8-БОБ. САНОАТ, ТРАНСПОРТ, АЛОҚА, МУДОФАА
ВА БОШҚА МАҚСАДЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЕРЛАР
69-модда. Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа
ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларнинг таркиби
Саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига саноат корхоналарига, шу жумладан кон саноати, энергетика корхоналарига ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар қуриш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.
Транспорт мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига темир йўл, ички сув транспорти, автомобиль, ҳаво ва трубопровод транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига транспорт иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларидан фойдаланиш, сақлаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш соҳасида улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.
Алоқа мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига алоқа линияларини ҳамда уларга тегишли иншоотларни жойлаштириш учун алоқа, радиоэшиттириш, телевидение ва ахборот корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.
Транспорт мақсадларига мўлжалланган ерларга, кабель, радиореле ва алоқа ҳаво линиялари ва электр узатиш линиялари ўтган ерларга туташ ерларда қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда муҳофаза зоналари ўрнатилади.
Қуролли Кучлар, чегара, ички ишлар ва темир йўл қўшинларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг жойлашуви ҳамда доимий фаолияти учун берилган ерлар мудофаа эҳтиёжлари учун мўлжалланган ерлар деб эътироф этилади.
Бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар жумласига корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фойдаланиб келаётган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, аҳоли пунктларининг ерлари, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, шунингдек ўрмон ва сув фондлари ерлари таркибига кирмай қолган барча ерлар киради.
Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ушбу моддада саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ерларининг таркиби ва фойдаланиш тартиби белгилаб берилган. Шарҳланаётган модданинг биринчи бандида саноат ерларининг фойдаланиш мақсади ва таркиби кўрсатилган.
Саноат ерлари мамлакатимиз ер фонди тизимида транспорт, алоқа, мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар билан биргаликда алоҳида мустақил тоифани ташкил этиб, унга саноат корхоналарига, шу жумладан кон саноати, энергетика корхоналарига ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар қуриш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради. Демак, саноат ерлари саноат корхоналарининг улар зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун берилган ер майдонларидан иборат бўлади.
Саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар республикамиз қонунчилигига кўра давлат мулки ҳисобланади. Шунинг учун саноат ерлари давлатнинг ерга нисбатан мулк ҳуқуқини амалга оширувчи тегишли маҳаллий ҳокимият органлари томонидан саноат корхоналарига доимий эгалик ҳуқуқи асосида берилади. Демак, ер қонунчилигининг ердан доимий эгалик ҳуқуқи асосида фойдаланишга тааллуқли бўлган барча қоидалари саноат мақсадларига мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда асос ролини ўйнайди.
Саноат ерлари асосан шаҳар ва шаҳар типидаги посёлкалардан ташқарида саноат корхоналарини жойлаштириш ва ишлатиш учун ажратиб берилади. Бундан ташқари, саноат ерлари шаҳар, посёлка, қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари таркибида ҳам жойлашган бўлиши мумкин. Бундай ерлар аҳоли пункти ерлари тоифасига кириб, уларнинг ҳуқуқий ҳолати шу тоифа ерлар ҳуқуқий ҳолатига мувофиқ равишда белгиланади. Ер кодексининг 67-моддасида шаҳарлар ва посёлкалардаги саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ҳамда бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий ҳолати белгиланган бўлиб, шаҳарлардаги ушбу тоифа ерлардан шаҳарсозлик нормаларига биноан ҳам фойдаланилади. Ўзбекистон Республикаси “Шаҳарсозлик кодекси”нинг (04.04.2002 й.) 45-моддасида ишлаб чиқариш зоналари тушунчаси келтирилган. Унга кўра, ишлаб чиқариш зоналарида уларнинг иш олиб боришини таъминлайдиган саноат, коммунал, омборхона объектлари, муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар объектлари жойлаштирилади, шунингдек бундай объектларнинг санитария-муҳофаза зоналари барпо этилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитасининг “Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш” шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида (2.07.01.-03., 2003йил) белгиланишича шаҳарлардаги саноат мақсадларида фойдаланиладиган ерлар шаҳар ҳудудининг ишлаб чиқариш ҳудудида жойлашади. Ўзбекистонда янги саноат корхоналарини барпо этиш саноат ва турар жой қурилишини жойлаштириш учун қулай шароитли кичик ва ўрта шаҳарларда ёки янги барпо этиладиган шаҳар аҳоли пунктларида кўзда тутилади. Йирик шаҳарларда одатда янги саноат корхоналари қуриш чекланишига қарамай, шаҳар ҳудудидаги мавжуд саноат зоналарини қайта қуришда чиқиндисиз мажмуаларни қуришга йўл қўйилади.
Саноат ерлари саноат корхоналарининг эгалигида бўлиб, тегишли вазирлик ва давлат қўмиталари томонидан бошқарилади. Саноат ерлари қоидага кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан берилади. Агар бунинг имконияти бўлмаса қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сифати ёмон ерлардан ажратиб берилади. Саноат корхоналарини жойлаштириш ҳамда фаолиятини юритиш учун хизмат қиладиган ер майдонларининг миқдори ер қонунчилигида белгиланмаган. Унинг миқдори саноат корхонасини қуриш лойиҳасида тасдиқланган режага биноан аниқланади. Саноат корхоналарига берилган ер участкалари саноат иншоотларини жойлаштириш ишлаб чиқаришни ташкил этиш талаблари асосида фойдаланилади. Бундай ерлардан қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ер кодексининг 69-моддасининг иккинчи банди транспорт ерларининг тушунчаси, таркиби ва фойдаланиш тартибига бағишланган. Унга кўра, транспорт мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига темир йўл, ички сув транспорти, автомобиль, ҳаво ва трубопровод транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига транспорт иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларидан фойдаланиш, сақлаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш соҳасида улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.
Транспорт ерларининг асосий қисмини транспортнинг нормал фаолиятини таъминлаш зарурияти учун ажратилган ер участкалари ташкил этади. Бундан ташқари, транспорт ерларининг таркибига транспорт ерларининг ўзи, юк ташиш, пассажирлар ташиш ва бошқа хизмат учун ажратилган ерлар киради. Транспорт учун ажратилган ер участкаларининг кўп қисми транспортнинг хўжалик эҳтиёжлари учун хизмат қилади (масалан, автомобиль йўллари ва темир йўллари ва темир йўлларини ётқизиш учун кетадиган материалларни сақлаш эҳтиёжларига мўлжалланган ер участкалари, йўлларни ремонт қилиш зарурати учун тупроқ ва тош олинадиган ер участкалари). Шунингдек, темир йўл транспорти ерларига темир йўлни идора этувчи органлари бошқарадиган ерлар, темир йўл транспорти хизмати учун алоҳида мўлжалланган ерлар ҳам киради. Темир йўл транспортида темир йўл излари ўрнатилган ерлардан бошқа унинг томонларида муҳофаза қилувчи пояслар ҳам қолдирилади. Темир йўл полосларига қуйидагилар киради: йўл бинолари, алоқа қурилмалари станциялари (бутун қурилмалари билан), ҳимояланиш ниҳоллари.
Ўзбекистон Республикаси “Шаҳарсозлик кодекси”нинг (04.04.2002 й.) 46-моддасида муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари тушунчаси келтирилган. Унга кўра, муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари ҳаво, темир йўл, автомобиль, дарё транспорти ва қувур орқали етказиб бериш транспорти, алоқа иншоотлари ҳамда коммуникациялари ва муҳандислик ускуналари жойлаштирилиши ҳамда ишлаб туриши учун мўлжалланган бўлади.
Автомобиль транспорти ерларига тегишли органларга берилган ва уларнинг назоратига топширилган полослар ва шу ерларга қўшиладиган участкалар, автомобиль транспорти хизматига алоҳида аҳамиятга эга бўлган ерлар киради. Автомобиль транспорти ерларига тегишли органларига берилган ва уларнинг назоратига топширилган полослар ва шу ерларга қўшилган участкалар, автомобил транспорти хизматига алоҳида аҳамиятга эга бўлган ерлар киради.
Автомобиль йўлларининг кенглиги йўл категориясига қараб белгиланади. Ўзбекистонда ўрнатилган қоидага биноан автомобиль йўлларининг категориясига қараб қуйидагича максимал йўл кенглиги белгиланган: I - категория - 39 метр; II - категория - 28 метр; III - категория - 22 метр; IV - категория - 19 метр; V - категория - 18 метр.
Шу билан бирга автомобиль йўллари ёқаларида йўл хизмати учун доимий бинолар қуришга ва автомобиль транспорти пассажирларига хизмат кўрсатиш учун ҳар хил бинолар ва қурилмаларни қуришга рухсат этилади.
Автомобиль йўллари ва уларга ажратилган полосларда мол ҳайдаш, мол боқиш, сиҳатгоҳлар, палаткалар қуриш, олов ёқиш, кўприкка 200 метр яқинда олов ёқиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитасининг ҚМҚ 205.02-95 “Автомобил йўллари” талабларида бундай ерлардан фойдаланиш тартиби белгиланган.
Трубопровод ерларига шу соҳа билан шуғулланувчи вазирлик назоратига берилган магистрал трубопроводлар (нефть магистраллари, трубопровод магистраллари) ва шу соҳага алоқадор бўлган ер участкалари киради.
Магистраль трубопровод трассалари қуриш ва эксплуатация қилиш учун белгиланган кенгликка ер участкалари ва полослар берилади. Унинг кенглик ҳажми трасса характерига қараб ёки қурилиш ёки эксплуатация қилиш даврига қараб белгиланади. Магистраль трубопровод трассалари учун қўшимча ер участкалари уларнинг доимий муҳофазасини таъминлаш учун берилади.
Ер қонунчилиги нормаларига биноан денгиз транспорти ерларини денгиз транспорти хизмати эҳтиёжлари учун шу соҳани идора этувчи орган ихтиёрига берилган ҳудудлар: денгиз портлари, маяклар ва бошқа махсус қурилмалар ташкил этади. Дарё транспорти ерларига дарё транспорти соҳасини идора этувчи органлар томонидан бошқариладиган дарё транспорти эҳтиёжларига хизмат қиладиган дарё портлари, пристанлар ва бошқа қурилмалар киради.
Ҳаво транспорти ерларига Ҳаво йўллари органлари назоратига берилган, ҳаво транспорти эҳтиёжлари учун хизмат қиладиган махсус қурилмалар билан банд бўлган ер участкалари, аэропорт ва аэродром ҳудудлари киради. Ҳаво кодексида кўрсатилишича махсус қурилган, яъни самолёт учиши ва кўниши, тўхтаб туриши ва ҳаво кемалари хизмати учун ажратилган ер участкалари аэродром ҳисобланади. Аэропорт ҳудудига эса аввало аэродром, шунингдек вокзал, ҳар хил бинолар қуриш учун зарур бўлган ер участкалари киради. Бундан ташқари, аэромаяклар, вишкалар ва махсус бошқа қурилмалар билан банд бўлган ерлар ҳам аэропорт ва аэродром ҳудудига жойлаштирилиб, улар ҳам транспорт ерлари ҳисобланади.
Аэродромлар Архитектура ва қурилиш қўмитасининг ҚМҚ 2.05.08-97 “Аэродромлар”га мувофиқ қурилади.
Шарҳланаётган модданинг учинчи бандида алоқа ерларининг таркиби ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланган. Унга кўра, алоқа ерлари деганда алоқа линияларини ҳамда уларга тегишли иншоотларни жойлаштириш учун алоқа, радиоэшиттириш, телевидение ва ахборот корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган ерлар тушунилади.
Алоқа ва элекр узатиш линиялари ерлари таянч макони сифатида фойдаланилади. Улар ҳаво линиялари, ер ости кабель линиялари, зарур хизмат бинолари ва қурилмалари (подстанциялар, тақсимловчи қурилмалар, кабель будкалари ва шунга ўхшашлар) таянчи сифатида ажратилган ер участкалари қисмлари бўлиб, ички тузилишга эга бўлади. Алоқа линиялари, электр узатувчи, ҳаво ва кабель линиялари учун ер полосалари, вақтинчалик қурилмалар, қурилиш монтаж механизмларини жойлаштириш, қурилма ва материалларни ташиш ва сақлаш учун ер участкалари қурилиш даврида қисқа муддатли фойдаланиш учун зарур бўлади. Шу турдаги ердан фойдаланишга нисбатан Ер қонунчилигида белгиланган (Ер кодекси 30-моддаси) ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи кенг қўлланилади. Алоқа ва электр узатиш линиялари атрофида уларни сақланиши учун, шунингдек хавфсизлиги мақсадида муҳофаза зоналари ўрнатилади. Бу ерлар илгариги ердан фойдаланувчилар ихтиёрида қолади, аммо ерга нисбатан уларнинг ҳуқуқлари маълум даражада чегараланган бўлади. Муҳофаза зоналари ердан махсус шартлар билан фойдаланишнинг бир турини ташкил этади.
Алоқа линияларини муҳофаза қилиш қоидалари, юқори вольтли электр узатиш тармоқларини муҳофаза қилиш қоидалари, 1000 вольтгача кучланишдаги электр узатиш тармоқларини муҳофаза қилиш қоидалари билан белгиланади.
Алоқа ва электр узатиш корхоналарига муддатсиз ёки вақтинчалик фойдаланиш учун ер участкалари ажратиш, турли хил муҳофаза зоналарини белгилаш, шу хилдаги ердан фойдаланиш турлари муносабати билан вужудга келадиган ўрмон, ер ости бойликлари, сувларни муҳофаза қилиш манфаатларини ҳисобга олиш зарурияти кўрсатилган мақсад учун ер бериш тартиби ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқи мазмунини аниқ ҳуқуқий тартибга солишни талаб этади.
Алоқа ва электр узатиш линиялари амалда барча ер тоифаларидан ўтишини ҳисобга олганда кўпчилик ердан фойдаланувчилардан айрим ер участкаларини олиб қўйишга тўғри келади. Бундай ер участкалари қимматбаҳо қишлоқ хўжалик майдонлари, сувни муҳофаза қилиш зонаси ерлари, ўрмон фонди ерлари, сув фонди ерлари ҳам бўлиши мумкин. Бу эса шу хилдаги ердан фойдаланувчиларга маълум ноқулайликлар тўғдириши табиий. Шу сабабдан алоқа мақсадларида ер бериш жараёнида ер ҳуқуқининг асосий тамойилларига, яъни қишлоқ хўжалик ерларидан фойдаланишнинг устиворлиги, ерни муҳофаза қилиш, табиатни ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига эътибор қаратиш муҳимдир.
Алоқа ва электр узатиш линиялари учун ердан фойдаланишда ер участкалари миқдорини белгилашда турли хил вариантлар қўлланилади. Бунда ер ажратишнинг белгиланган наъмунавий нормалари тасдиқланади. Маълум ер бўлаклари қисқа муддатли фойдаланишга қурилиш даврида берилади.
Алоқа ва электр узатиш линияларини жойлаштириш учун суғориладиган ерлар, шудгорлар, кўп йиллик мевали дарахтлар эгаллаган ерлар ҳамда узумзорлар, шунингдек сувни муҳофаза қилишга банд бўлган ерларни олиб қўйишга қонунда белгиланган тартибда алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилади. Ҳаво линияларини жойлаштиришда аэродромлар, зич қурилган аҳоли пунктлари, саноат корхоналари, курортларни муҳофаза қилиш санитария зоналари, заповедниклар албатта айланиб ўтилиши шарт.
1000 вольтгача кучланишдаги электр узатиш линияларини муҳофаза қилиш қоидаларига кўра муҳофаза зоналари қуйидагича белгиланади:
1. Электр узатишнинг ер усти (ҳаво) линиялари бўйлаб (биноларга киритиш нуқтасидаги шаҳобчалар бундан мустасно) энг четдаги оғишмаган ҳолатдаги симларнинг ер юзасига тушган проекциясидан (соясидан) ҳар икки томондан 2 метрдан масофа қолдириб, тортилган параллель тўғри чизиқлар билан чегараланган ер участкасини қолдириш;
2. Электр узатишнинг ер ости кабели линиялари бўйлаб, энг четдаги кабеллардан ҳар икки тарафдан бир метрдан масофа қолдириб, тортилган параллель тўғри чизиқлар билан чегараланган ер участкаси қолдириш; кабеллар шаҳарларда йўлак (тротуар)лар тагидан ўтказилган ҳолларда эса бинолар ва иншоотлар тарафидан 60 сантиметр ва йўлнинг қатнов қисми тарафидан эса 1 метр масофа қолдириб, тортилган параллель тўғри чизиқлар билан чегараланган ер участкаси қолдириш;
3. Электр узатишнинг сув ости кабель линиялари бўйлаб, ҳар бир кабельнинг уч тарафидан 100 метрдан масофа қолдирилган ҳолда сув юзасидан сув тубигача бўлган масофадаги ер (сув) участкаси қолдириш.
Алоқа ва электр узатиш линиялари қуриб бўлингандан сўнг тегишли ташкилотлар ер майдонларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш учун яроқли ҳолга келтириши, етказилган зарарни қоплашлари керак. Ер участкаси тегишли бўлган қишлоқ хўжалик, кооператив, давлат корхоналари алоқа ва электр линияларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари, уларга зиён етказмасликлари, ҳимоя қилишлари шарт бўлади.
Таҳлил қилинаётган модданинг бешинчи бандида мудофаа эҳтиёжлари учун мўлжалланган ерларнинг таркиби, ундан фойдаланиш тартиби ва мақсадлари кўрсатилган.
Унда кўрсатилишича, қуролли кучлар, чегара, ички ишлар ва темир йўл қўшинларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг жойлашуви ҳамда доимий фаолияти учун берилган ерлар мудофаа эҳтиёжлари учун мўлжалланган ерлар деб эътироф этилади. Демак мудофаа ерларига давлатимиз қуролли кучлари фаолиятини амалга ошириш, давлат чегараларини ҳимоя қилиш, мудофаа объектларини жойлаштириш, полигонлар, ўқ отар жойлари, ҳарбий шаҳарчалар, омборхона ва шунга ўхшашларни қуриш учун ажратиб берилган ер участкалари таалуқли бўлади.
Мудофаа эҳтиёжлари учун берилган ерлар асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги ихтиёрида бўлади. Бу тоифа ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг субъектлари бўлиб, мамлакатимиз чегара, ички ишлар ва темир йўл қўшинларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳисобланадилар.
Мудофаа эҳтиёжлари учун ер ажратиб беришни сўраб мурожаат этиш ҳуқуқига Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округ қўмондонлиги, уларнинг мансабдор шахслари эгадирлар. Мудофаа эҳтиёжлари учун мўлжалланган ерларни ҳисоби шу ер участкаси ихтиёрида бўлган вазирлик ёки давлат қўмитаси томонидан олиб борилади. Ҳарбий қисмларнинг ердан фойдаланиши давлат рўйхатидан ўтказилганда фақат ер участкаларининг миқдори ва ташқи чегаралари кўрсатилади, ички ер тузилиши эса очиб берилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг (04.04.2002 й.) 50-моддасида ҳарбий объектлар ва режимли бошқа ҳудудлар зоналари алоҳида режим жорий этиладиган объектларни жойлаштириш учун мўлжалланган ҳудудлардир.
Мудофаа эҳтиёжлари учун берилган ерлар ҳарбий қисмлар томонидан фақат белгиланган мақсадда, ажратиб бериш ҳужжатида ўрнатилган тартибда фойдаланишлиги лозим, ердан фойдаланишнинг аниқ белгиланган мақсадини ўзгартириш мумкин эмас.
Мудофаа ерларига нисбатан ёпиқ зоналар ўрнатилиши, яъни бу ерларга бегоналарнинг кириши умуман ман қилиниши мумкин. Ушбу тартиб тегишли ҳарбий қўмандонлик томонидан белгиланади ва ҳамма учун бажарилиши мажбурий бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |