73-модда. Соғломлаштириш
мақсадларига мўлжалланган ерлар
Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига табиий шифобахш омилларга эга бўлган, касалликларнинг олдини олиш ва даволашни ташкил этиш учун қулай, белгиланган тартибда тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган ер участкалари киради.
Аҳолининг даволаниши ва дам олиши, шунингдек табиий шифобахш омилларни муҳофаза қилишнинг зарур шарт-шароитини таъминлаш учун соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларда санитария муҳофазаси округлари белгиланади. Ана шу округлар доирасида табиий шифобахш хоссаларни ва аҳолининг дам олиши учун қулай шароитни муҳофаза қилишга зид фаолият тақиқланади.
Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳамда санитария муҳофазаси округларини белгилаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
1. “Ер кодекси”нинг мазкур шарҳланаётган моддасига асосан соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларнинг моҳиятини кенгроқ тушунтириш катта ҳамиятга эга.
Умуман олганда соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар тушунчаси ва унинг ҳуқуқий ҳолати “Ер кодекси”нинг 73-моддасида 3-банд(ёки қисм)га бўлиб кўрсатилган.
Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта роль ўйнаб, у экологик, ижтимоий, эстетик, иқтисодий аҳамият касб этиб, асосан соғломлаштириш мақсадида фойдаланилади.
Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар давлатнинг ваколатли органлари томонидан соғломлаштириш эҳтиёжлари учун ажратилган яъни табиий шифобаҳш омилларга эга бўлган, касалликларни олдини олиш ва даволашни ташкил этиш учун қулай бўлган ерлар тушунилади.
2. Мазкур категория ерларга – даволаш аҳамиятига эга бўлган минерал сувлар, қум ёки балчиқ мавжуд бўлган ерлар, даволаш аҳамиятига молик газли ёки пар мавжуд бўлган; нафталан, ёд, озокерит ёки тузли, даволаш ҳамиятига эга бўлган салқин баҳаво ерлар, даволаш ҳамиятига эга бўлган дарё, кўл, денгиз ерлари, дам олиш жойларидаги пляжлар, шифобахш омилларга эга бўлган ҳамда даволаш хусусиятига молик ўрмон ва дов-дарахт ўрмон билан қопланган истироҳат боғлари ҳамда бошқа санитария-гигиена аҳамиятига эга бўлган ерлар киради.
Демак, мазкур ерлар фойдаланиш ва муҳофаза қилиш нуқтаи-назаридан алоҳида ҳуқуқий тартибга эга. Шунинг учун ҳам соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар алоҳида муҳофаза этиладиган табиий худудлари ерлари тоифасига киритиш мумкин.
3. Шарҳланаётган 73-модданинг 1-бандига асосан, соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар белгиланган тартибда тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган ер участкалари киради.
Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 31-моддасига биноан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади. Кўриниб турибдики, кўрсатиб ўтилган ушбу талаб соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларга ҳам бевосита тегишли бўлиб, ушбу ерлар ҳам соғломлаштириш мақсадида кўрсатиб ўтилган талаб асосида берилиши ҳамда худди шу мақсадда фойдаланиши лозим.
4. Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий ҳолати Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари билан тартибга солинади. Бу қонунлар жумласига Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш”, “Давлат санитария назорати тўғрисида”, “Туризм тўғрисида”ги ҳамда “Ер”, “Солиқ” кодекслари ва бошқаларни киритиш мумкин.
5. Шарҳланаётган модданинг қуйидаги хусусиятлари уни ҳар томонлама кенгроқ тушунишга ва таҳлил этишга ёрдам беради:
а) соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар, биринчи марта алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасидаги ерлар категориясига киритилиши (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 6-сон, 255-м.)
б) мазкур категория ерларини ташкил этиш ваколати давлат органлари томонидан амалга оширилиши.
Чунончи: республика аҳамиятига молик соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг қўшма тақдимномасига биноан ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 35-моддасига биноан, ер участкаларига жумладан, соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларни давлат рўйхатига олиш тартиби батафсил кўрсатилган.
Зеро, мазкур категория ерларига нисбатанбўлган мавжуд ҳуқуқлар, ушбу кодекснинг 36-моддасига асосан бекор қилиниши мумкин. “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунинг VIII-бўлим 35-36-37-моддаларида муҳофаза этиладиган ландшафтлар турлари сифатида курорт табиий ҳудудлар ва уларнинг аниқ режимлари кўрсатилган. 36-моддага кўра, даволаш ва соғломлаштириш хоссаларига, минерал манбаларга, шифобахш балчиқ қатламларига, қулай иқлим ва бошқа шароитларга эга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар курорт табиий ҳудудлар ҳисобланади.
Курорт табиий ҳудудлар умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик бўилиши мумкин.
Умумдавлат аҳамиятига молик курорт табиий ҳудудлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси САоғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.
Маҳаллий аҳамиятга молик курорт табиий ҳудудлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси САоғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги тақдимномасига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан ташкил этилади.
Мазкур қонуннинг 37-моддаси аниқ кўрсатилганидек:
Курорт табиий ҳудудлар учта зонага бўлинади.
Биринчи зонага даволаш хоссаларига эга манбалар, шифобахш балчиқ қатламлари бо худудлар киради. Бундай зонада ҳар қандай фаолият таъқиқланади, даволаш хоссаларига эга манбалар ва балчиқ билан даволаш шифохоналарини ободонлаштириш учун зарур иншоотлар қуриш бундан мустасно.
Иккинчи зонага санаторийлар, пансионатлар ва дам олиш уйларининг худудлари киради. Бу зонада даволаш ва дам олишни ташкил этиш учун зарур бўлган фаолиятни истисно этганда ҳар қандай фаолият, шнингдек бу ҳудудда вақтинча истиқомат қиладиган тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари бошқа аҳолининг яшаши таъқиқланади.
Учинчи зонага санаторийлар, пансионатлар ва дам олиш уйларига туташ худудлар киради. Бу зонада даволаш манбаларига, шифобахш балчиқ қатламларига зарар етказмайдиган ва дам олиш ҳамда даволаниш шароитларини ёмонлаштирмайдиган чекланган хўжалик фаолияти юритишга рухсат этилади.
Курорт табиий худудлар доирасида қуйидагилар таъқиқланади:
фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал сувлар ва шифобахш балчиқ қазиб олиш бундан мустасно;
кимё, целлюлоза-қоғоз ва металлургия саноати корхоналарининг фаолияти;
дарах ва буталарни кесиш (парваришлар йўсинидаги ва санитария мақсадидаги кесиш бундан мустасно);
заҳарли кимёвий моддаларни қўлланиши;
харом ўлган чорва моллар кўмиладиган жойларни ташкил этиш;
захарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар омборларини қуриш;
чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш;
жойнинг гидрологик режимини ўзгартириш30.
Ушбу категорииялар яъни соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар туристик ресурслар манбаи сифатида ҳам тан олиниши мумкин. (“Туризм тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1999, № 9, 227-м.)
6. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмига кўра, аҳолининг даволаниши ва дам олиши, шунингдек, табиий шифобахш омилларни муҳофаза қилишнинг зарур шарт-шароитини таъминлаш учун соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларда санитария муҳофазаси округлари белгиланади. Ана шу округлар доирасида табиий шифобахш касалларни ва аҳолининг дам олиши учун қулай шароитни муҳофаза қилишга зид фаолият таъқиқланади – деб кўрсатилган.
Масалан: Ўзбекистон Республикаси “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг XII-боби, 44-46-моддалари “Сув объектларидан даволаш, курорт ва соғломлаштириш мақсадларида фойлдаланиш” ҳамда у билан боғлиқ ерларнинг ҳуқуқий ҳолати белгиланган.
Шунингдек, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 100-моддасига биноан сувнинг санитария муҳофазаси тегралари аниқ кўрсатилган. “Унга асосан, ичимлик сув тариқасида ва маиший эҳтиёжлар учун, шифобахш, аҳолини даволаш ва соғломлаштириш ҳамда курорт эҳтиёжлари учун фойдаланилаётган сувларни муҳофаза қилиш мақсадида қонунларга мувофиқ санитария округлари муҳофазаси ва тегралари, шунингдек алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар белгилаб қўйилади”. Мазкур талаб, шарҳланаётган модданинг 2-қисмидаги ҳолатни мустаҳкамлаб бевосита соғломлаштириш мақсадига мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий тартибига ҳам тегишлидир.
7. Зеро, шарҳланаётган модданинг 2-қисмидаги бир қатор талаблар жумладан, санитария муҳофазаси округларини (чегараларини) ҳуқуқий тартибга солиш масаласи “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 18, 20, 21, 23, 25, 26-32 –ммоддалари ҳамда, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 апрелдаги 174-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал каналлар ва колонторларнинг, шунингдек, ичимлик суви ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги Низоми”да ҳам батафсил белгилаб берилган.
Демак, соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар, аҳолининг дам олиши ва саломатлиги, сувларни ва ҳоказоларни муҳофаза қилиш учун шарт-шароитларни сақлаб қолиш мақсадида хўжалик ва ўзга фаолиятнинг айрим турларини чеклаш ёки таъқиқлаш билан ажралиб туради.
8. Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларнинг қуйидаги хусусиятларини таъкидлаш мумкин.
даволаш ва саломатликни тиклаш;
фойдали минерал манбаларга;
зарур шифобахш омилларга, даволовчи балчиқ қатламларига ва хусусиятларига эга бўлиши мумкин.
Мазкур, хусусиятларни инобатга олиб ушбу категория ерларини муҳофаза қилиш нуқтаи-назаридан уч теграга бўлиш асоси мавжуд:
-даволаш хусусиятига эга бўлган манбалар, даволовчи-балчиқ қатламлари бор ерлар биринчи теграга киради. Бундай теграларда ҳар қандай хўжалик фаолияти билан шуғулланиш маън этилади, даволаш хусусиятига эга манбалар ва балчиқ билан даволаш шифохоналари теварак атрофини ободонлаштириш учун зарур иншоотлар қуриш бундан мустасно.
Санаторийлар, пансионатлар, дам олиш уйларининг дам олувчилар ҳордиқ чиқарадиган манзиллари, улар даволаниши ва яшаши учун қурилган бинолар жойлашган худуд иккинчи теграга киради. Бу теграда хўжалик фаолияти юритиш маън этилади, даволаш ва дам олишни ташкил этиш учун зарур бўлган фаолият бундан мустасно, шунингдек бу худудда вақтинча истиқомат қиладиган тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари бошқа аҳолининг яшаши маън этилади.
Санаторийлар, пансионатлар ва дам олиш уйларига, бошқача айтганда, соғломлаштириш масадларига мўлжалланган ерларга туташ ҳудуд учинчи теграга киради. Бу теграда даволаш манбаларига зиён етказилмайдиган ҳамда атроф-муҳитга зарарли жисмоний таъсир этиш ва ифлослантириш йўли билан дам олиш ҳамда даволаниш учун яратилган шароитларни ёмонлаштирмайдиган чекланган хўжалик фаолияти юритишга рухсат берилади.
9. Мазкур категориядаги ерлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини31 101-моддасига биноан, солиқ солинмайдиган ер участкалари таркибига ҳам киради.
Бундан ташқари, соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларга доир муносабатлар билан боғлиқ мулкий низолар қонунларда белгиланган тартибда суд ёки хўжалик суди томонидан ҳал этилади.
10. Шарҳланаётган модда талабига биноан: аҳолининг даволаниши ва дав олиши, шунингдек табиий шифобахш омилларни муҳофаза қилишнинг зарур шарт-шароитини таъминлаш учун соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларда ваколатли давлат органлари томонидан санитария муҳофазаси округлари белгиланади. Ушбу округлар доирасида табиий шифобахш хоссаларни ва аҳолининг дам олиши учун қулай шароитни муҳофаза қилишга зид бўлган, юқорида санаб ўтилган фаолият турларини амалга ошириш таъқиқланади. Ва амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-моддаси ва жиноят кодексининг 204-моддасига асосан, мазкур категория ерлари билан боғлиқ муносабатлар тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Шунинг учун ҳам “Ҳуқуқ бурчсиз, бурч эса ҳуқуқсиз бўлмаслиги” талабига асосан, бундай ерлардан фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш бутун жамият аъзоларига масъулият юклайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |