уни дафн этиш (кўмиш) ва ҳаётий қабрини сақлаш учун тегишли органлар томонидан ажратилган ёки белгилаб берилган ерлар киради.
д) табиат ёдгорликлари мавжуд ерлар – Ўзбекистонда 400дан ортиқ табиат ёдгорликлари бўлиб, Вазирлар Кенгашининг 1993 йил 18 декабрдаги қарорига биноан, катта бўлмаган ўрмонзорлар, кўллар, шаршаралар, шифобахш булоқлар, кўркам қоялар, ғорлар, айрим ноёб дарахтлар жойлашган ерлар ушбу категория ерларига киради.
е) маданий ёдгорликлар ерлари – монументал, тасвирий, Амалий-декоратив, санъат асарлари ва маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ерлар киради.
ж) археологик ёдгорликлари мавжуд ерлар – кўхна шаҳар, қўрғонлар, қадимий манзилгоҳлар, корхоналар, канал ва эски сув иншооти топилмалари, қадамий дафн жойлари, тош ҳайкаллар, қоялардаги тасвирлар, қадамий-тарихий тақинчоқлар, қўл ёзмалари ҳамда бошқа қазиб ёки кавлаб олинган топилма объеклари мавжуд ерлар киради.
10. Ер кодексининг 8-моддасининг 5-бандига асосан, ушбу тоифадаги ерлар тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган мақсадлар учун фойдаланиши шарт бўлиб, Ер кодексининг 23-моддаси талаби асосида амалга оширилиши лозим.
Шунингдек, ушбу категория ерларда (айрим) белгиланган мақсадларга зид бўлган ҳар қандай (ҳаракат) ёки фаолият олиб борилса Ер кодексининг 36-моддасига асосан, ер участкаларига, бўлган ҳуқуқлар бекор қилиниши мумкин.
Мазкур категория ерларидан фойдаланувчи субъектлар, шу мақсадда берилган ерларга нисбатан тўла ҳуқуқ ва мажбуриятга эга бўлиб, уни сақлаш мажбуриятини ҳам олади (Ер кодекси 29-модда).
Зеро, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлардан фойдаланувчи субъектлар Ер кодексининг 5-боби, 39-42-моддаларида кўрсатилган талабларни ҳам бажаришга мажбурдирлар.
11. Шарҳланаётган моддани 2-қисмига асосан, тарих ва маданият ёдгорликлари атрофида муҳофаза зоналари ва бинолар қуришни тартибга солиш зоналари белгиланади, - деб кўрсатилган.
Демак, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларни муҳофаза зоналарини белгилаш, ушбу категория ерларни ва мазкур объектларни муҳофаза қилишни таъминлайди.
Ушбу категория ерларни муҳофаза қилиш мақсадида 20 метрдан 50 метргача базан эса ушбу объектларни териториал хусусиятлари инобатга олиниб, ундан ҳам кўпроқ муҳофаза зонаси ерлари ажратилиши мумкин.
12. Мазкур категория ерларда тегишли қурилиш қуриш ва бошқа объектларни қуришни мўлжаллаштириш таъқиқланади. Шуниси эътиборлики, кўрсатилган жойларда маълум қурилиш ва иншоотларни қуриш фақат тегишли ҳокимият ҳамда ваколатли идораларнинг розилиги билан тегишли қонун асосида амалга оширилиши мумкин.
Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларни атрофида муҳофаза зоналари ва бинолар қуришни тартибга солиш масалалари, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 27-май 248-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ер участкаларини олиб қўйиш ва уларни қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун беришга доир материалларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низоми, яна 1992 йил 21 апрелдаги 174-сонли қарорига биноан “Ўзбекистон Республикасида сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик суви ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги Низом”и билан тартибга солинади.
Шунингдек, қўриқхоналар фаолияти билан боғлиқ бўлган: Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Ўсимликлар ва ҳайвонларнинг қимматли ва йўқолиб бораётган турларини муҳофаза қилишни кучайтириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 9-сон, 337-модда) йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонларнинг қмматли турларини тутқунликда сақлаш, муҳофаза этиш ва республикадан ташқарига олиб кетиш мумкинлиги кўрсатилган.
13. Шарҳланаётган модданинг 3-қисми ҳам бевосита 2-қисмида кўрсатилган ҳолатлар билан боғлиқ бўлиб, юқорида кўрсатилган ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниб ўзининг бир қатор хусусиятларига эгадир.
Тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ерлар ва у билан боғлиқ масалалар Вазирлар Маҳкамасининг директив ҳужжатлари билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги ҳамда Маданият ёдгорликларини сақлаш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг меъёрий ҳужжатлари, режа-топшириқлари, буйруқлари ва қўлланмалари асосида ҳам ва Низом бўйича ҳам тартибга солинади.
Ҳар қандай ҳолатда, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларни ажратиш ва бундай ерлардан фойдаланиш, улар атрофида муҳофаза зоналари ҳамда бинолар қуришни тартибга солиш зоналарини белгилаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарори, Республика Маданият Вазирлигининг буйруғи ҳамда Маданият ёдгорликларини сақлаш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган тегишли Низом асосида амалга оширилиши лозим. Масалан: Маданият ёдгорликларини сақлаш илмий ишлаб чиқариш бошқармаси томонидан 1 январ 2000 йил тасдиқланиб, Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг 2000 йил 19 апрел қарори билан рўйҳатдан ўтказилган “Шаҳрсабз тарихий ва маданий ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясининг Низоми”ни, 1996 йил 1 декабрдаги “Шаҳрисабз шаҳар Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейи Низоми”ни ва бошқа бир қатор ҳужжатларни кўрсатиш мумкин. Демак, ушбу Низомлар ҳокимликлардан рўйҳатдан ўтказилиб тарихий-маданий ахамиятга молик ерлар билан боғлиқ масалаларни ечиш учун ҳам манба бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |