70-модда. Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа
йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ер бериш
Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга фойдаланиш учун ер бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Саноат, транспорт, алоқа ва халқ хўжалиги бошқа тармоқларининг корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўзлари фойдаланмаётган ерларни туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорига биноан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга берадилар.
Шарҳланаётган моддада саноат, транспорт, алоқа, мудофаа корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ер бериш ҳамда ушбу ташкилотларнинг ўзлари эгалигида бўлган ер участкаларини вақтинча фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга бериш тартиби белгиланган. Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ҳамда бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлардан оқилона ва унумли, илмий асосланган тарзда фойдаланиш, уларни корхоналарга энг мақбул тарзда ажратиб бериш кўп жиҳатдан мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига таъсир кўрсатади. Ушбу тоифадаги ерларнинг ҳуқуқий ҳолати ер қонунчилиги билан бирга балки шаҳарсозлик қонунчилиги билан ҳам белгиланиши мумкин.
Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа корхоналарига ер участкалари фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасида белгиланган тартибда доимий эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилади (23-модда шарҳига қаранг). Бунда ер участкалари тегишли корхоналарга маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ер қонунчилигида белгиланган тартибда ажратиб берилади. Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа корхоналарининг ердан фойдаланиш ҳуқуқи Ер кодексининг 31-моддасида назарда тутилган асосларда вужудга келади. Тегишли корхоналарнинг ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи эса ушбу ҳуқуқни берувчи давлат ҳужжати билан тасдиқланади.
Саноат, коммунал, омборхона объектлари, муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар объектларини жойлаштириш мақсадида ер участкалари ажратилганда бундай ерларда санитария-муҳофаза зоналари барпо этиш кўзда тутилади.
Саноат, коммунал ва омборхона объектларининг санитария-муҳофаза зонасида уйлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, дам олиш объектлари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, боғдорчилик-узумчилик ва полизчилик ширкатлари жойлаштирилишига, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилишига йўл қўйилмайди.
Шарҳланаётган моддада назарда тутилган корхона, муассаса, ташкилотларга берилган ерларни ободонлаштириш шу ҳудудда жойлашган объектларнинг мулкдорлари томонидан амалга оширилади.
Саноат корхоналари одатда аҳоли пунктларидан ташқарида жойлашади. Шаҳарларда корхоналарга ер участкалари саноат мақсадларида берилганда бундай ерлар шаҳар ҳудудининг ишлаб чиқариш ҳудудида жойлашади. Ўзбекистонда янги саноат корхоналарига ер участкалари одатда кичик ва ўрта шаҳарлар ёки янги барпо этиладиган шаҳар аҳоли пунктлари ҳудудидан ажратилади. Йирик шаҳарларда эса янги саноат корхоналари қуриш чекланади.
Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри, вилоятларнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар, ҳудудида маданий мерос объектлари бўлган шаҳарлар, шунингдек, курорт-шаҳарлар, қўриқхона-шаҳарлар, яшаш ва фаолият кўрсатишнинг алоҳида режими белгиланган аҳоли пунктларида янги саноат корхоналари, тажриба базалари, транспорт ва омбор корхоналарининг қурилиши ва шу турдаги мавжуд корхоналарнинг янги қурилиш ҳисобидан кенгайтирилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси “Шаҳарсозлик кодекси”нинг (04.04.2002 й.) 46-моддасида муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар қуриш учун ажратиладиган ер участкалари белгиланган бўлиб, унга кўра муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари ҳаво, темир йўл, автомобиль, дарё транспорти ва қувур орқали етказиб бериш транспорти, алоқа иншоотлари ҳамда коммуникациялари ва муҳандислик ускуналари жойлаштирилиши ҳамда ишлаб туриши учун мўлжалланган бўлади.
Яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳитига транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникациялари ҳамда муҳандислик ускуналари зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш бундай объектлардан турар жой, ижтимоий-амалий ва рекреацион зоналар ҳудудигача зарур оралиқ масофа бўлиши ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шунингдек қуришнинг махсус нормативлари ва қоидаларига мувофиқ бошқа талабларга риоя этилиши орқали таъминланади.
Транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникациялари, муҳандислик ускуналари ер участкалари чегараларидаги ҳудудлар ва уларнинг санитария-муҳофаза зоналари мазкур ер участкаларининг мулкдорлари томонидан ободонлаштирилиши лозим.
Фойдаланилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига тўғридан-тўғри зарарли таъсир кўрсатадиган транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникацияларини ҳамда муҳандислик ускуналарини аҳоли пунктлари доирасида жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитасининг “Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш” шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида (2.07.01.-03., 2003йил) белгиланишича, темир йўл, автомобил ва ҳаво транспортининг вокзаллари аҳоли пунктининг маркази билан, турар жой ва саноат зоналари билан ва ташқи автомобил йўллари билан транспорт алоқаларини таъминлаб жойлаштирилади. Йирик ва ўта йирик шаҳар атрофи зоналарида транзит поездларни ўтказиш учун айланма темир йўллар кўзда тутилиб, уларда умумтармоқ аҳамиятидаги сортловчи ва юк бекатлари жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикасида бундай ерларнинг давлат рўйхати Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг вилоят, шаҳар бошқармалари, бўлимлари орқали давлат кадастрини юритиш орқали амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатда саноат, транспорт, алоқа тизими ривожлангани сари ана шу мақсадларга мўлжалланган ер участкаларини ажратиш жараёни жадал суъратлар билан ўсади. Бунда табиийки, ажратиладиган ер участкаларининг асосий қисми қишлоқ хўжалик ерларига тўғри келиши ҳисобига ер участкалари қишлоқ хўжалик оборотидан чиқиб кетади. Бу эса саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга фойдаланиш учун ер беришни энг мақбул шаклда, оқилона, илмий асосланган тарзда ташкил этишни талаб этади.
Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида саноат, транспорт, алоқа ва халқ хўжалиги бошқа тармоқлари корхона, муассаса, ташкилотларининг ўзлари фойдаланмаётган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахсларга бериш тартиби ёритилган.
Умумий қоидага биноан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлардан қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланилмайди. Аммо, зарур ҳолларда ушбу тоифа ерлар пичан ўриш, қишлоқ хўжалик экинлари экиш, мол боқиш учун вақтинча фойдаланишга саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ташкилотлари томонидан шу ер жойлашган ҳокимлик рухсати билан юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин. Бунда қишлоқ хўжалик ишларини олиб бориш муддати ер берувчи ва ер олувчи субъектлар ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бу хилдаги ердан фойдаланиш ушбу ташкилотларнинг манфаатларига зиён етказмаслиги лозим.
Транспорт мақсадларига мўлжалланган ерлардан транспорт корхоналари ходимларига фойдаланиш учун чек ерлар бериш мумкин, лекин мудофаа мақсадлари учун ажратиб берилган ер участкалари фуқароларга (шунингдек ҳарбий хизматчиларга) хизмат учун чек ерлар, томорқа кўринишидаги иккиламчи фойдаланиш учун берилиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |