1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари
Ер умум миллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
“Ер” сўзи болалик йилларимиздан ҳар биримиз учун бир қатор маъноларни англатги, унинг ҳар бирида ўзига хос айнан мазкур мазмунга тааллуқли маъноларни тушунамиз: улуғворлик ва муаззамлик, давлат қудрати (Ватан туйғуси), ҳаёт тантанаси (инсонни ҳаётий зарур нарсалар билан таъминлаши) ва оналар иссиқлиги туйғуси.
Авваламбор “Ер” сўзи ер деганда инсоният ва барча тирик мавжудотларга ҳаёт бахш этган сайёрани (фазовий жисм) тушунганимизда у улуғворлик ва муаззамлик касб этади.
Давлат қудрати ва у билан боғлиқ Ватан туйғуси Ўзбекистон Республикаси давлат ер фонди ва давлат ҳудуди чегаралари белгиланган географик харита ёки глобусга назар солганимизда намоён бўлади. Ушбу ерда туғилиб камол топган тарихий олимлар, сиёсатчилар ва давлат раҳбарларини санаб ўтганимизда биз ўз ери ва Ватани билан фахрланиш ҳамда ғурурланиш туйғуларини ҳис этамиз. Булардан ташқари “ер” сўзида табиий объект тушунчаси (ер усти тупроқ қатламининг қаъри ва давлат ер фондининг бутун ҳудуди) ҳам жо бўлган.
“Ер” сўзи барча тирик жонзотнинг ва инсон ҳаётий фаолиятининг ерда (Ўзбекистон Республикаси давлат ер фонди) мавжудлиги маъносида тушунилганида ҳаёт тантанаси мазмунини ҳам ифодалайди. Ер қишлоқ хўжалиги саноатининг асоси ҳисобланади. Деҳқонларнинг яхши ҳосилга умид қилиб ерни онага тенглаштиришлари ҳам бежиз эмас. Ерда бугунги кунда саноатнинг барча соҳалари, ҳаётнинг сиёсий, илмий, маданий, спорт жабҳалари ҳам қайнамоқда. Суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси келажак жамиятининг жисмоний ва маънавий ибтидоси шаклланмоқда.
Қадим замонлардан инсонлар ўзлари яшаб турга ерга илоҳий жонли ҳодиса сифатида муносабатда бўлганлар. Ер ҳароратининг онанинг иссиқ ҳароратига тенглаштирилганлиги ҳам бежиз эмас. Инсоннинг бутун ҳаёти давомида ўз она тупроғи ҳиди сақланиб қоладики, у ҳар қандай француз атиридан афзалроқ.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги таъкидланган.
Ушбу модда мазмунидан келиб чиқиб ерни умуммиллий бойлик, яъни Ўзбекистон Республикаси халқига тааллуқли, ҳамда ундан оқилона (самарали ва эҳтиёткорлик билан) фойдаланиш зарур дея хулоса қилиш мумкин. Бундан ташқари давлат уни муҳофаза қилишни ўз зиммасига олади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг умумий тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган қонунида ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ер кодексидан ташқари ер муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари;
Вазирлик ва давлат қўмиталари ҳужжатлари;
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари ҳисобланиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари қонунчилик ҳужжатлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик ва давлат қўмиталари ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари қонун ости ҳужжатлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг олийлиги сўзсиз тан олинади. Конституциявий қоидалар ер ва бошқа ҳуқуқ тармоқлари учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларининг устуворлиги шу билан изоҳланадики, у бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – қонунлар тизимида олий юридик кучга эга ва бутун давлат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилади.
Ўзбекистон Республикасида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида ва унинг ижросини таъминлаш учун қабул қилинади ва унга зид бўлиши мумкин эмас.
Қонун – муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган алоҳида тартибда қабул қилинадиган норматив ҳужжат. Қонун доимо нормативдир, яъни унда юридик нормалар – қўлланилиши ҳолати миқдори номуайян муддатга мўлжалланган, юриш-туришнинг умумий қоидалари мустаҳкамланган. Қонунга бошқа барча ҳуқуқий ҳужжатлар – ҳам норматив, ҳам индивидуа ҳужжатлар мос бўлиши лозим, зотан шу сабабдан ҳам улар қонуности ҳужжатлар деб номланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонуннинг имзоланиши нафақат унинг қонун қабул қилинишига розилигини, балки давлат бошлиғининг Конституция кафолати сифатида барча ҳокимият тармоқлари ва органларининг қонун талабларига сўзсиз буйсунишлари ҳамда унинг ижросини таъминланишини ҳам англатади.
Қонунчиликнинг ҳар бир тармоғи инсонлар ўртасида вужудга келувчи ва улар томонидан тегишли объектлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш борасидаги аниқ, мустақил ижтимоий муносабатлар соҳасини тартибга солади.
Умуман олганда, ер муносабатларини тартибга солишда юзлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қиладики, уларни ўз навбатида қуйидагича таснифлаш мумкин:
норматив-ҳуқуқий (Конституция, қонунлар, фармон, қарор, йўриқнома, низом ва уставлар)
норматив-техник (стандартлар, кўрсатма ва нормативлар)
Ер қонунчилиги қонунчиликнинг конституциявий, давлат, фуқаролик, маъмурий, жиноий, меҳнат, экология ва бошқа тармоқлари билан узвий боғлиқ. Бироқ шу билан бирга улар ўзига хос хусусиятга эга бўлиб бошқа тармоқ қонунчилик ҳужжатларидан мазмуни ва моҳияти билан тубдан фарқ қилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ер табиатнинг мустақил объекти сифатида атроф табиий муҳитнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва шу туфайли, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатлар экология қонунчилиги билан тартибга солинади. Боз устига ернинг қишлоқ хўжалиги саноатининг муҳим воситаси сифатидаги функцияси мулкий муносабатларни (ҳосил етиштириш, шартнома муносабатларини вужудга келтириш ва ҳ.к.) тартибга солиш бўлиб, фуқаролик, хўжалик ва қишлоқ хўжалик, молия ва бошқа қонунчилик билан умумий жиҳатларга эга.
Ер кодекси 1-моддаси 2-қисмида таъкидланганидек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Ер-ҳуқуқий муносабатлар – бу давлат ҳокимият органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ердан фойдаланиш, тақсимлаш ва муҳофаза қилиш бўйича вужудга келувчи ҳамда ер қонунчилиги меъёрлари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Ер-ҳуқуқий муносабатлар объекти – саккиз тоифадан иборат давлат ер фонди ва ер участкалари ҳисобланади. Мазкур ҳолатда ер нафақат табиат объекти ёки атроф табиий муҳит таркибий қисми сифатида, балки инсонлар учун зарур бўлган фойдали хусусиятларни ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган иқтисодий категория сифатида ҳам тушунилади.
Ер-ҳуқуқий муносабатлар субъектига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ер кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан қуйидагилар киради: Ўзбекистон Республикаси; ер-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ваколатига эга бўлган давлат органлари; давлат ва нодавлат қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, корхона ва хўжаликлари; тадбиркорлар ва жисмоний шахслар.
Давлат бошқарув органлари бир вақтнинг ўзида ер фонди бошқаруви муносабатлари субъекти, шунингдек, ер участкаларидан доимий (вақтинчалик) фойдаланиш муносабатлари субъекти бўлиши мумкин.
Юридик шахслар доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин (Ер кодекси 17-моддаси).
Жисмоний шахсларнинг ер-ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Маълумки (Конституциянинг 55-м.) ер умуммиллий бойлик ҳисобланади ва шу билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро қонунчиликда кўзда тутилган манфаатларни қаноатлантириш учун ер участкасига эга бўлишга ҳақли ҳисобланади.
Ер кодексининг 18-моддасида кўрсатилганидек, давлатимизда доимий яшайдиган ва яшаш ҳуқуқига эга бўлган чет эллик юридик ва жисмоний шахслар ер участкаси мулкдори бўлишга ҳақли. Бошқа ҳолатларда ер участкалари чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга доимий ва муддатли (вақтинча) эгалик қилишга ҳамда улардан доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланишга берилиши мумкин (Ер кодекси 20-моддаси). Жисмоний шахс тушунчаси ўз ичига фуқаролиги йўқ шахсни ҳам қамраб олишини инобатга олган ҳолда, уларни ҳам Ер кодексининг 17-модадсига мувофиқ, ер-ҳуқуқий лаёқатга эга субъектлар сирасига киритишимиз мумкин. Фуқаролар ер-ҳуқуқий лаёқатга 18 ёшга тўлганларидан сўнг эга бўладилар.
Ер-ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуққа мос ёки ҳуқуққа хилоф ҳаракатлар (ҳуқуқбузарликлар) натижасида вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши мумкин. Масалан, ер қонунчилигини мунтазам бузиш натижасида фойдаланувчи ерга бўлган ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Ер участкаси ҳуқуқбузарлик содир этилмаган тақдирда ҳам давлат ва жамият эҳтиёжлари учун зарур бўлган тақдирда олиб қўйилиши (сотиб олиниши) мумкин.
Ер-ҳуқуқий муносабатлар мазмуни ўзгариши ер участкаси қисман олиб қўйилганида, масалан, тарафларнинг ижара шартномаси шартларини ўзгартиришга келишуви, шунингдек, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг тўлиқ бекор бўлишига сабаб бўлмаган бошқа баъзи ҳолатларда юз бериши мумкин.
Шу билан бир қаторда, ер-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларнинг ўзаро мажбуриятлари даражасига қараб ҳам фарқланади. Улар тенг ҳуқуқли (шериклик муносабатлари) ёки бир тарафнинг бошқа тарафга буйсунивига асосланган муносабатлар бўлиши мумкин. Қоидага кўра, тенг ҳуқуқли муносабатлар у ёки бу хўжалик юритувчи субъект – ердан фойдаланувчи ўртасида вужудга келади. Масалан, қўшнилар чегара ҳудудлардан ўзаро келишув асосида эркин шартнома тузиш йўли билан фойдаланишини ушбу ҳолатга мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Бунда бир тарафнинг бошқа томонга унинг манфаатларини инобатга олмаган ҳолда мажбурий шартларни белгилашга ҳаққи йўқ. Ушбу муносабатлар тарафлари ердан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузишдан бир хил меъёрда сақланишлари лозим. Ҳуқуқбузарликни бартараф этиш “қўшнилараро келишмовчиликлар” эмас, ваколатли давлат органлари (ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш борасидаги махсус давлат органи, суд ёки ҳакамлик судлари) орқали ҳал этилади. Шериклик муносабатлари ижарачи ва ижарага берувчи ўртасида, шу жумладан, ичкихўжалик ижараси шартларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ўртасида ер участкасини ижарага беришда вужудга келиши мумкин, зотан ушбу муносабатлар иштирокчилари бир-бирларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, ўзаро келишувга эришишга, бошқа тарафнинг қонуний манфаатларини бузмасликка мажбурдирлар.
Буйсунувга асосланган муносабатларда эса, ердан фойдаланувчи субъектлар хулқ-атвори ўзгача характер касб этади. Ушбу муносабатларда, одатда, бир тараф бошқарув органи бўлиб, қонунга мувофиқ ердан фойдаланувчига кўрсатма беришга, ундан у ёки бу ҳаракатни бажаришни талаб этишга, унинг ҳаракатларини назорат қилишга ва ҳ.к.га ҳақли бўлади. Масалан, ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш борасидаги махсус ваколатли давлат органи мансабдор шахси ҳар қандай қишлоқ хўжалиги ташкилотидан ернинг ҳосилдорлигини бузиши мумкин бўлган ҳаракатларни тўхтатишни талаб этишга ҳақли ҳамда ердан фойдаланувчи, мулкдор, ер эгаси ушбу қонуний талабларга буйсунишга мажбур ҳисобланади.
Экологик-иқтисодий муносабатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган қишлоқ хўжалик ерлари, шу жумладан минерал ўғитларга бой тупроқнинг ҳосилдор қатламидан иборат бўлган ҳайдаладиган ерлар энг қимматли ерлардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ер муносабатларини ривожлантириш тенденцияси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни яхшилаш заруриятини талаб этади, бинобарин:
тупроқнинг шамол ва сув эрозияси, уларнинг ботқоқланиши, емирилиши, қурғоқланиши, шўрланиши кенг тарқалмоқда;
аста-секин қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқаётган бузилган ва рекултивацияланмаган ерларнинг сони кўпаймоқда;
қишлоқ хўжалигида ерларнинг пестицид, саноат ишлаб чиқаришининг зарарли унсурлари билан ифлосланиши ҳолатлари, ерларнинг бузилиши ҳолатлари ошмоқда, бу эса уларнинг бошқа ер тоифасига ўтказишни ёки қайта тиклашни талаб этмоқда;
ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш борасидаги ер қонунчилиги талабларини бузиш жараёни бормоқда ва чуқурлашмоқда.
Ер қонунчилигини такомиллаштириш ва қўллаш бўйича барча тадбирлар амалда бу каби салбий жараёнларни бартараф этиш ва олдини олишга қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида ерларни муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари орасида асосий ўрин Ер кодексига тегишли бўлиб, унинг 11 боби бевосита ерлар муҳофазасига бағишланган.
Ер кодексининг 79-моддасида таъкидланишича, ерларни муҳофаза қилиш улардан белгиланган мақсадда, оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини, ўрмон фонди ерларининг самарадорлигини тиклаш ва ошириш, қишлоқ хўжалик оборотидан ва алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудларнинг ерлари таркибидан ерларнинг асоссиз равишда олиб қўйилиши олдини олиш, уларни зарарли антропоген таъсирдан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий, технологик ва бошқа тадбирлар тизимини қамраб олади.
Ерларни муҳофаза қилиш ерларга мураккаб табиий ҳосилалар (экотизимлар) тариқасида, уларнинг зона ва минтақа хусусиятларини эътиборга олган ҳолда атрофлича ёндашиш асосида амалга оширилади.
Ерлардан оқилона фойдаланиш тизими табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш тарзида бўлиши ҳамда тупроқнинг сақланишини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, геология жинсларига ва атроф муҳитнинг бошқа таркибий қисмларига таъсир ўтказишни чеклашни назарда тутиши керак.
Ер қонунчилиги талаблари бузилган тақдирда ер-ҳуқуқий муносабатлар бекор бўлиши (тўхтатилиши) мумкин.
Ер-ҳуқуқий муносабатларнинг бекор бўлиши (тўхтатилиши) асосларини субъектларнинг қонуний ва ноқонуний ҳаракатлари асосида иккига ажратишимиз мумкин. Агар биринчи ҳолатда ер-ҳуқуқий муносабатларнинг бекор бўлиши (тўхтатилиши) субъектнинг қонунчилик талабларини бузмаган ҳолатда юзага келса, иккинчи ҳолат – ер қонунчилиги талаблари бузилган тақдирда вужудга келади.
Ер қонунчилигига зид бўлмаган асосларга қуйидагилар киради: ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда, юридик шахс тугатилганда, ерларни ижарага олиш шартномаси бекор қилинганда ёки бекор бўлганда, хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, ер давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда. Яъни, ушбу ҳолатлар қонун билан таъқиқланмаган бўлиб, ер ҳуқуқи субъектларининг ўз мажбуриятларининг бажармаслигининг оқибати бўлмайди.
Субъектларнинг ўз мажбуриятини бажармаслиги ҳам ер-ҳуқуқий муносабатларнинг бекор бўлишига сабаб бўлади. Бундай асослар сирасига қуйидагилар киради: ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда, ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида.
Ер қонунчилиги ижроси устидан давлат назорати механизмида прокуратура органлари муҳим бўғин ҳисобланади.
Улар бу соҳадаги махсус ваколатли давлат органлари билан биргаликда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида экологик тартибни таъминловчи давлат органи саналади.
Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тўғрисидаги қонунга мувофиқ, прокуратура органлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари, давлат бошқарув ва экологик назорат органлари, юридик шахслар, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар томонидан табиатни муҳофаза қилувчи қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширади; улар томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва айбдорни жавобгарликка тортиш бўйича қўлланилган чораларнинг қонуний ва тўлиқлигини, шунингдек, фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга бўлган конституциявий ҳуқуқларининг муҳофаза қилинишини, унинг ҳолати ва унга етказилган зарар хусусидаги маълумотларнинг ишончлилигини, ҳамда экологик ҳуқуқбузарликлар туфайли фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарнинг қопланишининг текширади.
Бунда прокуратура бошқа табиатни муҳофаза қилувчи орган эга бўлмаган, ягона прокуратура органларининг марказлашган тизимидан иборатлиги, маҳаллий органлардан мустақиллиги каби жиҳатлари билан устун туради. Шу мақсадда прокуратура органлари тизимида экология соҳасидаги қонунийликни таъминлаш учун ихтисослашган табиатни муҳофаза қилувчи прокуратура органлари ташкил этилган.
Буларнинг барчаси прокуратура бу соҳадаги тегишли назорат қилувчи табиатни муҳофаза қилувчи органларнинг ўрнини эгаллайди дегани эмас. Прокуратуранинг асосий эътибори ва ҳаракатлари, авваламбор, назорат органларининг ваколати амал қилмайдиган, нисбатан жиддий, инсонлар саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдирувчи ва аҳолининг катта қисми манфаатларига дахлдор ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳолатларга қаратилган бўлади.
Шу билан боғлиқ ҳолда прокуратуранинг дастлабки вазифаси унинг фаолиятининг самарадорлигини, экологик назорат органлари томонидан ўз ваколатларини ўз вақтида, тўла ва қонуний қўллашларини ва улардан текширувлар ўтказишни талаб этиш ҳисобидан янада ошириш ҳисобланади.
Прокуратура органлари вазифасига шунингдек, ер қонунчилиги талабларини тушунтиришни ҳам киритишимиз зарур. Прокуратуранинг бутун фаолияти ошкоралик принципига асосланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |